Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар ички ишлар органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган меъёрий ҳужжатга асосан, жорий йилнинг 27 ноябридан “Ҳар бир мурожаатга – адолатли ечим” шиори остида “Мурожаатлар ойлиги” ўтказиб келинмоқда. Ойлик доирасида куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи полковник Равшан Султанходжаев томонидан шаҳар аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш мақсадида навбатдаги шахсий қабули ўтказилди. Унда 55 нафар жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари тингланиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Ўрганишлар натижасида мурожаатларнинг 20 таси қабулхонанинг ўзида ижобий ечимини топди, 2 таси бўйича малакали ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 33 та мурожаатларда келтирилган важларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, атрофлича ўрганиш талаб этилгани боис ижроси бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, аниқ ижро муддатлари ўрнатилди. Қабул қилинган мурожаатлар мазмунига кўра: суриштирув-тергов, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш ва қайта тиклаш, оммавий тадбирлар ўтказиш, ижтимоий ва иқтисодий масалалар, йўл-транспорт ҳодисаларини расмийлаштириш, оила-турмуш доирасидаги низолар, ички ишлар ходимлари хизмати билан боғлиқ масалаларни ташкил этди. Бу каби ваколатли раҳбарларнинг аҳоли мурожаатларини тинглаш, уларнинг қонунда белгиланган ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш борасида олиб борилаётган ишлари пойтахт ИИББ ҳудудий тузилмалар раҳбарлари томонидан ҳам тизимли равишда амалга оширилмоқда.