11 Декабр 2025 йил 66

Ваъдалар унутилди, пуллар ишлатиб юборилди

Орамизда уяли телефонлар ишқибозлари жуда кўп. Ҳар гал янги русуми чиққанида нархи қанча бўлишидан қатъий назар уни сотиб олишади. Ҳатто бунинг учун хорижга бориб келишдан ҳам эринмайди. Санжар ана шундай уяли телефон ишқибозлари ортидан мўмай даромад ишлаб олишни ният қилиб, кўпдан буён олди-берди қилиб, ишончли мижозга айланган телефонлар савдоси билан шуғулланиб келаётган таниши Бобурнинг дўконига кириб келди. Телефонлар сотувидан ўзи ҳам улуш олиб манфаатдор бўлган Бобур бу гал ҳам шубҳа-гумонга бормай унга сўраган молларини муҳайё қилди. Санжар 2024 йилнинг 14 май куни унинг дўконидан 36.725 АҚШ долларилик 30 дона “iPhone 15 Pro Max” телефон аппаратларини муддатли тўлов асносида олиб кетди. Ваъдаси бўйича бир ой ичида пулларни келтириб бериши керак бўлган Санжар танишига берган ваъдаси, ишончини суиистеъмол қилаётганидан заррача пушаймон бўлмай, сотувдан тушган пулларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Улуши у ёқда турсин ҳатто телефонларнинг ўз нархидаги пулларини ҳам ололмаган Бобур Шайхонтоҳур тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига арзиза билан мурожаат қилишга мажбур бўлади. Тергов жараёнида Сажарнинг жиноий қилмишини исботлаш учун етарлича далиллар тўпланди ва жиноят иши қонуний баҳо бериш учун судга тақдим этилди.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1995 йилда туғилган, маълумоти ўрта, икки нафар фарзанднинг отаси бўлмиш М.Санжарнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг168-моддаси 4 қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Суд айбланувчининг пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57 прим.2-моддаси тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 11.250.000 сўм жарима жазоси тайинлади.
Мазкур жиноят иши Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Миршоид Миробидовнинг иш юритувидан олинди.

Барча янгиликлар

Text to speech