5 Ноябр 2024 йил 578

Қобил фарзанд, фидойи ходим

        Инсоннинг мақсади бўлса, унинг ҳаёти ўзгача мазмун касб этади. Мақсади сари ташланган ҳар бир қадам унга завқ ва ўзгача шижоат бахш этади. Бу куч уни олдинга етаклайди. Мақсадига етиб ҳам уни сайқаллаштириш, ижодий ёндашиб ўзгача жило беришга ундайди. Қаҳрамонимиз Абат Карлибаев ҳам ўз орзусига етишиш йўлида кўплаб машаққатларни енгиб ўтишига тўғри келган. Ўрта-махсус маълумотга эга бўлгач, йигитлик бурчини ўташ учун Республика Қуролли кучларида хизматни ўтаб қайтди. Оиланинг тўнғичи бўлган Абат бир муддат ўз орзуларини ортга суришга мажбур бўлди. 2000 йилдагина орзусини амалга ошириш имкони туғилди ва у ишонч билан унга қадам қўйди. Тошкент  шаҳар Сергели тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Орадан бир мунча вақт ўтиб лейтенант унвонини олишга муяссар бўлди. Ўз навбатида бу соҳадаги ўн йилдан ортиқ  хизмати унинг кейинги  фаолиятида муҳим ўрин касб этди. 2018 йили у Бектемир тумани ИИО ФМБда профилактика йўналиши бўйича ишлаб, бир йил ўтмай ташкилий бўлим навбатчилик қисми бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Айни дамда эса подполковник Абат Карлибаев туман ИИО ФМБ Ташкилий бўлим бошлиғи лавозимида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Маълумки, ташкилий бўлим ўз номи билан хизматнинг моҳиятини очиб беради. Туман ички ишлар органининг барча соҳалари фаолиятини йўналтирадиган, ижро назоратини олиб борадиган, ҳудуддаги криминоген вазиятни ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва унинг бевосита ижросини таъминлаш ҳамда бошқа қатор вазифаларни  амалга ошириб келади. Бир сўз билан айтганда, Абат раҳбарлик қилаётган бўлим туман қандай яшаяпти, нима билан нафас олаяпти, камчиликлар қаерда ва уни қандай бартараф этиш лозим, барча-барчасидан хабардор бўлмоғи ва аҳолининг тинч-хотиржам яшаши, ўқиши, меҳнат қилиши, ҳордиқ олишини таъминлаш борасида  зарурий  чоралар кўриши шарт. Ва бу вазифани бўлим ходимлари подполковник Абат раҳбарлигида бенуқсон бажариб келяпти, десак муболаға бўлмайди. Абат  пойтахтимизнинг қайси туманида, қай соҳада фаолият олиб бормасин ҳалол ва фидойи, сидқидилдан хизматлари учун Тошкент шаҳар ИИББ, туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан кўплаб ташаккурномалар, фахрий ёрлиқ ва  қимматбаҳо совғалар, пул мукофотлари билан тақдирланиб келиняпти.  Республика ИИВнинг учинчи даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланганлиги ана шу меҳнатининг муносиб эътирофидир.  Абат турмуш ўртоғи  Сайёра опа билан уч нафар фарзандини тарбиялаб, уларнинг баркамол бўлиб вояга етишиши, Ватанимиз, халқимиз корига ярайдиган фарзандлар бўлишига катта эътибор беришди. Бугунги кунда барчаси олий маълумотли, юртимизнинг турли жабҳаларида ҳалол меҳнат қилиб, унинг равнақи ва юксалишига муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Ҳув, ўша ёшлигида бўлгани каби Абат ҳар сафар хизматга йўл оларкан, етмиш ёшдан ошган онаси Баян онанинг дуои фотиҳасини олишни канда қилмайди. Зотан, ҳаётидаги энг катта бойлиги, нималарга интилган ва  эришган бўлса, мўътабар онасининг рози-ризолиги, дуоси ижобати деб билади. Ва бу – ҳақиқат.

Барча янгиликлар

Text to speech