ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ўткир тиғли жисмларни олиб юриш фактларини аниқлаш бўйича махсус тадбирлар олиб борилмоқда

Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходимлари томонидан мунтазам равишда махсус профилактик тадбирлар олиб борилади. Мақсад - совуқ қурол, ўқ-дорилар, психотроп ва гиёҳвандлик воситаларига эга бўлган фуқароларни аниқлаш ва уларга қонуний чора кўришдан иборат.Жумладан, пойтахтда "Зарбдор ойлик" доирасида ўтказилаётган "Тиғ" профилактик тадбирлари натижасида бемақсад олиб юрилган ўткир тиғли буюмлар аниқланиб, далолатнома асосида расмийлаштириб олинмоқда. Хусусан, 907 та ўткир тиғли буюмлар: 789 дона пичоқ, 20 дона кастет, 15 та бита ва бошқа хавфли буюмларни олиб юриш ҳолатлари аниқланган. 329 та факт бўйича маъмурий баённомалар тузилди.Бу каби қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан жойларда профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ушбу ҳолатларнинг ҳуқуқий оқибати юзасидан аҳоли орасида тушунтириш ишлари давом эттирилмоқда.

29 Июн 2024 йил

184

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан бир гуруҳ ёшларга давлат мукофотларини топширади ҳамда ёшлар сиёсати соҳасида амалга оширилган ишлар сарҳисоби, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқот бошланди.Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда “катта сакраш даври” бўлганини таъкидлади.Шу етти йил ичида ёшларга оид 100 дан зиёд қонун ва қарор қабул қилиниб, 200 дан ортиқ имтиёз берилди.Биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланди. Эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг контрактини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилди.Натижада олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага етди.Бугунги кунда 110 минг ўғил-қизларимиз хорижда таҳсил олмоқда. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали етти йилда АҚШнинг “Печак лигаси”га кирувчи Гарвард, Йель, Колумбия, Стенфорд каби топ-8 та, Буюк Британиянининг “Расселл гуруҳи”даги Оксфорд, Кэмбридж, Бирмингем каби 24 та олийгоҳни 50 нафар ёшларимиз битирди.Бу нуфузли олийгоҳларда ўқиётган ёшларимиз сони эса 200 дан ошди.Президент мактаби баҳолаш тизими 500 та мактабда жорий қилиниши ҳисобига бир йилни ўзида билимларни ўзлаштириш 53 фоиздан 60 фоизга ошди. Бу йил мактабларни 14 мингдан зиёд ўқувчи олтин ва кумуш медаллар билан битирди.“Катта бешлик” фан олимпиадаларида қўлга киритилган медаллар охирги тўрт йилда 2 карра кўпайди.Президент фарзандларимизни тарбиялаб, ўқитиб, мана шундай ютуқларга эришишига сабабчи бўлган ота-оналар, устоз ва мураббийларга чуқур миннатдорлик билдирди.Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш доирасида ўтган тўрт йилда:- “Оилавий тадбиркорлик” дастурлари доирасида 13,5 триллион сўм кредит ажратилиб, 1 миллион ёш банд бўлди;- “Ёшлар дафтари”дан 107 минг ўғил-қизларимизга 338 миллиард сўм субсидия берилди;- 205 та “Ёшлар саноат зонаси”да 2,5 триллион сўмлик 1,2 минг лойиҳа ишга тушди.Яратилган шароитлар ҳисобига, бизнесини “ноль”дан бошлаб, ҳозирда айланмасини миллион доллардан оширган 1,5 минг нафар ёшларимиз бор.– Қилса бўларкан-ку! Энг муҳими, ёшларимизни янги-янги ғоялари кўп. Уларга фақат эътибор ва шароит керак, - деди Президент.Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни карра-карра кўпайтириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.Мамлакатимиз жадал ривожланиши учун бизга “тўртинчи саноат инқилоби” касблари жуда муҳимлиги қайд этилди.Шу муносабат билан ёшларни физика, кимё, биология, технология, муҳандислик, математика (СТЭМ) билан боғлиқ касбларга қизиқишини ошириш учун янги тизим жорий қилинади.Янги ўқув йилидан олийгоҳлар қошидаги жами 73 та академик лицейда тажриба тарзида “Халқаро бакалавриат” ва “A-level” дастурлари жорий қилинади.Бу дастурлар асосида сертификат олган ўқувчилар ўша олийгоҳга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилинади.Ёшларимиз хорижий олийгоҳларда ўқиш учун математика, инглиз тили ва илмий фикрлаш бўйича “SAT” имтиҳонини топширмоқда. Бу тестларда 75 фоиздан юқори натижа кўрсатган ўқувчилар чет элни энг нуфузли олийгоҳларига грант ютаяпти.- Энди бундай ёшларни ўзимизни олийгоҳларга ҳам грантга қабул қиламиз, - деди Президент.Ногиронлиги бўлган ёшларга чет тилидан имтиҳон топшириш енгиллашади.Жумладан, чет тили бўйича миллий сертификат (CEFR) олишда қўлда ёзиш имконияти бўлмаганларга компьютерда имтиҳон топшириш шароити яратилади.Ёшларимиз халқаро олимпиадаларни назарий қисмида ҳар доим юқори натижаларга эришади. Лекин, лаборатория машқларини бажаришда амалий кўникмалар кам бўлгани учун пастроқ балл олаяпти. Энди, Президент мактаблари агентлиги қошида “Олимпиадаларга тайёрлаш маркази” очилиб, махсус лабораториялар билан жиҳозланади. Халқаро олимпиадада қатнашувчи терма жамоа режа асосида ушбу марказда тайёргарлик кўради.Эндиликда олийгоҳларнинг биринчи ва иккинчи курсларидаги фанлар техникумлар билан уйғунлашади.Техникумнинг биринчи ва иккинчи йилини яхши ўқиган ёшларга халқаро классификаторнинг тегишли даражасига мос келувчи диплом берилади.Уларга олийгоҳни иккинчи ёки учинчи курсидан ўқишни контракт асосида давом эттириш имконияти берилади.Касби бўйича малака даражаси ва икки йиллик стажи бор ёшлар корхона тавсияси билан олийгоҳларга контракт асосида қабул қилинади.Энди олийгоҳ, вазирлик ва корхоналарга тегишли лабораторияларнинг ягона онлайн платформаси яратилади.Қайси лабораторияда қандай ускуна бор, улар қандай синовлар қила олади ва қандай қувватларда ишлаяпти, деган саволга жавоб бўлади.Ёш олимлар тадқиқотлари учун керак бўлган ускуна, бутловчи қисм ва кимёвий воситалар бождан озод қилинади.Бугунги кунда IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшлар – фрилансерлар 50 мингдан ошди.Бундай ёшларимиз йилига эллик, юз, ҳатто икки юз минг долларгача экспорт қилмоқда.Лекин, бизда уларни бошини қовуштирадиган, муаммоларини эшитиб, ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган тизим йўқлиги кўрсатиб ўтилди.Қўшилган қиймат яратиб, уни экспорт қилаётган бундай ёшлар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очиб бериш зарурлиги таъкидланди.Эндиликда:- IT соҳасида ўзини ўзи банд қилган ёшларга IT парк резиденти мақоми берилади;- улар уч йил муддатга барча солиқлардан озод қилинади;- IT парк томонидан IT компаниялардаги каби тиббиёт, спорт ва офисдан фойдаланиши учун уларга “ижтимоий карта” берилади;- ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.Ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлади.Бунинг учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратилади. Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилади.Энг кўп иш ўрни яратган, фидойи ёш тадбиркорлар жамғарма кенгашига киради. Жамғарма раҳбарини ҳам ушбу ёшларни ўзи сайлайди. Жамғарма, ёшларнинг энг яхши 500 та лойиҳасини танлаб олади ва уларга “бизнес пакет” қилиб беради, лойиҳани тайёр бизнесга айланиб, даромад келтиришгача барча жараёнида кўмаклашади, бозорини топади.Жамғарма ҳокимлар билан биргаликда 14 та туманни танлаб, “тўртинчи саноат” касбларига ўқитиш маркази очади ва тўлиқ жиҳозлаб беради.Ушбу марказлар ёш тадбиркорларга 1 йил имтиёзли давр билан 10 йилга ижарага берилади. Марказларнинг ўқув дастурлари халқаро стандартларга мослаштирилади.Жамғарма Сурхондарё тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда биттадан Ёшлар саноат зонасида саноат бинолари қуради.Бу жойлар “саноат ипотекаси” асосида юқори қиймат яратадиган лойиҳалар учун ёшларга 7 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилади. Бунда ёшлардан биринчи йил учун тўлов ундирилмайди.Ҳар бир вилоятдаги биттадан Баркамол авлод марказида “Креатив саноат парклари” ташкил қилинади. Уларга IT парк резидентлари учун назарда тутилган имтиёзлар берилади. “Креатив саноат парклари” олийгоҳлар ва йирик ишлаб чиқарувчиларга бириктирилади. Бу парклар ёш тадбиркорлар, илм ва бизнес ўртасида мулоқот майдончаси бўлади.Жамғарма бу ердаги ёшларнинг стартапларига уч йилга 100 миллион сўмгача ссуда беради.Ушбу ёш тадбиркорларга фаолиятини кенгайтириш ва айланма учун кейинчалик 100 миллион сўм имтиёзли кредит берилади.“Креатив саноат парклари”ни ривожлантириш учун бу йилни ўзида 10 миллион доллар йўналтирилади.Шунингдек, 2-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича Тўртинчи бутунжаҳон анжумани ўтказилади. Тадбир кунига қадар креатив индустрияни ривожлантириш бўйича қонун қабул қилиниши кўзда тутилган.Магистрал йўллар бўйида 50 мингта кўчма савдо нуқталари ташкил қилиниб, ёшларга ижарага берилади. Бунда, дастлабки 6 ойда ёшларга ижара ҳақи ва солиқдан имтиёз берилади. Бу йил 60 минг гектар ер ёшларга ажратилди. Эндиликда ҳар бир вилоятда 2 тадан туманда Ёшлар кооперацияси ташкил қилинади, уларга керакли техника, ускуналар ва уруғлик етказиб берилади.Тадбиркорлар ҳам ёшлар учун бундай лойиҳа қиламан деса, жамғарма уларнинг кредит фоизини қисман қоплаб беради. Ушбу мақсадларга ҳам 10 миллион доллар ажратилади.Шунингдек, деҳқончиликни янгидан бошлаган 150 минг ёшларга тажрибали фермерлар ва уста деҳқонлар бириктирилиб, сердаромад ва экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга ўргатилади.Мамлакатимизда қийин аҳволга тушган, алоҳида эътиборга муҳтож ёшлар ҳам бор.Шу боис, йил бошида ҳокимлар, вазирлар ва давлат ташкилотлари раҳбарларига шароити оғир ёшлар бириктирилгани ўз самарасини бераяпти.Масалан, қийинчиликка дуч келган 420 минг ёшлар муаммоси ҳал этилди, 65 мингини бандлиги таъминланди.Тарбияси оғир 20 минг ёшлар жиноят йўлидан қайтди, хулқ-атвори яхшиланган 11 минг ёшлар муддатидан олдин пробация ҳисобидан чиқарилди. Алоҳида эътиборга муҳтож 1 миллион ёшлар спорт билан шуғулланишни бошлади, 700 мингида санъатга қизиқиш пайдо бўлди.Тарбияси оғир, қийин шароитдаги ёшлар билан янгича ишлаш тизими бўлади.Жумладан, оилавий ажрим ёқасидаги, жиноят қилишга мойиллиги бор, мунтазам дарс қолдирувчи ёшлар билан манзилли ишланади.Туман ҳокимлари ҳар ҳафта, вилоят ҳокимлари ва вазирлар ҳар ой камида бир марта ёшлар билан учрашиб, муаммоларига ечим беради.Мактаб, коллеж, техникум, олийгоҳ спорт заллари ва кутубхоналари, стадион ва бассейнлар маҳалла ёшларига хизмат қилишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.Ёз мавсумида “Янги Ўзбекистон ватанпарвар ёшлари” дастури асосида 2 миллион ёшлар спорт ва ватанпарварлик тадбирлари билан қамраб олинади. Шунингдек, жамоавий спорт ўйинлари, шахмат, стол тенниси, бадминтон, якка кураш, сузиш бўйича туман, вилоят ҳокимлари, вазирлар кубоги ўтказилади.Мутасаддиларга маҳаллаларда, мактаб, техникум, олийгоҳ, сиҳатгоҳ ва оромгоҳлар залларида, паркларда китобхонлик, шеърхонлик, рақс, мусиқа ва кино кунларини ташкил қилиш топширилди.