ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Чув туширишни танишлардан бошлади

Шуҳрат мактабни тамомлагач, институтга ўз билими билан ўқишга киришга муваффақ бўлди. Бироқ талабалик гаштини суриб улгурмай талончилик жинояти содир этиб 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу-шу ўқиш ҳам қолиб кетди. Кейин фирибгарлик жинояти учун судланди. Бироқ бундан ҳам ўзига тўғри хулоса чиқармади. Жазо муддатини ўтаб бўлиши ҳамоноқ яна бир жиноятга қўл урди. 2024 йилнинг декабрь ойида таниши А.Йўлдошни учратиб, суҳбат чоғида унинг автомашина олиш ниятида эканлигидан хабар топди. Ўзининг “Captiva” автомашинасини таклиф қилди. Йўлдош унинг автомашинасини ҳайдаб кўрди ва сотиб олишга қарор қилди. Эртаси куни Шуҳратга 25.000 АҚШ долларини келтириб нотариусга бориб расмийлаштиришни таклиф қилди. Аммо олдиндан автомашинасини сотиш нияти бўлмаган, фақат қўлига пул киритишни режалаштирган Шуҳрат нотариусга ташрифни бошқа кунга қолдирди. Шу-шу сувга тушган тошдек Йўлдошга кўринмай кетди. Шуҳрат жиноий ҳаракатларини давом эттириб, таниши Д.Пўлатни ҳам чув туширди. Пўлатнинг хонадон сотиб олиш ниятини билган Шуҳрат унга ўзи яшаб турган хонадонини сотмоқчи эканлигини айтиб, 39.000 АҚШ долларини қўлга киритди. — Жабрланувчилар Шуҳратни аввалдан таниганлари учун унга ишонишган. У эса уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, пулларини олган,– дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Ўз танишларини алдашга уялмаган одамдан нима кутиш мумкин? Одам одамга ишонмаса, муносабатларда ишонч бўлмаса, ҳаётнинг завқи-шавқи хиралашмайдими? Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1993 йилда туғилган, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган, муқаддам судланган У.Шуҳратнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаганлиги, айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

8 Апрел 2025 йил

76

Нонкўрлик

Аслида ўзи ишлаб турган, шу ишлаган жойидан маош олиб рўзғорини тебратиб келаётган одам ишхонада ўғирлик қилмайди. Ёки салом-алик қилиб юрган ҳамкасбларининг ҳақига кўз олайтирмайди. Бу нонкўрлик ҳисобланади. Бироқ П.Бектош бундайлардан бўлиб чиқмади. Аксинча, Яшнобод туманида жойлашган масъулияти чекланган жамиятлардан бирида ишлаб туриб, 2024 йилнинг 6 мартида ишчиларнинг овқатланиши учун мўлжалланган ошхонада ишловчи Т.Наргизага тегишли бўлган сумка ичидаги ҳамёндан 700.000 сўм пулини ўғирлаган бўлса, 8 март куни мазкур жамият ишчиси Э.Қодирнинг нархи 1.100.000 сўм бўлган “Redmi Note 9” телефонини ўғирлаб, уларга дуч келганида гўёки ҳеч нарса бўлмагандек қуюқ саломлашиб юраверди. 19 март куни эса соат 11.00 ларда ишхона олдида фаолият юритувчи З.Суннатхўжага тегишли озиқ-овқат дўконига кириб, сотувчининг кўзини шамғалат қилганча касса олдида турган 1.400.000 сўм пулини ўғирлаб чиқиб кетди.Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган, маълумоти ўрта, 3 нафар фарзанднинг отаси, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган П.Бектошнинг жиноий ҳаракатларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, шу модда билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазоновнинг иш юритувидан олинди.

7 Апрел 2025 йил

215

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Биз ким, мулки Турон, Амири Туркистонмиз!” мавзусига бағишланди. Тадбирда Тошкент Кимё халқаро университети вакили профессор Акбар Замонов маъруза қилди. 9 апрель куни юртимизда буюк саркарда ва сиёсатчи Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги кенг нишонланади. Шу сабабли йиғилиш иштирокчиларига Тошкент шаҳар ИИББнинг иқтидорли ходимларидан иборат “Ниҳол” жамоаси томонидан соҳибқироннинг ҳаётига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шунингдек, “Маънавият ойлиги” доирасида Тошкент шаҳар ИИББда китоб ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирлардан кўзланган мақсад пойтахт Ички ишлар органлари ходимларининг китобхонлик маданияти, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимини оширишдан иборатдир. Китоб ярмаркасида мамлакатимиздаги йирик нашриёт ва матбаа корхоналари маҳсулотлари намойиш этилди. Китобсеварлар ҳуқуқий мавзудаги янги нашрлар, илмий-оммабоп китоблар, ўзбек адабиёти классиклари, хориж муаллифларнинг асарларини харид қилиш имконига эга бўлдилар.

5 Апрел 2025 йил

351

Диққат марказида – ёшлар

Маълумки, жорий йилнинг январь ойида юртимиз раҳбари томонидан 2025 йилда Републикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган қарори қабул қилинганди. Мазкур қарор бандларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Республика Олий таълим ва инновациялар вазирлигининг қўшма қарори ишлаб чиқилган. Унга мувофиқ олий ўқув юртларида қарорнинг мазмун-моҳиятини ўрганиш, ижросини самарали таъминлаш мақсадида пойтахтда жойлашган олий ўқув юртларида кенг кўламли тушунтириш, тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Stars international university” ҳамда “Central Asian university” университетларида бўлиб ўтди. Туман ИИО ФМБ раҳбарияти, профилактика инспекторлари, университет маъмурияти ҳамда кўп сонли талабаларни қамраган ушбу тадбирда сўзга чиққанлар: ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий тармоқлар орқали даъват қилинаётган қадриятларимизга ёт, бузғунчи ғоялардан ҳимояланиш, гиёҳвандлик, кибержиноятлар ва таҳдидларга қарши курашиш каби мавзуларга тўхталдилар. Мазкур салбий ҳолатларнинг қурбонига айланаётган ёшлар ва фуқароларнинг фожиали хотимаси ҳақида ҳаётий мисоллар келтириш орқали ўз тақдирларига, бахтли келажагига бефарқ бўлмасликка, бундай ҳолатлар аниқланганда тегишли ҳуқуқ-тартибот ҳамда ички ишлар идораларига мурожаат қилишга чақирдилар. Учрашувлар сўнгида талабаларнинг жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда ташаббускор бўлиш, огоҳлик ва хушёрликка даъват қилиш баробарида уларнинг кўплаб саволларига жавоб беришди. Мазмунли ва ҳар икки томон учун манфаатли ўтган учрашувлардан барча қониқиш ҳосил қилди.    

4 Апрел 2025 йил

213

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading