Мирзо Улуғбек туманида пробация ҳисобида турувчи шахслар билан учрашув бўлиб ўтди
Сўнгги йилларда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг турли йўллар, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарқалиб бораётгани барчани хавотирга солмоқда. Бу иллат айниқса ёшларимизни ўз комига тортаётгани ачинарли ва фожиали ҳолдир. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 3 ноябрида имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони аҳолини, айниқса ёшларимиз саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилгани бежизга эмас. Фармон ижросини таъминлаш, унинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламларига етказиш, гиёҳвандлик иллатининг мудҳиш оқибатларини англатиш, мазкур иллатдан ҳимоялаш мақсадида пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмалари раҳбарлари, соҳавий хизмат масъуллари томонидан жойларда турли профилактик учрашувлар, очиқ мулоқот шаклидаги давра суҳбатлари, тушунтириш-огоҳлантириш тадбирлари амалга оширилмоқда. “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида шундай тадбирларнинг навбатдагиси Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Искандар Рашидов ҳамда соҳавий хизматлар вакиллари иштирокида ўтказилди. Мазкур тадбирда туман ИИО ФМБ Пробация бўлими назоратида ҳамда профилактик рўйхатда турувчи шахслар иштирок этишди. Йиғилганларга юқоридаги Фармоннинг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилиши оқибатида инсон руҳияти, саломатлигига етказилаётган зарар, оилаларнинг таназзули, уларнинг ортидан содир этилаётган оғир жиноятлар бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, нафақат оилалар, балки жамиятимиз равнақи, ривожланишига солаётган жиддий хавфига тўхталиб ўтилди. Шу билан бир қаторда гиёҳвандлик воситалари, психофаол дори воситаларининг ноқонуний айланмаси, истеъмолига қарши кураш бўйича қатъий жиноий-ҳуқуқий механизмлари, жазо чораларига урғу берилди. Маърузалар якунида иштирокчиларнинг мавзу бўйича фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди. Улар томонидан берилган саволлар мавзунинг долзарб ва фойдали эканлигини англатиб, бу борадаги ишлар суръатини янада жадаллаштириш лозимлигини кўрсатди.