Ҳар бир истироҳат боғи, сайилгоҳ ва хиёбонларга бепул “вай-фай” ўрнатиш вазифаси қўйилди.Яқинда бўлиб ўтган “Турон” театри танловида 12 мингдан зиёд театр жамоаси қатнашди. Танлов натижасида ҳар бир туманда ўзига хос кичик театр жамоаси шаклланди. “Турон” театри танлови ҳар йили мактаб ўқувчилари орасида ўтказиладиган бўлди. Ғолиб бўлган ўқувчилар Ижод мактабларига қабул қилинади.Вилоят, туман ҳокимларига ёз мавсумида мактаб, техникум, олийгоҳ, истироҳат боғларида меҳнат ярмаркаларини ўтказиш топширилди. Бу орқали вакант ўринларга камида 150 минг ёшларни ишга жойлаштириш мумкин.Ёз ойларида “қурилиш отрядлари”ни ташкил этиб, 100 минг ёшларни ойлик берадиган ишларга жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.Тадбиркорларнинг ёшларни касбга ўқитиш ва ишга жойлаштириш борасидаги ташаббуслари бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши таъкидланди.Янги ўқув йилидан бошлаб мактаб, коллеж, техникум ўқувчиларини касбга ўргатиб, иш бераётган тадбиркорларнинг бу харажатлари солиқ базасидан чегириб ташланади. Ўқувчиларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланади.Бундан кейин ҳам қизларнинг таълим олиши, даромад топиши, шароитларини яхшилаш борасидаги ишлар давом эттирилиши таъкидланди.Жумладан, оғир шароитга тушиб қолган уй-жойга муҳтож қизлар учун 1 хонали ижтимоий уйлар қурилади. Улар ишга жойлашиб, оёққа туриб олгунга қадар, ушбу уйларда 3 йил давомида бепул яшаши мумкин бўлади.Ҳокимларга ижтимоий уйларнинг намунавий лойиҳасини қилиб, қурилишни бошлаш топширилди.Соғлиги туфайли ишга қатнай олмайдиган қизларнинг яшаб турган хонадонида  масофавий иш билан таъминлаш чоралари кўрилади. Бундан ташқари, уч ёшгача фарзанди бор талаба-қизларга масофавий таълим олиш имконияти яратилади.Сўнг давлатимиз раҳбари ёшлар билан мулоқот қилди.Сўзга чиққан йигит-қизлар бир қатор таклиф ва ташаббусларини илгари сурди.Жумладан, мустақил Ўзбекистон темир йўллари ташкил топганининг 30 йиллигига темир йўл соҳасида халқаро форум ташкил қилиш, Марказий Осиё ва Туркий давлатлар ёшлари билан экологик масалаларни доимий муҳокама қилиш мақсадида Халқаро кенгаш тузиш таклиф қилинди.Юртимизда органик маҳсулот етиштиришни қўллаб-қувватлаш, “Иқтидорли ёш кадрлар” электрон платформасини ишга тушириш, “Келажак касблари лойиҳаси” доирасида тил ўрганиш тартибини такомиллаштириш юзасидан фикрлар билдирилди.Шунингдек, ёшлар кўчма “Шеърият театри”ни ташкил этиб, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти асарларининг таржималарини халқаро оммага етказиш ташаббуслари илгари сурилди.Топ-100 таликка кирган университетларга кириш тартиблари, грант ютиш сирлари, бу олийгоҳларда ўқиш учун қандай стратегия тузиш бўйича ёшларимизни ўргатиш мақсадида оромгоҳлар ташкил этиш ва онлайн-платформа яратиш ва бошқа таклифлар ҳам билдирилди.Президентимиз мулоқот чоғида билдирилган фикр ва таклифларни чуқур ўрганиб, амалиётга жорий этиш юзасидан мутасаддиларга қатор топшириқлар берди.Йиғилиш якунида Президентимиз ёшларга кўмаклашиш, уларга тўғри йўл кўрсатиш – энг хайрли ишлигини таъкидлади.- Ҳар бирингиз ҳаётда муносиб ўрнингизни топишингиз учун, биз бундан кейин ҳам бор куч ва имкониятларни тўлиқ ишга соламиз, - деди давлатимиз раҳбари.Мутасаддиларга “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да ёшларнинг ахлоқий, интеллектуал, ижодий ва жисмоний ривожланиши учун ҳар бир лойиҳа ва ташаббус сўзсиз амалга оширилиши муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди.

28 Июн 2024 йил

96

Ориятли инсонларга таъзим

Ёш бўлишига қарамай, хизматнинг сир-асрорларини ўрганиб, Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясида олган билимларини амалда муваффақиятли қўллаб келаётган Мудассарнинг иш бошлаганига кўп бўлгани йўқ. 2023 йили юқоридаги билим даргоҳини битириб, пойтахтнинг Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида иш бошлаган  лейтенант Мудассар Муҳаммадиев катта профилактика инспектори, катта лейтенант  Жасур Раҳмоновни ўз устози деб билади. Устозининг фуқаролар билан муомаласи, уларнинг мурожаатларига  муносабати,  иш юритиши, маҳалла фаоллари,  ҳудудда жойлашган идора ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги, ҳар бир мурожаатга вақт топиши, муаммоларни  қонуний ҳал этишдаги  хатти-ҳаракатларини ўрганган шогирд, бугун бемалол ўзи мана шу вазифаларни аъло даражада бажариб келмоқда.– Ҳудудимизда ичувчи-жанжалкаш оилалар деярли йўқ, – дейди М.Муҳаммадиев. – Саккиз нафар тарбияси оғир деб топилиб, “Қизил тоифа”га киритилган ўсмирларимиз бор. Улар қизиқишларига қараб турли спорт тўгаракларига жалб этилган. Ҳафтасига  хабар олиниб,  ҳулқи, юриш-туриши ўрганилиб, тегишли суҳбатлар ўтказиб борилмоқда.  Ёшлар  етакчилари билан ҳамкорликда моддий қийналиб қолган  беш нафар олийгоҳларда таълим олувчи ёшларимизнинг шартнома пулларини тўлаб беришга эришдик.М.Муҳаммадиев хизмат кўрсатаётган ҳудудда судланганлар деярли йўқ ҳисоб. Ҳудуд аҳолиси асосан меҳнаткаш, тинчликсевар, аҳил-иноқ, аксарияти иш билан банд. Бу эса ҳудуд аҳолисининг ориятли эканлигидан дарак беради. Қуйида Мудассар баён қилган воқеа фикримизни  тасдиқлайди. – Бу хонадонга кириб борганимда, нозиккина қизнинг елкасида шундай залворли юк турганини кўриб таъсирланиб кетдим, – дейди лейтенант Мудассар Муҳаммадиев. – Ота-онаси ногирон, яна икки укаси ногирон. Уларни  парваришлаш, уй-рўзғорни тебратиш ана шу қизнинг елкасида. Аммо дардини кўчага ошкор қилмагани унинг қанчалар номусли ва ҳамияти кучли эканлигидан далолат беради. Ҳалол меҳнати билан уларни  парваришлаб келаётган бу қизнинг иродаси, бардошига  қойил қолдим.  Аҳволни ўрганиб, сайёр қабулга ёздириб, уйига иссиқлиқ мосламаси ўрнатиб беришга эришдик. Бундан ташқари  озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда моддий пул ажратилди. Ҳар ой хабар олиш йўлга қўйилиб, маҳалла  фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда ижтимоий ёрдам кўрсатиб келинмоқда.Ҳамюртлари ташвишига бефарқ бўлмаган, бириктирилган ҳудудда тинчлик-осойишталикни сақлаш, фуқароларнинг  меҳнат қилиши, ўқиши, хотиржам яшаши учун сидқидилдан хизмат қилиб келаётган Мудассар Муҳаммадиев каби шижоатли ёшлар сафимизда кўпаяверсин.

