5 Декабр 2025 йил 122

Одиллик тамойиллари амалда

Куни кеча Шайхонтоҳур туманида жойлашган Алишер Навоий номидаги Миллий кино санъат саройида пойтахтимизда давом этаётган кенг қамровли профилактик тадбир: “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари иштирокида долзарб ва муҳим мавзуга бағишланган катта тадбир ўтказилди. Тадбирга пойтахт туманлари ИИО ФМБ Пробация ҳамда профилактика хизматлари рўйхати ва назорати остида турувчи шахслар таклиф этилди. Йиғилишдан кўзланган мақсад уларнинг муаммолари билан танишиб, биргаликда ҳал этиш, саволларига ҳуқуқий жавоб излаш, қайта жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар қилишдан қайтариш, тўғри йўлни танлашда қўллаб-қувватлашга қаратилди. Иштирокчилар олдида сўзга чиққан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ўз маърузасида йиғилганлар диққатини профилактик ҳисобда турувчи шахслар томонидан содир этилаётган жиноятлар салмоғининг ошиб бораётгани, жумладан такрорий жиноятларнинг содир этилаётгани фактларига қаратди. Бу ҳақдаги таҳлилларга таяниб, рақамли ҳамда аниқ далилий мисолларни иштирокчилар диққатига тақдим этди. Шунингдек, муқаддам судланганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида ички ишлар органлари, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида амалга оширилаётган ижтимоий профилактик тадбирларга қарамай, қилмишидан тегишли хулоса чиқармай, тўғри йўлни, ҳалол ва соғлом турмуш тарзини танлаш ўрнига жиноятга қўл ураётган шахсларни ҳам мисол келтирди. Бу каби берилган имтиёз ва афзалликлардан тўғри фойдаланиш ўрнига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб келаётган шахсларнинг қайта содир этган жиноий қилмишларига урғу берилди. Шулар қаторида ички ишлар органлари нафақат жазоловчи балки тузалиш йўлига ўтган, соғлом турмуш тарзини танлаган, қонунга ҳурмат билан қараган шахсларни қўллаб-қувватловчи, хайрихоҳ идора эканлигини таъкидлаб, жазо шартларини енгилроғига ўзгартириш, собиқ маҳкумларни ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминловчи, дастлабки моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдаги фаолияти ҳам кўрсатиб ўтилди. Сўзга чиққан шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Ўрмонов ўз нутқида давлат идораларининг асосий мақсади жазолаш эмас, балки жиноят содир этган шахсларни тузалиш йўлига қайтариш, ҳаётини изига тушириши учун шароит яратиб бериш ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун яна бир имконият бериш эканлигини таъкидлади. Бундан ҳар бир шахс унумли фойдаланиши, давлат томонидан билдирилган ишончни суистеъмол қилмаслиги ва тўғри йўлни танлаши лозимлигини, танлов ҳар бир шахснинг ўз қўлида эканлигини таъкидлади.


Шундан сўнг учрашувнинг иккинчи қисмига – очиқ мулоқотга ўтилди. Иштирокчилар ўзларини қийнаётган муаммолар ва мурожаатлари билан мутасаддиларга юзландилар. Ҳар бир мурожаат тингланди ва ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.


Сўнг шу залнинг ўзида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Судлар томонидан соҳавий хизмат вакилларининг тузалиш йўлига ўтган, хатосига чин пушаймонлик билдирган, тўғри ва ҳалол меҳнатни танлаган бир неча маҳкумлар бўйича тайёрланган тақдимномалари кўриб чиқилиб, улар жазо муддатларидан шу ернинг ўзида шартли равишда озод этилдилар. Суд томонидан белгиланган жазони ўташдан бўйин товлаган шахсларнинг иши ҳам сайёр судда кўриб чиқилди ва уларга нисбатан тайинланган жазо оғирроғига алмаштирилди.


Бу эзгу хайрли тадбир пробация ҳамда профилактик ҳисобда турувчи, назорат остида бўлган шахсларнинг қонунчилигимизга ҳурмат, адолатга ишончини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётига мослашиш, тўғри йўл орқали ўз бахтли келажагини яратиш имконини бериш билан бирга зулматга эмас нурга интилишида йўлчироқ бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Барча янгиликлар

Text to speech