16 Декабр 2025 йил 139

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилиш ва келгуси йилга янги марраларни белгилаб олишга бағишланган йиғилиш ўтказди

Сўнгги йилларда пойтахтимизда улкан ўзгаришлар юз бергани таъкидланди.

Ўтган тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилди, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга тушди. Жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 2017-йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларга ошди.

Шаҳарда тижорат майдонлари 14 карра кўпайиб, 67 миллион квадрат метрга етди, тадбиркорлар сони 140 мингга яқинлашди.

Бунёдкорлик ишлари, янги қурилган савдо-сервис ва кўнгилочар объектлар “тунги иқтисодиёт”ни ривожлантирди. Тун-у кун ишлайдиган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари сони 3 мингдан ошди.

“Шаҳар пиёдалар учун” тамойили асосида маҳалла ва кўчаларда ижобий ўзгаришларни одамлар кундалик ҳаётида сезаётганини ўзлари айтмоқда. Тошкентга 1 мингта замонавий электробус ва автобус олиб келиниб, 168 та янги йўналиш очилди. Қўшимча 33 километр метро линияси ва 21 та янги станция қурилди. Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусободдаги 1 миллионга яқин аҳолига метро хизматлари яқинлашди.

Уй-жойлар қуриш кўлами ҳам кескин ошди. Авваллари Тошкентда йилига кўпи билан 2-2,5 минг хонадон қурилган бўлса, сўнгги йилларда бу кўрсаткич ўртача 15,5 мингдан ошди.

Сўнгги уч йилда 3,5 триллион сўмга яқин маблағ ажратилиб, пойтахт аҳолиси ва тадбиркорларнинг электр таъминотини яхшилаш бошланди. Келаси йили ҳам бу мақсадларга яна 1,5 триллион сўм берилади.

Умуман, пойтахт иқтисодиёти охирги тўққиз йилда 2,5 баробар ўсиб, жорий йил 27 миллиард долларга етади. Аҳоли жон бошига даромад эса 4,4 минг доллардан 8,6 минг долларга кўпайди.

Натижада камбағаллик даражаси йил бошидаги 7,3 фоиздан 1 фоизга, ишсизлик эса 4,5 фоиздан 3,5 фоизга пасаяди. Яъни Тошкент шаҳрида камбағаллик ва ишсизлик табиий даражага тушади.

Тошкент шаҳрининг доимий аҳолиси ҳар йили ўртача 100 мингдан кўпайиб, 2030-йилда 3,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.

Шунингдек, ялпи ҳудудий маҳсулотни 52 миллиард долларга етказиш, жон бошига даромадни қарийб 2 карра ошириб, 15 минг долларга етказиш режа қилинган.

Ушбу марраларга эришиш учун шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари, 12 та туман ҳокими тинимсиз изланиши, шаҳар уй-жой фонди, транспорт, энергетика, таълим ва тиббиёт, сервис инфратузилмаларини дунёнинг замонавий мегаполислари андозаси асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, шундай мегаполисларда раҳбар бўлган мутахассисларни ҳокимга маслаҳатчи қилиб олиб келиш бўйича таклиф маъқулланди.

Уларнинг кўп йиллик тажрибасидан фойдаланиб, Тошкент шаҳрини молия, илғор технологиялар, маданият ва туризм марказига айлантириш кераклиги қайд этилди.

Шу билан бирга, пойтахтимизда ҳали ечимини кутаётган масалалар кўплиги қайд этилди.

“Энг аввало, шаҳар аҳолисини ташвишга солаётган экология, юқори даромадли иш ўринлари яратиш ва сифатли бошқарув масаласида шаҳар масъуллари ёндашувини ўзгартириши зарур”,
– деди Президентимиз.

Мисол учун, Юнусободда беш йилда 500 минг квадрат метр йирик савдо комплекслари барпо этилиб, савдо ва хизмат кўрсатиш ҳажми жорий йилнинг ўзида 76 триллион сўмга етди. Шайхонтоҳур, Чилонзор, Мирзо Улуғбек туманларида ҳам катта ўзгаришлар бор.

Лекин Яшнободдаги “Технопарк”да юқори даромадли иш ўринларини яратиш учун ҳали катта салоҳият борлиги таъкидланди. Янгиҳаётдаги “Тошкент индекс” лойиҳасида эса қурилган 6,5 мингта савдо объектининг ярмидан кўпи бўш тургани қайд этилди.

Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари ҳокимларига тадбиркорларга шароит яратиб берса, биргина шу лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш орқали яна камида 10 мингта иш ўрни ташкил қилиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Тошкент шаҳрида яширин иқтисодиёт улуши 9,5 фоизни ташкил қилаётгани, мутасаддилар уни қисқартириш билан тизимли шуғулланиши шартлиги таъкидланди.

Шота Руставели кўчасида БРТ йўлаги ҳамда Ислом цивилизацияси маркази ҳудудида автомобил туннели ишга туширилди.

Лекин Кичик ҳалқа йўли, Катта ҳалқа йўли, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Шаҳрисабз, Махтумқули, Оҳангарон кўчаларидаги тирбандликдан аҳоли норози экани кўрсатиб ўтилди.

Тошкент шаҳри аҳолиси йилдан-йилга ошиб бораётгани ҳисобига 100 мингдан зиёд мактаб ва боғча ўринларига эҳтиёж бор.

“Энди пойтахтда бошқарув ўзгаради. 2026-йил Тошкент шаҳри учун “Жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши” йили бўлади. Бу ғояни рўёбга чиқариш бўйича катта дастур амалга оширилади”,
– деди давлатимиз раҳбари.

Келгуси йилда жон бошига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияни 3 минг, 2027-йилда эса 3,5 минг долларга етказиш учун пойтахт туманлари 3 та йўналишда ривожлантирилиб, 2026-йилда 9 миллиард доллар, икки йилда 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилади.

Сергели, Янгиҳаёт, Бектемирда юқори технологик саноат ва логистика соҳалари “ўсиш нуқтаси” бўлади.

Жумладан, келаси йили Сергелида майдони 120 минг квадрат метр бўлган 70 миллион долларлик замонавий агрологистика ва омборхона ишга туширилади.

Янгиҳаётдаги “Янги авлод” саноат зонасида электротехника, тўқимачилик, автомобилсозлик ва озиқ-овқат соҳасида 2 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ерда Бирлашган Араб Амирликларининг “ДП Wорлд” компанияси замонавий логистика тизимини йўлга қўяди.

Ушбу саноат зонаси Янгиҳаёт ва Бектемирдаги 640 гектар ҳисобидан кенгайтирилади. Бунинг ҳисобига умумий қиймати 3 миллиард долларлик экология талабларига мос ва юқори технологик янги лойиҳаларни бошлаш топширилди.

“Янги авлод” саноат зонаси бошқарувига илғор хорижий компанияни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Учтепа, Чилонзор, Яккасарой, Шайхонтоҳур ва Олмазорда хизматлар, креатив иқтисодиёт, дизайн ва туризм асосий инвестиция йўналишларига айланади.

Хусусан, 37 гектарда 1 миллиард долларлик “Учтепа сити” лойиҳаси бошланади. Унинг доирасида замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар, савдо-кўнгилочар мажмуа ва апартаментлар барпо этилади.

Чилонзор, Яккасарой, Олмазорда ҳам 2,5 миллиард долларлик шундай лойиҳалар амалга оширилади.

Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод ва Яшнободда эса сунъий интеллект, стартап, финтех, молия, тиббиёт ва таълим соҳасида 1 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. 

Ўтган тўққиз йилда пойтахтда хизматлар ҳажми йилига 20 фоиздан ўсиб, 30 миллиард долларга яқинлашди. Келгуси йилда буни 38 миллиард долларга, 2027-йилда эса 45 миллиард долларга олиб чиқиш муҳим экани таъкидланди.

Жорий йилда шаҳардаги 26 та кўча тун-у кун ишлайдиган кўчаларга айлантирилди. Бу кўчаларда 1 минг 200 та савдо-сервис объектини жойлаштириш ҳисобига 5 минг аҳоли даромадли бўлди.

Келгуси йилда яна 18 та шундай кўча ташкил қилиш вазифаси қўйилди.

Банкларнинг 100 та янги юқори қийматли ижтимоий, “яшил”, технологик ва туристик хизматларни жозибадор шартларда молиялаштириш ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Чилонзорда йилига 15 минг аҳолини савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўқитадиган марказ ишга туширилди. Шундай марказларни умумий овқатланиш ва бошқа сервис соҳаларида йўлга қўйиб, йилига 5 минг аҳолини бепул ўқитиш, 100 та маҳаллада коворкинг маркази, дарс хонаси ва ўқув курсларини очиш ҳамда 10 минг нафар ёшларни қамраб олиш топширилди.

Бугунги кунда пойтахтда 75 тадан мактаб ва боғча, 23 та спорт объектига эҳтиёж бор.

Туман ҳокимлари ўзлари маблағ жалб қилиб, ҳар йили 1 тадан мактаб, боғча ва спорт объектини қуриши, қолган 15 тадан мактаб ва боғча ҳамда 11 та спорт объекти инвестиция дастури доирасида қуриб берилиши белгиланди.

Келгуси йилда инфратузилма лойиҳаларига четдан давлат кафолатисиз яна 300 миллион доллар жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Шу йилдан Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида 1 тадан мактабда таълим сифатини ошириш бўйича “Тошкент тажрибаси” бошланди. Яъни 7-11-синфдаги 1,5 минг ўқувчи сараланиб, уларни АТ, тиббиёт, бизнес, муҳандислик каби йўналишларда ўқитиш йўлга қўйилди.

Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштиришига қараб, ўқитувчиларига 20 миллион сўмгача ойлик маош тўланяпти.

Бу тажрибани кенгайтириб, бундай мактаблар сонини келаси йили 24 тага, 2027-йилда 33 тага етказиш вазифаси қўйилди.

Декабрнинг бошида Тошкент шаҳрида транспорт бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликни камайтириш бўйича алоҳида қарор имзоланган эди.

Энди йирик мегаполислар каби пойтахтимизда ҳам транспорт тизимини ягона ёндашув асосида бошқарадиган марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бу марказ ҳар бир кўча, ҳар бир чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан шуғулланади.

Келаси йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобил учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.

Асосийси, бу нуқталарга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар автомобилини шу ерда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.

Шаҳар ҳокимлигига келгуси йилда ягона бошқарув тизимига эга светофорлар билан жиҳозланган 100 та “ақлли” чорраҳани йўлга қўйиш, тадбиркорлар билан 30 мингта автомобил тўхташ жойи қуриб, 300 та бекатни реконструкция қилиш, 40 километр пиёда ва 20 километр велойўлаклар қуриш, 100 километр йўлни таъмирлаб, Юнусобод ва Яшнободда йўл ўтказгич ва туннел барпо этиш топширилди.

Келгуси йилда 200 та электробус олиб келиш вазифаси қўйилди.

Дунёнинг йирик шаҳарлари каби пойтахтимизда ҳам экология масаласининг долзарблиги ортмоқда.

“Охфорд эcономиcс” нашрининг “Глобал шаҳарлар индекси” рейтингида Тошкент шаҳри дунёдаги 1 мингта шаҳар орасида 471-ўринни эгаллаган.

Мутасаддиларга ушбу рейтингда пойтахтимизни экологияси барқарор 300 та шаҳар қаторига олиб чиқиш бўйича тинимсиз шуғулланиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бунинг учун уч ойда пойтахтнинг 4 та қисмида сунъий кўл ва ҳавзалар қуриш лойиҳаларини тайёрлаб, ишларни бошлаш топширилди. 1-июнгача ҳар бир туманда 5 километрли 3 тадан сояли сайр кўчалари фойдаланишга топширилади. Ҳар 10 та маҳалла учун 1 тадан яшил боғ барпо қилиш бўйича алоҳида дастур бошланади.

2026-йилда шаҳарда 18,5 километр канал қирғоқлари мустаҳкамланади. Бу жойларда ҳам яшил ҳудудлар ва сайилгоҳлар ташкил қилишни ҳозирдан ўйлаш зарурлиги қайд этилди.

Шунингдек, Бектемир, Сергели ва Янгиҳаётдан ўтган Чирчиқ дарёсининг 16 километр қисмини мустаҳкамлаш ҳисобига қўшимча 800 гектар очилади. Бу ерларда ҳам 200 гектарда “яшил белбоғ”, 250 гектарда ички йўллар, сайилгоҳлар, пиёда ва велойўлаклар қурилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Шаҳар дренаж тизимининг мастер-режаси ишлаб чиқилиб, келгуси йилдан қурилиш ишлари бошланиши эълон қилинди.

“Шаҳарнинг барча кўчаларидаги ариқларда сув айланиши керак”,
– деди давлатимиз раҳбари.

Дастур доирасида 150 километр ёпиқ дренаж тизимини қуриш, 197 километр канал ва коллекторларни таъмирлаш, 63 километр янги каналлар барпо қилиб, шаҳарда салқин микроиқлим яратиш режалаштирилган.

Ёмғир сувини йиғадиган 17 та иншоот барпо қилинади. Бу сувлар дарахт ва яшил ҳудудларни суғоришга ишлатилади.

Пойтахтнинг барча коммунал ташкилотлари ва фавқулодда хизматлар тун-у кун ишлашга ўтиб, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва тезлик билан бартараф этиш билан шуғулланиши, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ишларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

“Пойтахт – давлатнинг сиёсий, маъмурий, иқтисодий ва маданий маркази. Пойтахтни бошқариш, ривожлантириш ва муҳофаза қилиш бўйича ўзига хос ёндашувлар бўлиши керак”,
– деди давлатимиз раҳбари.

Шунинг учун Тошкент шаҳар кенгашига орттириб бажарилган даромаднинг маҳаллий бюджетга қайтариладиган қисмидан 20 фоизини туманларга тақсимлаш ваколатини бериш таклиф қилинди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ва туман ҳокимларига маҳаллий кенгашлар билан келишган ҳолда бўш маблағларни депозитга қўйишга рухсат этилади.

Умуман, Тошкент шаҳри фаолиятининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгиловчи “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш вақти келгани таъкидланди.

“Маҳалла еттилиги”нинг самарасини оширишда пойтахт етакчи бўлиши кераклиги таъкидланди.

2026-йилдан Тошкент шаҳрида янги тизим жорий қилинади – “маҳалла еттилиги” тўлиқ шаҳар ҳокимлиги ихтиёрига ўтади. Ҳоким ўринбосарларига “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бир аъзосига янгича ёндашув асосида КПИ ишлаб чиқиб, тизимдаги ортиқча ҳисоботлар каби бюрократияни йўқотиш топширилди.

“Еттилик” ҳисоботлар билан эмас, балки одамларнинг оғирини енгил қилиш билан шуғулланиши зарур”,
– деди Президентимиз.

Йиғилиш давомида пойтахт ва унинг туманлари ҳокимларининг ҳисоботлари тингланди, тадбиркорлар билан мулоқот қилинди.

Барча янгиликлар

Text to speech