28 Июн 2024 йил

260

Тил билган эл билар

Ҳумоюн Мирзатиллаев Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги  ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академиясини 2023 йилда муваффақиятли тугатиб, Тошкент шаҳар ИИББ Яшнобод тумани ИИО ФМБда профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Отаси Отабек Сатимбаевнинг ҳам ички ишларда фаолият юритиши сабаб унга хизмат кўникмаларини  эгаллаш қийин кечмади.  Ёш лейтенантнинг тиришқоқлиги, ишга сидқидилдан ёндашиши раҳбарият эътиборидан четда қолмади. Кўп фурсат ўтмай, у пойтахт ИИББ  Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика инспекторлигига  таклиф қилинди.  Инглиз, рус ва турк тилларида бемалол сўзлашуви  унга хорижий сайёҳлар билан ишлашда жуда қўл келди. – Юртимизга ташриф буюрган сайёҳлар, меҳнат шартномалари асосида ишловчи хорижликлар билан ҳам баъзан  англашмовчиликлар юз бериб туради. Худди шундай ҳодиса ҳиндистонлик бир неча меҳмонлар билан юз берди. Улар паспортларини йўқотиб қўйишиб, ички ишларга мурожаат қилишди, – дейди лейтенант Ҳумоюн Мирзатиллаев.  – Уларнинг сафар йўлларида қидирув ишлари натижа бермади. Меҳмонларнинг ватанига қайтиш муҳлатлари эса яқинлашиб борарди. Маҳаллий профилактика инспектори, тегишли идоралар билан ҳамкорликда уларга янги ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ватанларига қайтаришга муваффақ бўлинди.Ёки Туркия давлати фуқароси билан бўлган  воқеа ҳам ёзишга арзигуликдир. Ўзбекистонда фаолият юритувчи Туркия компаниясининг ишчиси бўлган Билол ўз иш ҳақини ололмай  ички ишларга мурожаат қилди. Ички ишлар идоралари томонидан  тегишли идораларга мурожаатлари натижасида иш берувчидан тўлиқ иш ҳақини олди.Ҳумоюннинг иш тажрибасида сайёҳларнинг адашиб қолиши, буюмларини унутиб қолдириши, бирор хизмат кўрсатилишидан норозилик билдириши каби воқеалар учраб туради. Уларни қонун доирасида ҳал қилиш, юртимизнинг гўзал  масканларини эркин томоша қилиш, асори атиқаларимиз билан танишиб, Ўзбекистонимиз ҳақида илиқ ва ёқимли хотиралар билан  ватанларига қайтишида пойтахт ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимларининг ҳиссаси катта. Ана шу ҳиссанинг кичик бўлагида  бошқарманинг ёш  ходими, лейтенант Ҳумоюн Мирзатиллаевнинг ҳам улуши борлиги қувонарлидир. 

27 Июн 2024 йил

545

Интерактив хизматлар

Text to speech