“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилмоқда
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли 21-сонли Жазони ижро этиш колониясида ўз жазо муддатини ўтаётган хотин-қизлар учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда Тошкент шаҳар ИИББ ХҚМБ катта инспекторлари Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва пойтахт Аёллар тадбиркорлик маркази мутасаддилари иштирок этди. Иштирокчиларга “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасининг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланмоқда. Инсон ва давлат органлари ўртасидаги юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланмоқда. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади. Тадбир давомида Конституцияга киритилаётган асосий ўзгаришларнинг ҳар бири бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди ва янгиланган Конституция жамиятимиз ҳаётининг барча йўналишларини комплекс тартибга солиш ҳамда мамлакатимизни демократик ривожлантириш йўлида энг муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Ўз навбатида, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олди.
Учрашувда касбий тайёргарлик курсларини тамомлаган хотин-қизларга Тошкент шаҳридаги “Аёллар тадбиркорлик маркази” вакиллари томонидан сертификатлар топширилди. Спорт мусобақалари ғолибларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.