13 Декабр 2025 йил 180

Ҳудудий тузилмалар раҳбарларининг шахсий қабуллари

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий тузилмалари раҳбарлари томонидан аҳоли мурожаатларини ўрганиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирлар фуқаролар ҳаётида муҳим ижобий ўзгаришларга замин яратиб, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 27 ноябридан “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” шиори остида ўтказилаётган “Мурожаатлар ойлиги” доирасида масъул раҳбарлар томонидан шахсий қабуллар мунтазам ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида бюрократик тўсиқлар ва сансалорлик ҳолатларига барҳам бериш, аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйишга қаратилган.


Туманлар ИИО ФМБ бошлиқлари томонидан ўтказиб келинаётган шахсий қабуллар давомида фуқароларни узоқ вақтдан бери ташвишга солиб келаётган, ўз ечимини топмаган кўплаб муаммолар қонуний тартибда ҳал этилмоқда. Бу эса ҳуқуқий фуқаролик жамиятини барпо этиш, аҳолининг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мисол учун, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ бошлиғи Сарвар Жўравнинг қабулига келган 1998 йилда туғилган Динара Н., ижарада яшаган хонадон эгаси уни уйдан чиқариб юборганлигини, бироқ буюмларини бермаганлигини маълум қилган. Унинг мурожаати шу жойнинг ўзида ҳал этилди ва буюмларини қайтариб олишида амалий ёрдам кўрсатилди.


Сергели тумани Меҳригиё маҳалласида истиқомат қилувчи бир нечта фуқаролар туман ИИО ФМБ бошлиғи Баходир Анваровга мурожаат қилиб, маҳаллада жойлашган кўп қаватли уй олдиларини асфальт қилишда амалий ёрдам сўраган. Уларнинг мурожаатлари асосида кўрсатилган ҳудудга асфальт қопламаси ётқизилди.
Бектемир тумани ИИО ФМБ раҳбариятига мурожаат қилган фуқаро Ҳаётхон У. унинг 102 рақамига қилган мурожаати ИИО ходимлари томонилан кўриб чиқилгани, лекин натижасидан норози эканлигини билдирди. Ҳолат ўрганилганда фуқаровий ҳуқуқий муносабатларни ташкил этганлиги аниқланди ва ушбу фуқарога фуққаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши лозимлиги тушунтирилиб, зарурий ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.


Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи Искандар Рашидовга мурожаат қилган 1962 йилда туғилган Карим К. профилактик ҳисобда туришлигини, ҳозирда туман Ободонлаштириш бўлимида ишлашлигини, 2 нафар фарзанди ва 5 нафар набираси борлигини, тузалиш йўлига ўтганлигини маълум қилиб, профилактик ҳисобдан чиқаришни сўраган. Ушбу фуқаронинг ҳужжатлари, иш ва яшаш жойидан тавсиялар, оилави ҳолати ўрганилди ҳамда унинг мурожаати ижобий ҳал этилиб, профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Мирзо Улуғбек туманида истиқомат қилувчи 1972 йилда туғилган Анатолий П. Туман ИИО ФМБ бошлиғи И.Рашидовга мурожаат қилиб, автотураргоҳда ишлашлигини, бироқ ойлик маошини ўз вақтида ололмаётганлигини билдириб, шу масалада ёрдам беришни сўраган. Унинг мурожаати шу жойнинг ўзида мутасаддилар томонидан ўрганилиб, ойлик маошини олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ушбу фуқаронинг фарзанди ишсизлиги маълум бўлиб, ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.


Бу каби қабуллар жараёнида фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар, тавсия ва йўл-йўриқлар берилиб, масалалар қонун доирасида ҳал этилаётгани жамоатчилик ўртасидаги турли тушунмовчиликлар ҳамда ички ишлар органлари фаолиятига нисбатан салбий қарашларни бартараф этишга хизмат қилмоқда.


Ҳудудий тузилмалар раҳбарлари томонидан бундай шахсий қабуллар ҳафта давомида режали ва тизимли равишда ўтказиб келинмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech