ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир фуқаро томонидан содир этилаётганн ҳуқуқбузарлик акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз. Жорий йилнинг 18 апрель куни тахминан соат 19.40 ларда Шайхонтоҳур тумани Себзор кўчасида жойлашган автотураргоҳлардан бирида ўрнатилган “ташвиш тугмаси” босилганлиги ҳақида Тошкент шаҳар ИИББ Қўриқлаш бошқармасига хабар келиб тушган. Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ИИО ходимлари томонидан аниқланишича, 1958 йилда туғилган Х.С. маст ҳолатда бўла туриб, автотураргоҳ қоровули ва бошқа фуқароларни ошхона пичоғи билан қўрқитиб, жамоат тартибини бузган. Сўнг воқеа жойидан қочиб кўп қаватли уйлардан бирига кириб кетган. Кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида фуқаро Х.С. ушланиб, яқин орадани ИИБга олиб борилган. Х.С. томонидан пичоқ билан ҳеч кимга тан жароҳати етказилмаган. Мазкур ҳолат юзасидан Х.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (“Майда безорилик”), 194 (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”) ва 185 прим 2 (“Совуқ қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш”) моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судига тақдим этилган. Суд томонидан ушбу шахсга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

20 Апрел 2025 йил

328

Хотин-қизлар масаласи – муҳим масала

2002 йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тугатган Саҳоват Мелиева Яккасарой тумани ИИБда Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими инспектори лавозимида иш бошлади. Ёш серғайрат, интилувчан лейтенантга бўлим катта инспектори, майор Гулнора Бозорова устозлик қилди. Соҳани тез ўзлаштирган Саҳоват кўп ўтмай Олмазор туман ИИБ ХЧКва ФР бўлимида, 2011 йилда эса туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори лавозимида фаолиятини давом эттирди. Унинг туман маҳаллалари раислари, фаоллари билан ишлаш, уларнинг бошларини бириктириб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этиш, содир этилган ҳар бир жиноят ва ҳуқуқбузарликларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, тарғибот ишларининг самарали ташкиллаштиришдаги шижоати, саъй-ҳаракатлари раҳбариятнинг эътиборига тушди. 2019 йилда лавҳамиз қаҳрамони Саҳоват Мелиева туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимига ўтказилди. Шундан буён Саҳоват туманда жойлашган 64 та маҳалладаги оилаларда яшовчи хотин-қизларнинг “иссиқ-совуғидан” бохабар. Маҳалла фаоллари билан ишни тўғри ташкиллаштирганлиги боис, улар ёрдамида оила аъзолари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликка дучор бўлаётган, аксарияти андиша ҳамда ор қилиб мурожаат қилишга ботинмайдиган аёллар ўз вақтида аниқланиб, маҳалла еттилиги, отинойилар, диний идора вакиллари ҳамкорлигида жойига чиқиб ўрганилиб уларга ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Шу ўринда “Абубакр Шоший” маҳалла фаоли Мактуба Ризаева, “Шодиёна” маҳалласи фаоли Лолахон Мирсоатоваларнинг жонкуярлиги, ўз вазифаларига масъулиятини таъкидлаш лозим. Уларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, жорий йилнинг уч ойида турмуш ўртоғи, қайнонаси ва оила аъзолари томонидан, сурункали камситиб келинаётган, зўравонлик, турли тазйиқларга учраган қирқдан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. Бир неча ўн нафарига ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилди.– Одатда моддий қийинчиликлар, етишмовчилик, рўзғорнинг каму кўсти, бир ҳовлида бир неча оилалар –ака-ука, овсинларнинг яшаши ажрашишларнинг асосий сабаби, – дейди подполковник Сабоҳат Мелиева. – Куни кеча бир оиланинг ажримини муҳокама қилдик. Катта данғиллама ҳовли. Ёлғиз қайнона, ўзига ўзи хизмат қилади, қандли диабети бўлганлиги боис ош-овқатини ўзига ўзи тайёрлайди. Камига икки нафар уй хизматчиси бор. Эр-хотин олий маълумотли. Эр топармон-тутармон. Хотинига ҳам автомашина олиб берган. Бир қиз, бир ўғил фарзандлари бор. Бироқ хотини эрини хиёнатда айблаб, ажрашишга қарор қилган. Биз ҳар иккиси билан тушунтириш ишларини олиб бордик. Бироқ аёл “кўнглим қолган, ўртада меҳр йўқ, ажрашаман” деб туриб олди. Ачинарлиси, фарзанднинг бири “отам билан яшайман”, деса, иккинчиси “онам билан яшайман”, деб туриб олган. Айни пайтда аёли ота-онасиникида. Ҳайрон қоларли жойи – аёлнинг ота-онаси уйида катта қизи ҳам бир фарзанди билан ажраб келиб ўтирибди, энди иккинчи қизи ҳам ажрашмоқда, улар эса хайрихоҳ.Бу каби кўплаб воқеаларнинг шоҳиди бўлган подполковник Саҳоват Мелиева тарбия аввало ота-онадан бошланиши, фарзанд тарбиясида катталарнинг роли ўта муҳимлигини таъкидлайди. Бугунги кунда моддий бойликлар, ортиқча ҳашамат, дабдаба, “ким ўзарлик”ка берилиб, маънавиятимиз, қадриятларимизни менсимаслик каби ҳолатлар кўпайиб бораётгани сир эмас. Ёшларимиз, айниқса, хотин-қизларимиз томонидан “озодлик”, “эркинлик” тушунчасининг салбий, беўхшов талқини кенг ёйилаётгани ачинарли ҳолдир. Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли. Ажрашаётган эр-хотинлар-ку ўз жуфтини, бахтини топиб кетар, аммо ўртада сарсон, бағри кемтик, меҳрдан мосуво, аросатда қолган болалар-чи?! Уларнинг ҳақ-ҳуқуқи кимнинг бўйнида?!

19 Апрел 2025 йил

168

Номардлик ҳам эви билан-да!

Одам бойлик васвасасига тушмасин экан. Тушдими, ётса ҳам, турса ҳам даста-даста пуллар кўзига кўринади. Худди “Маҳалдада дув-дув гап” фильмидаги Умаржоннинг онаси Ойпошшахон тўй бузилай деганда ҳамма нарса: қозондаги ошдан тортиб, столдаги ноз-неъматларгача пулга айланиб қолиш саҳнасини кўз олдингизга келтиринг-а! Шоҳруҳ ҳам юрган йўлида, ушлаган буюмида фақат пулни кўради. Масъулияти чекланган жамиятнинг омбор мудири бўла туриб, маошига қониқмади. Нима қилса, пулдор бўларкин-а!? Ўйлаб-ўйлаб бир ўқ билан икки қуённи урадиган ажойиб режа тузди. Ҳам бойийди ҳам ажрашиб кетган собиқ хотинининг “адабини беради”. У 2024 йил 4 август куни фуқаро Б.Исломнинг ишончига кириб, туманнинг 23-мавзесида жойлашган уйни ўзиники кўрсатиб, ойига 350 АҚШ доллари эвазига ижарага берди. Очиғи бир ҳафта ичида уйни бўшатиб қўйишни ваъда қилиб, пулини олди. 22 август куни фуқаро М.Шахзодбекни ҳам шу йўсинда алдаб 400 АҚШ долларини, 23 август куни С.Низомиддиндан икки ойлик ижара ҳақи сифатида 7.620.000 сўмини олди. Жабрдийдаларга қўшни давлатга оиласи билан ишлагани кетаётганини сабаб қилди. Уй эса аслида бир фарзанди билан кўрсатилган хонадонда яшаб келаётган, эртадан-кечгача ишда бўлган собиқ турмуш ўртоғига тегишли бўлиб, бу савдолардан аёл умуман бехабар эди. Вақт ўтиб, эшик қўнғироғини жиринглатиб, ижарачилар кўч-кўрони билан кириб кела бошлаганда, боз устига уйни бўшатиб қўйишни талаб қилишиб, жанжал кўтаришганида аёл жарбдийдалар билан биргалашиб ички ишлар идорасига мурожаат қилишга мажбур бўлди.– Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, бир фарзанди билан ажрашган, муқаддам судланмаган Б.Шоҳруҳнинг жиноий қилмишларини кўриб чиқиб, унинг пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрдийдаларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бобур Сатторов таништирди.

19 Апрел 2025 йил

92

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading