ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар ИИББ да фуқаролар қабули бўлиб ўтди

Аҳоли мурожаатларини бевосита ўрганиш ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларида мунтазам равишда фуқаролар қабули ўтказиб келинмоқда. Бугун пойтахт ИИББ бошлиғи томонидан ўтказилган шахсий қабулда ҳам 30 га яқин фуқаролар ўз мурожаатларини баён қилишди. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 12 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик ва терговга оид ишлар юзасидан, 5 таси ишга кириш ва ижтимоий ҳимоя бўйича, 2 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш, 7 таси пробация рўхатидан чиқариш, 2 таси бошқа масалалар юзасидан бўлди. Мурожаатларнинг 9 таси жойида ижобий ҳал этилди, 3 таси бўйича малакали юридик тушунтиришлар берилди, 19 та мурожаатлар қўшимча текширувни талаб қилганлиги боис тегишли мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, ҳал этиш юзасидан муддатлар белгиланди. Мисол учун, пробация ҳисобида турган фуқаролар С.И., Н.М., У.С., У.Қ.лар муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Фуқаролар О.О., Б.Т. ва Д.Д.ларга маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда моддий ёрдам берилиб ишга жойлаштирилди.

29 Март 2025 йил

115

Кўнгилчанлик бор бўлсин-а!

Бекмурод илк бор 2003 йилда ўғирлик жинояти учун судланганида ҳакамлар унинг пушаймонлиги чин кўнгилдан эканлигига, қайта жиноятга қўл урмаслик ҳақида берган ваъдаларига ишонган, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, унга жарима жазоси тайинлаган эди. Бироқ унинг ваъдалари жаримани тўлаб қутулгунча бўлди. 2006 йилда у яна жиноятга қўл урди. Бироқ бу ҳам унга сабоқ бўлмади. Бу орада уч фарзанднинг отасига айланди. Аммо рўзғор, тирикчилик ташвишлари уни камроқ ўйлантирар, рўзғор асосан ота-онаси, турмуш ўртоғининнг гарданида эди. 2024 йилнинг 27 май куни соат 12.00 ларда у Яшнобод туманидаги “Фазогир” маҳалласида айланиб юриб, кўп қаватли уйларнинг олдида турган “Оникс” автомашинасига кўзи тушди. Унинг эътиборини тортган нарса – автомашина ойнасининг очиқлигида эди. У аввало ён-атрофга боқди. Ҳеч ким йўқ. Аста автомашина олдига бориб очиқ ойнасидан мўралади. Ўриндиқда нархи 6.470.000 сўм бўлган “Samsung А 55” русумли уяли телефонини кўриб, қўл узатди. Уни қўлга киритди-ю жуфтакни ростлади. Дўкондан чиққан Г.Альбина ўғирликни пайқаб дарҳол ички ишлар органларига қўнғироқ қилди. – Халқимиз жуда раҳмдил ва инсонпарвар, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазонов. – Аввалида ўғриларнинг қўлини кесиш кераклиги, жазони қаттиқлаштириш, раҳм-шафқат қилмаслик кераклиги ҳақида гапираётган жабрдийда олдида сувга тушган бўлка нондек шалвираб, мунғайиб аёлга ялинганнамо қараб ўтирган айбдорга раҳми келиб, унга енгилроқ жазо бериш ҳақида илтимос қилди. Суд буни инобатга олди. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1981 йилда туғилган, маълумоти ўрта, вақтинча ишсиз, муқаддам бир неча бор судланган, уч нафар фарзанди бўлган И.Бекмуроднинг қилмишларини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, соғлиғидаги жиддий муаммоларни инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда 3 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди.

28 Март 2025 йил

87

Сохта тавбалар бўй кўрсатганда

Йигирма ёшида ўртоқларига ўзини кўрсатиб қўйиш мақсадида, нотаниш йигит билан жанжаллашган Фарҳод судланиб, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Бу унга катта сабоқ бўлди. Жазо муддати тугагач, ишга кирди, оила қурди, бирин-кетин уч нафар фарзанднинг отасига айланди. Бироқ вақт ўтиб, ўз-ўзига берган ваъдалари унутилиб яна жиноятга қўл урди. Бу гал 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. Уч нафар вояга етмаган фарзандлари, аёлини ўйлаб ўз қилмишидан ўтган сафаргидек қаттиқ пушаймон еди, тавбалар қилди. Ўз-ўзига бундан бу ёғига зинҳор-базинҳор жиноятга қўл урмаслик, ҳалол ишлаб, ҳалол яшашга онт ичди. Аммо ... 2020 йилнинг 20 январида интернет тармоғидаги ҳаволаларни кузатиб ўтираркан, “Playstation” компьютер ўйинлари клуби эгаси томонидан клубга тегишли техника ва мебель жиҳозлари сотилаётгани ҳақидаги эълонга кўзи тушди. Дарҳол клуб эгаси Х.Содиқбекка қўнғироқ қилиб, сотиб олишини билдирди. Сотувга қўйилган буюмларнинг ҳолатини, яроқлилигини кўздан кечирган Фарҳод уларни 5.000 АҚШ долларига баҳолади. Ўзаро келишувдан сўнг Фарҳод ҳар ойда 500 АҚШ доллари тўлаб бориш шарти билан 5 дона “Playstation 5” приставкаси, 4 дона “Roison” телевизори, 7 дона икки ўринли диван, 12 дона джойстиклар, музлаткич, бар столи ва 6 дона табуреткаларни юклаб кетди. – Ойига 500 АҚШ доллари бериб боришни ваъда қилган Фарҳод дастлабки ойларданоқ турли важ-карсонлар билан тўлов муддатларини ортга суриб бораверади, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, майор Тигран Тожибоев. – Кейин эса умуман телефонини ўчириб қўяди. Сотилган молларининг бир тийинини ҳам ололмаган, буюмларини қайтариб олишнинг имкони йўқлигини англаган Содиқбек ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлади. Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1991 йилда туғилган, маълумоти ўрта-махсус, қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди бўлган, муқаддам судланган А.Фарҳоднинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, жабрланувчига етказилган зарарни қоплаганлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

28 Март 2025 йил

231

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading