ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор бўлиб ўтди

Давлатимиз раҳбари дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилганини кўрсатиб ўтди. “Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!”, - деди Президент. Бу шароитда барча ҳокимлар, иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши кераклиги қайд этилди. Иқтисодий комплекс масъулларига ҳар ҳафта тармоқма-тармоқ муаммоларни таҳлил қилиш ва янги таклифлар киритиш, туман ва вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида тадбиркорлар масалаларига ечим топиб бориш топширилди. Сўнгги йилларда туризм экспорти 1,6 карра ошиб, 3,5 миллиард долларга етди. Бу соҳада 2 мингдан ортиқ янги тадбиркор иш бошлади. Муҳими – ўтган йили хорижий сайёҳлар оқими илк бор 10 миллионлик маррадан ўтди. Ҳудудларда туризм ва сервис инфратузилмаси жуда тез ривожланаётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган 8 йилда маҳаллий ва хорижий инвесторлар 6,5 миллиард доллар сармоя киритиб, 130 минг меҳмонхона ўрни яратди. Бу йили улар яна 30 мингга кўпаяди. Паркентнинг “Олтин бел” чўққисида халқаро даражадаги янги тоғ-чанғи зонаси барпо этилаяпти. Франциянинг “Куршавель” тоғ-чанги курорти тоғли ҳудудларимизда Европа стандартига мос туризм масканларини ташкил қилишга катта қизиқиш билдирмоқда. “Бу билан тўхтаб қолмаймиз. Бой тарихий-маданий меросимиз, гўзал ва бетакрор табиатимиз сайёҳларни 2-3 карра оширишга етади”, - деди Президент. Туризмнинг иқтисодиётдаги улушини 7 фоизга, экспортни 10 миллиард долларга етказиш бўйича 2040 йилгача стратегия ишлаб чиқилаётгани таъкидланди. Йиғилишда кўпчилик ҳокимлар туризм қандай катта йўналиш эканини тушуниб етмаётгани кўрсатиб ўтилди. Мавсум бошланганига бир ойдан ошгани билан капсулали уйлардан иборат маскан фақат Китобда очилгани қайд этилиб, қолган 35 та туман ва шаҳар ҳокими “мудраб” ўтиргани танқид қилинди. Капсулали уйларни қуриш ва жиҳозлашга Туризм жамғармасидан 10 миллион сўмгача субсидия ажратилиши белгиланди. Сайёҳлар Хоразм, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарёдан ўтган магистрал ва ички йўллар аҳволидан норозилиги қайд этилди. Мутасаддиларга “туризм ҳалқаси”га кирган йўлларни таъмирлаш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, ишларни бошлаш топширилди. Туризм қишлоқларини ташкил қилиш бўйича 3 йил олдин бошланган иш яхши самара бераётгани эътироф этилди. Лекин, Тошкент вилоятида Корея тажрибаси асосида туризм қишлоғи қилиш ташаббуси қоғозда қолиб кетгани, Қашқадарё ва Жиззахда атиги 1 тадан туризм қишлоғи очилгани кўрсатиб ўтилди. Навоий ва Сирдарёда ҳунармандчилик, Жиззах ва Фарғонада гастрономик туризм марказлари мавжуд эмас. Шунингдек, Жиззах ва Сурхондарёда туризм экспорти 65 миллион долларга, Сирдарёда эса 30 миллион долларга бормайди. Бирорта чегара пунктида юртимиз туризм салоҳиятини кўрсатадиган “туризм бурчаги” ташкил этилмагани танқид қилинди. "Аҳолимиз ўртасида тоғли ҳудудларга пиёда чиқиш (трекинг) оммалашмоқда. Лекин, турфирмалар бундай сайёҳлик маршрутига рухсат олишга 2-3 ой сарфлаяпти", - деди Президент. Мутасаддиларга рухсатномани Ягона интерактив портал орқали 10 кунда беришни жорий қилиш топширилди. Президентимиз замонавий туризм маршрутларини ташкил этиш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Туризм қўмитаси ҳокимликлар билан биргаликда 36 та туман ва шаҳарни этно, гастрономик, тиббий, экстремал, маданий-тарихий, зиёрат, қишки ва агротуризм асосида ривожлантириш бўйича катта дастур тасдиқлайди. Масалан, Сариосиё тумани ҳудудининг асосий қисми тоғлардан иборат бўлиб, қишки туризм учун катта салоҳият мавжуд. Бу ерда дор йўли, меҳмонхона ва савдо-сервис хизматлари соҳасида 200 миллион долларлик лойиҳалар қилса бўлади. Яна бир мисол, Чортоқ ўзининг шифобахш сувлари билан машҳур бўлса-да, туман ҳокими янги лойиҳа қилиш уёқда турсин, бор санаторияларга ҳам хорижий сайёҳ олиб кела олмаяпти. Ёки, Мўйноқда ҳар йили ўтадиган “Стихия” мусиқа фестивалига келган сайёҳларни кўпроқ олиб қолиш учун янги ташаббуслар керак. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 36 та туман ва шаҳар бўйича мастер режалар ишлаб чиқишни тезлатиб, лойиҳаларни ўз вақтида молиялаштириш топширилди. Хорижий туристлар сонини ошириш масаласи кўриб чиқилар экан, “BBC”, “Euronews” каби нуфузли платформаларда, яна 20 дан ортиқ халқаро кўргазмаларда туризм кенг тарғибот қилинаётгани таъкидланди. Бу борада элчиларимиз иштирокида бошқа давлатларда ҳам тарғибот ишларини фаоллаштириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Масалан, Хитойнинг энг олис провинциялари, Гонконгдан ҳам сайёҳлар келишни бошлади. Ёки, Польшага авиақатновлар йўлга қўйилгани учун ушбу мамлакатдан сайёҳлар 7 карра ошди, бутун Шарқий Европадан турист олиб келиш имкони пайдо бўлди. Францияга ташрифда 14 та янги замонавий “Airbus” самолётини харид қилиш, яна 5 тасини ижарага олишга келишилди, “Boeing” компанияси билан 12 та самолёт олиб келиш бўйича музокара бошланди. Мутасадди вазирлик ва идораларга бу имкониятдан унумли фойдаланиб, қаерга нечта рейс қўйиш ва қанча сайёҳ олиб келишни ҳозирдан ҳисоб-китоб қилиш топширилди. Ўтган йили Мўғулистон билан туризм бўйича катта келишувга эришилгани ҳисобига сайёҳлар 100-200 нафардан 4 мингга ошди. Кўрфаз давлатларида доимий саёҳат қиладиган 3 миллион аҳоли бор. Лекин уларнинг кўпи Озарбайжон, Грузия, Албания, Хорватия каби визасиз режим бўлган мамлакатларга бораяпти. "Тўғри, бу давлатларга 10 кунлик визасиз режим жорий қилинган. Лекин, бу муддат 30 кунга узайтирилса, сайёҳлар 5-6 карра кўпаяди. Бундан ташқари, Ҳиндистон, Покистон, Миср ва Эронлик сайёҳларга виза беришни енгиллаштириш мумкин", - деди давлатимиз раҳбари. Россия ва Хитойнинг ҳудудлари билан манзилли ишлаш йўлга қўйилгани учун инвестиция ва сайёҳлар оқими кескин ошди. Энди бу тажрибани кенгайтириб, Япония, Корея ва Европа давлатлари билан ҳам ташкил қилиш топширилди. Миллий туризм ягона платформасини ишга туширишни тезлаштириш, унда чипта олиш ва электрон виза бериш имкониятларини яратиш вазифаси қўйилди. Малайзия ва Индонезиядан “Умра плюс” дастури орқали 100 минг зиёратчини жалб қилиш бўйича ишлар бошланган. Мутасаддиларга Куала-Лумпур ва Жакартадан Самарқанд, Бухоро орқали Жидда шаҳрига рейс қўйиш бўйича музокараларни жадаллаштириш топширилди. Сўнгги йилларда ички туризмга эътибор туфайли маҳаллий сайёҳлар сони 23 миллионга етди (2017 йилда 5 миллионта эди). Лекин ҳалигача Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабзга бормаган оилалар кўп. Шу боис, ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилинади. Ёшлар ўртасидаги мусобақа ғолибларига “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмасини совға қилиш йўлга қўйилади. Ҳар йили ички туризм тарғиботини кенгайтиришга 20 миллиард сўм ажратилади. Мутасаддиларга экстремал туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди. Тўрт йилда маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга бюджетдан 385 миллиард сўм берилди. Шунга қарамасдан, ҳозирда яна 485 та объект таъмирталаб аҳволда. "Фақат бюджетга қараб қолмасдан, бу ишларга хусусий секторни кенг жалб қилса бўлади-ку!", - деди Президент. Ижарага бериш мумкин бўлган 2 мингта маданий мерос объектидан атиги 325 таси тадбиркорларга берилгани танқид қилинди. Мутасаддиларга шу йилнинг ўзида 400 та объектни тадбиркорларга ижарага бериш топширилди. Туризм объектларига кунига минглаб одам киргани билан, тушумлар рақамлашмагани учун тизим шаффоф эмаслиги қайд этилди. Ваҳоланки, очиқ тизим қилиб, тушумни ўзидан таъмирлаш ишларини бажариш мумкин. Шу муносабат билан барча объектларда кириб-чиқишни автоматик ҳисобга оладиган мослама ўрнатиш зарурлиги таъкидланди. Республиканинг барча тарихий обидаларига кириш имконини берадиган “ягона туристик карта” жорий қилиниши белгиланди. Бу йил маданий мерос объектлари реставрациясига камида 4 миллион доллар грант жалб қилинади. Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридори ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганига бир йилдан ошди. Бу ерда 31 та маданий мерос объекти бор: Ўзбекистонда 15 та, Тожикистонда 9 та, Туркманистонда 7 та. Лекин соҳа мутасаддиларида ҳам, ҳокимларда ҳам 3 та давлатдан ўтган бу тарихий йўналиш салоҳиятидан фойдаланиш бўйича бирорта таклиф йўқ. Масъулларга бу йўналишда янги туризм маршрутини ишлаб чиқиб, кенг тарғиб қилиш топширилди. "Туризмда олий таълимни 4 йилдан 3 йилга камайтириб, дуал тизимга ўтказдик. Нима учун? Ёшлар кўпроқ амалий билим олиб, тажриба орттириши керак", - деди Президент. Масалан, Тошкентдаги Сингапур менежмент институти олийгоҳ ҳудудида 10 қаватли меҳмонхона туризм кластери ташкил қилмоқда. Йилига 200 нафар талаба, 300 нафар ўқитувчи меҳмонхона бошқаруви, маркетинг каби йўналишда амалиёт ўташ ва малака ошириш имконига эга бўлади. Дуал таълим бўйича ҳудудларда ҳам яхши тажрибаларни кўпайтириш, жорий йилда 500 нафар талабани туризм бўйича амалиёт ўташ ва ишлашга юбориш муҳимлиги таъкидланди. Умуман, йиғилишда айтилган имкониятларни ишга солиб, жорий йилда туризм соҳасида: - хориждан 15 миллион турист жалб қилиш ва экспортни 4 миллиард долларга етказиш; - 635 та меҳмонхона ва меҳмон уйларини ишга тушириш, 50 мингта янги иш ўрни яратиш; - қўшимча 375 та туроператор фаолиятини йўлга қўйиш; - Андижон, Жиззах, Навоий, Сурхондарё, Тошкент вилоятида 1 тадан, Қашқадарёда – 2 та ва Бухорода – 3 та туризм қишлоғини ташкил қилиш устувор вазифалар этиб белгиланди. Кун тартибидаги иккинчи масала – хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари кўриб чиқилди. Жорий йилда Бирлашган Араб Амирликлари, Малайзия, Кувайт ва Францияга ташрифларда 39 миллиард долларлик 178 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилди. Ўтган ҳафта Самарқандда Европа Иттифоқи Марказий Осиёга 12 миллиард евро ажратишини маълум қилди. Шуларни ҳисобга олиб, 2025 йилда: – 42 миллиард долларлик хорижий инвестицияни таъминлаш, шу жумладан хорижий молия институтлари иштирокида 5,3 миллиард долларлик ишларни бажариш; - 81 та йирик лойиҳани ишга тушириш, 8 мингдан ортиқ ўрта ва кичик лойиҳани амалга ошириш; - донор ташкилотлар билан фаол ишлаб, 2 миллиард доллар грант олиб келиш; - банклар билан 6 миллиард доллар ресурс жалб қилиш асосий мақсад бўлиши белгиланди. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизга 8 миллиард 600 миллион доллар инвестиция келди. “Лекин кўп вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар “инвестиция ўзи бўлаверади”, деган фикр билан юрибди, дунёқарашини ҳалигача ўзгартирмаган”, - деди Президент. Ўтган ҳафта соҳадаги муаммолар танқидий муҳокама қилиниб, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ҳокимларининг инвестиция бўйича ўринбосарларига “ҳайфсан” берилган, Каттақўрғон, Навоий, Янгийўл, Жиззах шаҳарлари, Янгиобод, Мирзаобод, Бўка ва Нукус туманлари ҳокимлари огоҳлантирилган. “Пул тикаман деган тайёр инвесторларни масаласини тез-тез ҳал қилиш ўрнига, кўп раҳбарлар бюрократия қилгани учун, сармоядорлар кетиб қолаяпти”, - дея қатъий эътироз билдирди давлатимиз раҳбари. Ҳар бир ҳудуд ва тармоқ кесимида масъул раҳбарлар фаолиятига баҳо берилиши ва хулоса қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди. Ўтган йили айрим мамлакатлардан инвестициялар камайгани, бу йилда қатор етакчи давлатлар инвесторлари билан лойиҳа қилинмагани кўрсатиб ўтилди. Хитой, Россия ва Малайзия билан ҳокимлар ва инвесторларни бир-бирига боғлаш тажрибаси қолган мамлакатлардаги элчихоналаримизда ҳам йўлга қўйилиши зарурлиги қайд этилди. Ўтган ойда Лондонда “Ўзбекистон инвесторлари куни” ташкил этилгани натижасида 2,77 миллиард доллар жалб қилиш бўйича келишувга эришилди. Бундай тадбирларни Нью-Йорк, Сингапур, Гонконг, Дубай, Шанхай, Токио, Истанбул каби мегаполисларда ҳам ўтказиш топширилди. Хусусийлаштириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Бунда 15 та йирик давлат корхонаси евробонд чиқариб, IPOга қўйилади, 49 та корхонадаги давлат улуши халқаро бозорда сотилади. “Бу ўз-ўзидан бўлмайди. Инвестор келади, деб ўтирмасдан, элчилар учрашув ташкил этиши, вазирлар ва ҳокимлар бориб тақдимот қилиши керак. Шунда натижа бўлади”, - деди Президент. Шу ойда Жиззахда, июнь ойида эса Тошкент шаҳрида халқаро инвестиция форумлари ўтказилади. Вазирлар ва ҳокимларга ҳозирдан пухта тайёрланиб, инвесторларга таклиф қилиш учун лойиҳалар портфелини шакллантириш топширилди. Бундай форумларни йил давомида барча ҳудудларда ташкил этиш вазифаси қўйилди. Халқаро молия институтлари билан ишлашнинг янги тизими туфайли йил бошидан 706 миллион долларлик ишлар бажарилди. “Иссиқлик станциялари, ҳудудий электр тармоқлари, автойўллар, қишлоқ хўжалиги, темир йўлларда ишлар анча олдинга силжиди. Узоқ муддат тўхтаб ётган жами қиймати 2,9 миллиард долларлик 22 та лойиҳа юриб кетди”, - деди давлатимиз раҳбари. Шу билан бирга, баъзи лойиҳаларга тасдиқланганидан кейин ҳам ҳокимликлар томонидан ўзгартиришлар киритилаётгани уларнинг ишга туширилишини кечиктирмоқда. Бундан кейин тайёр лойиҳага ўзгартириш киритиш фақат ҳукумат доирасида кўриб чиқилиши белгиланди. Қўшимча ишлар лойиҳа тугагандан кейин иқтисод бўлган маблағ ҳисобидан қилинади. Ҳозирда сув иншоотлари ва уларнинг ерлари турли идоралар балансида турибди. Шунингдек, 2019 йилда тугатилган “Сувсоз” балансида 2 минг 800 та объект қолиб кетган. Яна 9 мингта объектнинг кадастри йўқ. Оқибатда бундай объектлар бўйича лойиҳа қилиш ва қурилишни бошлаш чўзилмоқда. Мутасаддиларга барча сув ва канализация объектлари ҳужжатларини тартибга келтириб, объектларни “Сувтаъминот”га оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш топширилди. Ҳозирда халқаро молия ташкилотлари билан энергетика, транспорт, аграр, коммунал ва ижтимоий соҳаларда 20 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вазирлар, вилоят ҳокимлари жорий йил якунигача 4,5 миллиард долларлик ишларни сўзсиз бажариши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Лойиҳани асоссиз чўзиб, ортиқча фоиз тўланишига йўл қўйган раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши белгиланди. Бош прокуратурага бу борада қатъий назорат ўрнатиш топширилди. “Халқаро молия ташкилотлари ҳам ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлаб, жойларга чиққан ҳолда лойиҳаларни тезлатиш бўйича ҳокимлар билан фаол ишлаяпти. Январь-март ойларида Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Франция ривожланиш агентлиги, Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги вакиллари Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарёга бориб, 200 га яқин тадбиркор билан ишлади. Қисқа вақт ичида 1,5 миллиард долларлик лойиҳаларни молиялаштиришга келишилди”, - деди давлатимиз раҳбари. Мутасаддиларга ҳар бир лойиҳани якунига етказиш кераклиги ҳақида огоҳлантирилди. Умуман, бу амалиётни тизимга айлантириб, яна камида 3 миллиард долларлик шундай лойиҳаларни бошқа ҳудудларда ҳам қилиш топширилди. Банклар биринчи чоракда хориждан 1,2 миллиард доллар ресурс жалб қилди. Бунинг ярмидан кўпи 4 та банкка тўғри келмоқда. Қолган банклар ҳам бу борадаги ишини фаоллаштириши муҳим экани таъкидланди. Андижон, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида тадбиркорлар билан фаол ишлангани учун ушбу маблағларнинг кўпи шу ҳудуддаги лойиҳаларга тўғри келаяпти. “Нима учун қолган ҳокимлар сифатли лойиҳа қилиб, тайёр пулни ишлатмайди?”, - дея савол қўйди Президент. Эндиликда банклар четдан маблағ жалб қилиши билан уни қандай лойиҳаларга, қанча муддатга ва қайси шартда бериши ҳақида ҳокимларни хабардор қилади. Ҳокимлар эса тадбиркорлар ишлаб чиққан тайёр лойиҳаларни тўплаб, банкларга тақдим этади. Давлатимиз раҳбари йиғилишни якунлар экан, барча мутасаддиларни яна бир бор огоҳлантирди. “Ҳар бир дақиқани ғанимат билиб, қўйилган катта марраларга мос равишда ишни ташкил қилиш керак”, - деди Президентимиз. Йиғилиш давомида туризм соҳасида намунали фаолият юритаётган тадбиркорлар билан мулоқот қилинди, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

9 Апрел 2025 йил

76

Чув туширишни танишлардан бошлади

Шуҳрат мактабни тамомлагач, институтга ўз билими билан ўқишга киришга муваффақ бўлди. Бироқ талабалик гаштини суриб улгурмай талончилик жинояти содир этиб 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу-шу ўқиш ҳам қолиб кетди. Кейин фирибгарлик жинояти учун судланди. Бироқ бундан ҳам ўзига тўғри хулоса чиқармади. Жазо муддатини ўтаб бўлиши ҳамоноқ яна бир жиноятга қўл урди. 2024 йилнинг декабрь ойида таниши А.Йўлдошни учратиб, суҳбат чоғида унинг автомашина олиш ниятида эканлигидан хабар топди. Ўзининг “Captiva” автомашинасини таклиф қилди. Йўлдош унинг автомашинасини ҳайдаб кўрди ва сотиб олишга қарор қилди. Эртаси куни Шуҳратга 25.000 АҚШ долларини келтириб нотариусга бориб расмийлаштиришни таклиф қилди. Аммо олдиндан автомашинасини сотиш нияти бўлмаган, фақат қўлига пул киритишни режалаштирган Шуҳрат нотариусга ташрифни бошқа кунга қолдирди. Шу-шу сувга тушган тошдек Йўлдошга кўринмай кетди. Шуҳрат жиноий ҳаракатларини давом эттириб, таниши Д.Пўлатни ҳам чув туширди. Пўлатнинг хонадон сотиб олиш ниятини билган Шуҳрат унга ўзи яшаб турган хонадонини сотмоқчи эканлигини айтиб, 39.000 АҚШ долларини қўлга киритди. — Жабрланувчилар Шуҳратни аввалдан таниганлари учун унга ишонишган. У эса уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, пулларини олган,– дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Ўз танишларини алдашга уялмаган одамдан нима кутиш мумкин? Одам одамга ишонмаса, муносабатларда ишонч бўлмаса, ҳаётнинг завқи-шавқи хиралашмайдими? Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1993 йилда туғилган, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган, муқаддам судланган У.Шуҳратнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаганлиги, айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.

8 Апрел 2025 йил

149

Нонкўрлик

Аслида ўзи ишлаб турган, шу ишлаган жойидан маош олиб рўзғорини тебратиб келаётган одам ишхонада ўғирлик қилмайди. Ёки салом-алик қилиб юрган ҳамкасбларининг ҳақига кўз олайтирмайди. Бу нонкўрлик ҳисобланади. Бироқ П.Бектош бундайлардан бўлиб чиқмади. Аксинча, Яшнобод туманида жойлашган масъулияти чекланган жамиятлардан бирида ишлаб туриб, 2024 йилнинг 6 мартида ишчиларнинг овқатланиши учун мўлжалланган ошхонада ишловчи Т.Наргизага тегишли бўлган сумка ичидаги ҳамёндан 700.000 сўм пулини ўғирлаган бўлса, 8 март куни мазкур жамият ишчиси Э.Қодирнинг нархи 1.100.000 сўм бўлган “Redmi Note 9” телефонини ўғирлаб, уларга дуч келганида гўёки ҳеч нарса бўлмагандек қуюқ саломлашиб юраверди. 19 март куни эса соат 11.00 ларда ишхона олдида фаолият юритувчи З.Суннатхўжага тегишли озиқ-овқат дўконига кириб, сотувчининг кўзини шамғалат қилганча касса олдида турган 1.400.000 сўм пулини ўғирлаб чиқиб кетди.Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган, маълумоти ўрта, 3 нафар фарзанднинг отаси, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган ва 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган П.Бектошнинг жиноий ҳаракатларини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, шу модда билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, лейтенант Нуриддин Рамазоновнинг иш юритувидан олинди.

7 Апрел 2025 йил

268

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Биз ким, мулки Турон, Амири Туркистонмиз!” мавзусига бағишланди. Тадбирда Тошкент Кимё халқаро университети вакили профессор Акбар Замонов маъруза қилди. 9 апрель куни юртимизда буюк саркарда ва сиёсатчи Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги кенг нишонланади. Шу сабабли йиғилиш иштирокчиларига Тошкент шаҳар ИИББнинг иқтидорли ходимларидан иборат “Ниҳол” жамоаси томонидан соҳибқироннинг ҳаётига бағишланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Шунингдек, “Маънавият ойлиги” доирасида Тошкент шаҳар ИИББда китоб ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирлардан кўзланган мақсад пойтахт Ички ишлар органлари ходимларининг китобхонлик маданияти, маънавий-маърифий ва ҳуқуқий билимини оширишдан иборатдир. Китоб ярмаркасида мамлакатимиздаги йирик нашриёт ва матбаа корхоналари маҳсулотлари намойиш этилди. Китобсеварлар ҳуқуқий мавзудаги янги нашрлар, илмий-оммабоп китоблар, ўзбек адабиёти классиклари, хориж муаллифларнинг асарларини харид қилиш имконига эга бўлдилар.

5 Апрел 2025 йил

409

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading