Қимматга тушган ичкилик
Қарама-қарши йўл бўлагига чиқиб кетиб, тўқнашув содир этишига бир баҳя қолганида Камтарнинг ҳуши ўзига келди. Тормозни кескин босиб, бошини рулга қўйди. Кимнинг автомашинасида ўтирибди, қаерга, қандай қилиб келиб қолганини англашга уринди. Хаёлига келган фикрдан қўрқиб кетди. Куёви Нодиржонга қўнғироқ қилиб тезда Фарҳод бозори чорраҳаси ёнидаги кўчага етиб келишини сўради. Аммо куёви етиб келмай туриб, автомашина ойнасини ички ишлар ходимлари тақиллатиб, унга машинадан тушишни буюрганида, оёқлари қалтираб, тили калимага келмай қолди.Аслида Камтарнинг спиртли ичимликлар ичишга ҳуши йўқ. Ўз аҳволи ўзига аён. Ичдими, эс-ҳушини йўқотади. Ким, қаерда ўтирибди, ёнида кимлар бор эди, нималарни гапирди, нималар қилди: эслай олмайди. Шунинг учун ичмайди. Лекин ўша куни яъни, 2023 йилнинг 12 сентябрида таниши Қодир билан беармон ичди. Тонгга яқин гандираклаб чиқиб кетди. Чилонзор мавзесидаги уй олдида турган Nexia-3 автомашинаси эътиборини тортди. Унга яқинлашиб ойнасидан калит ичида турганини кўргач, тош билан ойнасини уриб синдириб, ўт олдирди-да ҳайдаб кетди.— Олий маълумотли бўлган қаҳрамонимиз, аслида туппа-тузук касб-корга эга, бир нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси. Ўша куни танишининг туғилган куни баҳонасида бирга ўтириб спиртли ичимликлар ичишади. Қодир оёғида туролмай, ухлаб қолади, Камтар эса уйига бориш ниятида йўлга чиқади ва жиноят содир этади. Қизиғи, бундай ҳолатда у уйини ҳам топа олмасди, аслида, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Бахтиёр Назимбаев. – Яхшиямки, бирор шахсга зиён етказмагани, ўзини хатти-ҳаракатига жавоб бера олмайдиган шахсдан нима кутиш мумкин?! Тергов жараёнида нима учун автомашинани олиб қочганлигига бирор жўяли изоҳ тополмади.Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган Ш.Камтарнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси, 1-қисми (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) билан айбли, деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 3 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.