ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатовнинг байрам табриги

Жонажон юртимизга Янги – 2025 йил кириб келмоқда. Тобора яқинлашаётган шукуҳли дамларда муаззам шаҳримиз аҳолисини, пойтахт меҳмонларини, байрамни тантанавор ва тинчлик-осойишталик билан кутиб олишда жамоат тартибини сақлаш, тинчлик-хотиржамликни таъминлашда хизматга шай турган Бош бошқарма шахсий таркиби, ҳамкасбларимизни, фахрийлар, хизмат вақтида мардона ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ва яқинларини байрам билан самимий табриклайман.Таъкидлаш жоизки, турли миллат вакилларидан ташкил топган пойтахт аҳолиси тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшаб, меҳнат қилиб келмоқда. Бу йўналишда ички ишлар органлари ходимлари учун халқ манфаатларига хизмат қилиш, чинакам халқпарвар бўлиш бош мезон бўлиб қолаверади.Янги – 2025 йилда барчангизга узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ, оилавий тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, фаровонлик ва саодат тилайман. Янги йил тинчлик-омонлик йили бўлиб, барчамизга қутлуғ ва барокотли келсин! Ҳурмат билан, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи,генерал-майорАзиз Ташпулатов

31 Декабр 2024 йил

282

Марказда болалар учун байрам ўтказилди

Болалар ниҳол, қаерга бурсанг ўша ёққа эгилади. Тўғри тарбиялаш, баркамол инсонлар бўлиб етишиши катталарнинг муносабати, билими ва тажрибасига боғлиқ. Афсуски, бола тарбиясига бефарқ, турли сабабларга кўра уларни назоратсиз, қаровсиз қолдириш ҳолатлари ҳамон учраб тургани бор гап. Бу тоифа болалар ва ўсмирлар билан Тошкент шаҳар ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази бевосита шуғулланиб келмоқда. Марказда вақтинча сақланаётган болалар ва ўсмирлар, уларнинг ота-оналари билан Марказ ходимлари ва кўнгиллилар (волонтер) ҳамда таклиф этилаётган мутахассислар томонидан мунтазам равишда якка тартибда профилактик, психологик суҳбатлар, тренинглар, тиббий кўриклар, тарбиявий аҳамиятга эга учрашувлар ташкил этилади. Шу билан бирга уларнинг маданий ҳордиқ олишлари, бўш вақтларини мазмунли ва қизиқарли ташкиллаштириш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилади. Болаларнинг дунёқарашини, маънавий-руҳий ҳолатларини тўғри шакллантириш ҳамиша Марказ ҳодимлари диққат-марказида. Жорий йилнинг 27 декабрь куни Марказ тарбияланувчиларига Янги йил байрами муносабати билан байрамона хушкайфият бағишлаш мақсадида Юнусобод тумани Туризм ва маданият бўлими ходимлари, “Дизайн” жамоаси аъзолари, Ўзбек давлат цирки томонидан шодиёна тадбирлари ўтказилди. Мазкур тадбирни Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Икром Тиллаев очиб берди. У болаларни Янги йил билан самимий табриклаб, болажонларга янги йил совғаларини топширди. Тадбир давомида болалар турли мусиқий ўйинлар, қизиқарли саҳналаштирилган театр томошаларида иштирок этиб, ҳажвий мавзуларда чиқишлар қилишди, шўх куй-қўшиқларга рақсга тушишди. Болалар учун ноз-неъматларга тўла ясатилган тўкин дастурхон атрофида байрам тадбирлари давом эттирилиб, уларнинг завқига завқ, шодлигига шодлик қўшилди. Табиийки, байрам шукуҳи узоқ вақт улар ёдида қолади.

30 Декабр 2024 йил

296

Бундайларга ишониш ва суяниш мумкин

Бобоси пойтахт Шайхонтоҳур тумани ИИББ профилактика инспектори, майор Абдуқаҳҳор Ҳасанов, отаси Транспорт ИИБ тергов бўлими терговчиси, подполковник Баҳром Юлдашевларнинг уйда ўз ишлари, жиноятчиларга қарши кураш, ҳудудда тинчлик осойишталикни таъминлаш билан боғлиқ касбларига тааллуқли мавзуларда қизғин ва қизиқарли суҳбатларини эшитиб вояга етган Даврон Юлдашев болагигиданоқ касбини танлаб бўлганди. Бобоси ва отасининг тартиб-интизомлилиги, бир сўзли, вазминлиги, хизмат кийимини ўта озода ва саришта кийиши, муомаласи, маҳалладаги обрўси уни аллақачон бу касбга меҳрини уйғотиб, келгуси режаларига пойдевор қуриб бўлганди. Даврон 2004 йилда Тошкент Педагогика университетини тамомлагач, Қуролли кучлар сафларида йигитлик бурчини ўтаб қайтдию ҳужжатларини Тошкент шаҳар ИИББга топширди. Бош бошқарма Ахборот марказига бевосита бўйсинувчи Компьютер техникаларини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш бўлинмасига ишга қабул қилинди. Устозлари: Марказ бошлиғи, полковник Анвар Девятов ва унинг ўринбосари, подполковник Отабек Шоҳакимовлар доимо кўтаринки кайфиятда юрувчи, зеҳни ўткир, хушмуомала, серғайрат йигитнинг иштиёқини, ўрганишга ҳавасини сезиб, бой тажриба ва билимларини унга сингдира боришди. Тиришқоқ, саргузаштсевар, серғайрат Даврон 2009 йилда Транспортдаги ИИББ Нефть маҳсулотлари ташилишини кузатиш бўйича гуруҳ инспекторлигига ўтказилди. Бу хизматда у ўзининг масъулиятлилиги, ташилаётган маҳсулотларнинг талон-тарожлигига барҳам беришда қонунбузарларга муросасизлиги, қасамёдига содиқлигини кўп бора амалда исботлади. Айрим нопок ҳайдовчи ва мутасаддиларнинг мўмай пул топиш мақсадида, тил бириктириб, ташилаётган нефть маҳсулотларига кўз олайтириши каби ҳолатларни фош этди. Қулай таклиф тушганида Даврон ўйлаб ҳам ўтирмай кўнгилли равишда “Бухоро” темирйўл бекати тармоқ ички ишлар бўлими “Учқудуқ” темирйўл бекати тармоқ ИИБда хизматни давом эттирди. Темирйўлларда саноат, халқ ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишда содир бўлаётган талон-тарожликлар, ўғирлик, ташмачилик ва бошқа жиноятлар, темирйўл ёқаси бўйлаб жойлашган аҳоли пунктларида яшовчи айрим шахслар томонидан поезд ойналарига тош отиб синдириш, шикаст етказиш каби ҳолатларга барҳам беришда бор куч ва ғайратини сарфлади. Маълум манзилларда кечаю кундуз пистирмада ўтириб, жиноятчиларни далиллар устида қўлга туширишга муваффақ бўлди. Уйма-уй, қишлоқма-қишлоқ, маҳаллама-маҳалла, мактабларда юриб профилактик, тушунтириш ишларини жадал олиб борди. Амалга оширилган чоралар ўз самарасини бериб, бу йўналишдаги жиноятлар, ҳуқуқбузарликларнинг салмоқли камайишига эришилди. Унинг бу борадаги ишлари Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚва ТҚКБда ишлаганида жуда қўл келди. Айни пайтда подполковник Даврон Юлдашев Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази Ахборот тизимлари билан ишлаш бўлими катта мутахассиси лавозимида фаолият юритиб келмоқда. Даврон хизматнинг қайси соҳасида ишламасин ўз вазифаларига виждонан, сидқидилдан ёндашди. Ҳар бир хизматнинг ўзига хос жиҳатларини катта қизиқиш ва тиришқоқлик билан ўрганиб, тажриба ва малакасини ошириб борди. Бугунги кунда лавҳамиз қаҳрамони ўз вазифаларини аъло даражада бажариш билан бирга хизматга келаётган ёшларга билим ва тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Амалдаги қонун ҳужжатлари, меъёрий ҳужжатлар билан ишлаш, маъмурий амалиёт йўналиши, профилактик ҳисобга олиш, ҳисоботларни аниқ ва сифатли юритиш, Пробация хизмати фаолияти, рўйхатга олинган шахслар устидан назорат, амалдаги қонун талабларига амал қилиш каби кўплаб вазифаларнинг туман ИИО ФМБ соҳавий хизматлари томонидан тўғри олиб борилиши назоратини амалга оширмоқда. Подполковник Даврон Юлдашев иш фаолияти жараёнида қаттиққўл ва талабчан бўлиши билан бирга, ҳазил-мутойибани ўрнига қўяди. Уни билганлар: ён атрофдагилар, ҳамкасблари инсон руҳиятини кўтара оладиган, муҳитни енгил ва ижобий томонга бура оладиган ишчан ва қувноқ шахс сифатида ҳурмат қилишади ва ишонишади. Касб тили билан айтганда, бундай одам ҳар қандай шароитда, вазиятда ҳам ташлаб кетмайди, иккиланмай “разведкага борса бўлади”. Шундайлар билан ишлаш ҳар кимга ҳам насиб этсин.

27 Декабр 2024 йил

710

Интерактив хизматлар

Text to speech