Пойтахт ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди
Туманларда сайёр қабулларнинг ташкил этилиши фуқаролар учун катта қулайликлар яратиш баробарида аҳоли билан давлат органлари ўртасидаги ўзаро ишонч ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули Чилонзор ва Учтепа туманлари аҳолисининг мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топишга қаратилди. Чилонзор тумани ҳокимлиги биносида ташкил этилган, қабулга қўшни Учтепа тумани фуқаролари ҳам ташриф буюришди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаатлари тингланди ҳамда қонун доирасида кўриб чиқилди. Айрим мурожаатларнинг сабаблари ўрганилганда, қўшимча текширув ва маълумотлар тўплаш зарурлиги туфайли тегишли муддатлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, қонуний хулоса тайёрлаш борасида зарур топшириқлар берилди. Шахсий қабул давомида ўрганиб чиқилган мурожаатлар ички ишлар органлари фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган мурожаатларни, хусусан: суриштирув ва тергов ҳаракатлари, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш ва қайта тиклаш, кадрлар масалалари билан боғлиқ, моддий ёрдам ажратиш, светофор ва йўл белгиларини ўрнатиш, оила-турмуш доирасидаги келишмовчиликлар, ички ишлар органлари ходимининг хатти-ҳаракатига эътироз кабиларни ташкил этди.
Пробация ҳисобида турувчи олти нафар фуқаролар мурожаат қилиб, ижобий тарафга ўзгарганлиги ва тайинланган жазодан тўғри хулоса чиқарганлигини билдириб, муддатдан илгари жазодан озод этишни сўради. Уларнинг мурожаатлари тўпланган ҳужжатлар билан биргаликда ўрганилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра, муддатдан илгари шартли озод қилинишди.
Сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.11.2025 йилдаги Ф-60 сонли Фармойиши ижроси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34 йиллиги муносабати билан, 16 ёшга тўлган тўрт нафар ёшларга ID-карталари тантанали равишда топширилди.