Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз уч йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, шунингдек, асосий қонунимизда белгилаб қўйилган халқ ҳокимияти, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар давом этмоқда. Шу тадбирлар доирасида Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг қуйи тизимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг шахсий манфаатларини қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодда фуқаролик масъулиятини ошириш мақсадида Конституция куни муносабати билан навбатдаги муҳим тадбир ўтказилди. Унда маҳаллий ҳокимликлар вакиллари билан ҳамкорликда 16 ёшга тўлган ёшларга миллий идентификация тизимининг муҳим бўғини саналган идентификация ID-карталар тантанали равишда топширилди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган фуқаролик ҳуқуқлари, шахснинг дахлсизлиги, давлатнинг ёшларга оид сиёсати ҳамда ҳар бир фуқаронинг жамият ва давлат олдидаги масъулияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шу билан бирга, ID-картага эга бўлиш ёшларимизнинг ҳуқуқий мақомини мустаҳкамлаши, давлат хизматларидан кенг ва тезкор фойдаланиш имкониятларини яратиши таъкидлаб ўтилди. Тантанали маросим ёшлар учун унутилмас кун бўлиб, уларнинг фуқаролик фаоллиги ва тараққиёт йўлидаги интилишларини янада мустаҳкамлади. Тадбир якунланар экан, иштирокчиларга эзгу тилаклар билдирилиб, Конституцияда белгиланган тамойилларга содиқ қолган ҳолда юртимиз тараққиёти ва фуқаролар фаровонлиги йўлида биргаликда хизмат қилиш муҳимлиги айтиб ўтилди.