12 Декабр 2025 йил 112

Пайшанба тадбирлари кундалигидан

Ҳафтанинг ҳар пайшанба куни пойтахтимиз ҳудудида кенг қамровли профилактик тадбирларнинг ўтказиб келинаётганлиги жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Ҳар доимгидек, навбатдаги “Профилактика куни” да ўтказилган тонгги йўриқномада кун давомида амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар тақсимланиб, уларнинг самарали ижросини таъминлаш борасида зарур кўрсатмалар берилди. Жумладан, “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Президентимиз томонидан қабул қилинган аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик иллатларидан асраш, пойтахт ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш бўйича Фармонда берилган топшириқларни маҳаллабай ижро этиш ишларини жадаллаштириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги муносабати билан авф этилганлар, пробация рўйхатида ва профилактик ҳисобда турувчи шахслар ўртасида якка тартибда профилактик суҳбатлар ўтказиш, улар томонидан қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш, жамиятга мослашуви, бандлигини таъминлаш каби муҳим масалалар ҳам таъкидлаб ўтилди.

Тошкентда экологик вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ташкил этилган ишчи гуруҳлар соҳа вакиллари ҳамкорлигида пойтахт ҳавосини мўътадиллаштириш, атмосферани ифлослантираётган айрим корхона ва ташкилотлар, иссиқхоналар фаолиятига ўрганиш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш йўналишида бир қатор ишлар амалга оширилди. Мутасаддилар пойтахтимиз ҳудудида олиб борилаётган қурилиш объектларида бўлиб, ҳавога чанг-тўзон кўтарилиши, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи омиллардан фойдаланмаслик, атмосфера ҳавоси тозалигини сақлаш юзасидан зарурий тавсиялар беришди.
Президентимиз фармонига кўра авф этилганлар, пробация ҳамда профилактик рўйхатда турувчи шахсларнинг хонадонларидаги шарт-шароитларини ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўтказилаётган якка тартибдаги профилактик суҳбатларда уларнинг бандлигини таъминлаш, жамиятга мослаштириш билан боғлиқ масалалар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Пробация бўлимлари ҳамда профилактик ҳисобда турувчи шахслар иштирокида учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини қонуний ҳал қилиш, қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу ишлар давом эттирилиб жойларда ташкил этилган сайёр судлар томонидан Пробация бўлими ходимларининг тақдимномаларига асосан, тузалиш йўлига кирган, намунали хулқи ва соғлом турмуш тарзини танлаган маҳкумларни муддатидан илгари жазодан озод қилиш чоралари кўрилди. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузган маҳкумларга эса судлар томонидан жазо турлари оғирроғига ўзгартирилди. Бу долзарб тадбирлар қаторида гиёҳвандлик воситалари, психотроп, ўткир таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши, истеъмолига қарши кураш, айниқса ёшларимизни бу балодан асрашга қаратилган ишлар маҳаллалар, идора ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида кенг тарғибот қилинмоқда. Шунингдек, туманлар ИИО ФМБ ва маҳалла масъуллари иштирокида низоли оилалардаги муносабатлар, фойдали меҳнат билан банд бўлмаган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Жойларда содир этилган оилавий зўравонлик, кибержиноятлар, қонунбузилиш ҳолатлари жамоатчилик вакиллари, “маҳалла еттилиги” ва фаоллари иштирокида муҳокама этилди. Пойтахт ҳудудидаги таълим муассасаларида ўтказилган тарғиботларда асосий эътибор ёшларнинг ҳуқуқий маданияти, саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларнинг, профилактик тадбирларнинг аҳамияти, маҳаллаларда, пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдаги муҳим ўрни таъкидланмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech