Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Huawei компанияси ҳамкорлиги: инновацион технологиялар ва хавфсизлик соҳасидаги янги қадамлар
Жорий йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатовни “Huawei” компаниясининг Ўзбекистондаги Бош директори Тан Сяосян билан ишчи учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда томонлар қатор муҳим масалалар, жумладан мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдилар.
Хусусан, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида интеллектуал видеоназорат тизимларини жорий этиш, оммавий ва спорт тадбирларнинг хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни қўллаш, киберхавфсизлик масалаларида замонавий ечимлар ҳамда таълим соҳасида инновацион технологияларни самарали қўллай оладиган малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўрилди.
Учрашувда томонлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ечимларни жорий қилиш ва хавфсизлик соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш, шунингдек кадрлар тайёрлашда ҳамкорликни кучайтириш масалалари бўйича истиқболли вазифаларни келишиб олдилар.