4 Ноябр 2024 йил 632

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё

       Шавкат Шоматовлар оиласида тиббиёт соҳасига кўпроқ ёнбосишлик кузатиларди. Дарҳақиқат, одамларнинг дардига малҳам бўлиш, дардини аритиш, соғлиқ улашишдек эзгу ва савобдан катта бахт йўқ. Оила катталари тиббиёт соҳасида  ҳалол меҳнат қилиб, касбидан обрў ва  эътибор топиб келаётгани ҳам бунга мисол эди. Бироқ Азиз Шоматов ўрта мактабни битирибоқ Республика Қуролли кучлар сафида ўз йигитлик бурчини ўташга ошиқди. Ҳолбуки, у мактаб чоғлариданоқ бўлажак касбини танлаб бўлган эди. Ватан тинчлиги-осойишталигини асраш, жиноий иллатларга қарши кураш,  юртдошларини жиноий таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳам эл соғлиғини ҳимоя қилишдан фарқланмайдиган касб. Азиз 1996 йили йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Собир Раҳимов тумани ички ишлар  бўлимига (ҳозирги Олмазор тумани) ҳужжатларини топширди. Туман ИИБ навбатчилик қисми навбатчи милиционери лавозимида иш бошлади. Илк устози навбатчи, капитан  Ҳамдам Қаршиевдан соҳанинг ўзига хос жиҳатларини  тиришқоқлик ва қунт билан ўрганди. Бу орада устозининг маслаҳатларига қулоқ тутиб, ҳам тажрибаси, ҳам махсус маълумотини ошириб борди. Кўп йиллар туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори лавозимида ҳам фаолият юритди. Бу хизмат йилларини Азиз ўзгача хотиралар билан эслайди. Жуда кўплаб инсонлар тақдири ва ҳаёти билан танишди, турфа феълли шахсларнинг туриш-турмуши, фикрлаши ва онги бирда уни ҳайратга солган бўлса, бирда чуқур ўйлашга ундади. Кейинчалик бу ўзлаштирган ҳаётий ва  касбий тажрибалари нафақат ўзининг, балки ўзгаларнинг ҳам муаммоларига тўғри ечим топишига, жўяли маслаҳатлар беришига хизмат қилди. Синчковлиги ҳамда зийраклиги туфайли кўплаб жиноятларнинг олдини олиб, ИИББ раҳбариятининг ташаккурномалари ва фахрий ёрлиқларига сазовор бўлди. Ишхонада бўлгани каби, маҳаллада ҳам обрў-эътибор қозонди.

        Айни дамда Азиз Шоматов муаззам шаҳримизнинг Олмазор тумани  1-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчи катта инспектори лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда. Бу орада кўплаб шогирдлар етиштирди.  Майор Илҳом Абдураҳмонов, эрта-индин зобитлик унвонини оладиган Жамшид Эргашев ва бошқа кўплаб шогирдлари устози Азиз Шоматовни илиқлик билан тилга  олишади. 

       – Азиз ака жуда талабчан ва қаттиққўл устоздир. Уларнинг соҳа бўйича тажриба ва малакасидан ташқари  ҳаётий тажрибалари ҳам эътирофга лойиқ, – дейди Жамшид. – Ҳаммамиз инсонмиз. Турмушда нималар бўлмайди, дейсиз. Азиз аканинг ҳар бир вазият ва шароитга теран ва адолатли қараши, тўғри маслаҳатлари бизларга айрим хизмат ва турмуш қийинчиликларни енгиб ўтишга ёрдам беради. Шу боис нафақага чиқишини ҳам кечиктириш тарафдоримиз. 

       Азиз ака хизматни сидқидилдан адо этиш билан бирга оила, фарзанд тарбиясини ҳам биргаликда уйғун олиб боришга интилди. Турмуш ўртоғи Нигора опа билан уч фарзандининг эл-юртга нафи тегадиган, баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор беришди. Бугун уч фарзанди ҳам олий ўқув юртлари талабаларидир. Оила маҳаллада ўз ўрни ва салмоғига эга. Азиз ака маҳалла аҳлининг йиғину тадбирларида ҳам бош-қош. Бир сўз билан айтганда ибрат олса арзигулик оила.

Барча янгиликлар

Text to speech