ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тафаккур ўйинлари ғолиблари

Мамлакатимизнинг равнақи, фаровонлиги, ривожланган, илғор давлатлар қаторидан ўрин олишида халқимизнинг билимли, зукко, тафаккури кенг, маънавияти ва маданияти юқори бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ички ишлар ходимлари юртимизнинг мақоми ва савиясини кўрсатувчи асосий омил бўлганлиги боис ички ишлар органларига ана шундай номзодларни қабул қилишга катта эътибор қаратилган, юқори талаблар қўйилган. Бу борада 2021 йилнинг апрелида Юртбошимиз томонидан қабул қилинган “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳам яққол мисолдир. Вазирлик тизимларида қарорда белгиланган вазифалар даврий равишда мунтазам ижро этиб келинмоқда. Шу йилнинг 1 апрелидан 30 апрелига қадар ички ишлар вазирлиги тизимида “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз!” шиори остида “Маънавият ойлиги” ўтказиб келинмоқда. Ойлик доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тизимларида хизмат қилаётган ходималар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Мазкур тадбирдан мақсад: тизимларда хизмат қилаётган аёл ходималарнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини синовдан ўтказиш, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб боришга иштиёқини кучайтириш, билимли ва салоҳиятли ходималарга иқтидорини намойиш этишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш ҳамда муносиб равишда рағбатлантириб бориш орқали билимга ва касбга руҳлантиришдан иборат. Қизғин ва баҳсларга бой ўтган тафаккур ва билимлар мусобақасида 1-ўрин Бектемир тумани, 2-ўрин Яшнобод тумани, 3 -ўрин Олмазор тумани ИИО ФМБ билимдон ходималарига насиб этди. Ғолибларга тегишли диплом ҳамда пул мукофотлари топширилди.Ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, билим олишга, ўз савиялари, дунёқарашларини кенгайтиришга вақт топаётган зукко, зеҳнли ва билимли аёл-ходималаримизни ғалаба билан табриклаб, уларга ишларида ва турмушларида муваффақият ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз!

12 Апрел 2025 йил

31

Яккасарой туманида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди

Аҳоли муаммоларини жойида ўрганиш ва ҳал этилишини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда. Яккасарой ва Миробод туманлари аҳолиси учун ташкиллаштирилган навбатдаги сайёр қабул Яккасарой туманидаги Ҳамид Сулаймонов маҳалласида бўлиб ўтди. Пойтахт ИИББ бошлиғи ва Тошкент шаҳар халқ қабулхонаси мудири томонидан ўтказилган қабулда ушбу туманларнинг ҳокимлари, прокурорлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этишди. Ўтказиладиган сайёр қабул давомида жами 45 нафар фуқаролардан муаммолари ўрганилди. Улардан 18 таси суриштирув ва тергов ҳаракатлари юзасидан; 4 таси етказилган моддий зарарни ундириш бўйича; 7 таси ички ишлар органларига хизматга қабул қилиш, хизматни ўташ ва қайта тиклаш юзасидан; 4 таси пробация ҳисобда турган шахсларни муддатидан илгари шартли озод қилиш масаласида; 5 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш бўйича; 7 таси Даволаниш учун моддий ёрдам бўйича мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатларнинг 8 таси жойида ижобий ҳал этилди, 15 таси бўйича малакали тушунтириш берилди, кўриб чиқиш қўшимча муддат талаб этадиган 22 та мурожаатларнинг ижроси назоратга олинди. Бу каби сайёр қабуллар аҳоли ва давлат органлари ўртасида очиқ мулоқотни таъминлаш, муаммоларни кечиктирмасдан ҳал этишда муҳим қадам ҳисобланади. Ушбу тадбирлар фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини ошириш, жамиятда самарали ижтимоий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилади. Сайёр қабулдан сўнг мутасадди раҳбарлар томонидан фахрийлар ҳолидан хабар олинди, кам таъминланган ва қаровсиз қолган фуқароларнинг уйига борилиб муаммолари ўрганилди ҳамда ижтимоий кўмак берилди.

11 Апрел 2025 йил

104

Сохта сайёҳлик фирмалари фош этилди

Юртимиздаги мустақиллик, диний эркинлик туфайли халқимиз учун “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Бироқ ушбу амалларини бажаришга ошиққан фуқароларимизнинг орзуси ва йиллаб ният қилган зиёрат мақсадларидан ўз ғараз ниятларида фойдаланишни кўзда тутган шасхлар ҳам йўқ эмас.Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мана шундай сохта сайёҳлик фирмалари фаолиятига чек қўйилди.Хусусан, Тошкент шаҳар Учтепа туманида жойлашган “Mahdiy turizm” масъулияти чекланган жамият ходими 1995 йилда туғилган Абдулазиз Жўрабоев тўрт нафар фуқарога “Ҳаж” сафарига юборишни ваъда қилган. А.Жўрабоев МЧЖнинг ушбу фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси йўқлигини била туриб, улардан алдов йўли билан 27.200 АҚШ долларини олаётган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.Яна бир ноқонуний ҳолат пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида қайд этилди. “Sohil turizm” масъулияти чекланган жамият директори 1991 йилда туғилган Сирожиддин Нуриддинов икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни “Ҳаж” сафарига юборишни ваъда қилиб, бундай фаолият тури билан шуғулланишга лицензияси бўлмасада, 10.000 АҚШ долларини олган вақтида холислар иштирокида ушланган.Мазкур ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилишлик учун Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тақдим этилди.Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз ушбу шахслардан ва сайёҳлик фирмаларидан жабр кўрган бўлсангиз Тошкент шаҳар ИИББ нинг 71-206-43-02 рақамига ёки 102 рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз. Шу ўринда “Ҳаж” ва “Умра” зиёратларига боришни мақсад қилган юртдошларимизга эслатиб ўтмоқчимиз: юртимизда мазкур зиёратларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Мусулмонлар идораси ҳузуридаги “Ҳаж”, “Умра” маркази ва Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан ўрнатилган тартибда рухсат берилган лицензияга эга сайёҳлик фирмалари фаолият юритмоқда. Лицензияга эга сайёҳлик фирмаларининг манзили ва алоқа рақамлари ҳақидаги маълумотлар билан Дин ишлари бўйича қўмитанинг расмий саҳифалари орқали танишишингиз мумкин.

11 Апрел 2025 йил

194

Очиқ талончилик

Суҳробжон ёш бўлишига қарамай, бир неча марта суднинг қора курсисига ўтиришига, қилмишига яраша аввал ахлоқ тузатиш ишларига, кейинчалик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Бироқ булардан тегишли хулоса чиқармади. Ота-онаси ҳам қонун билан “чиқишмайдиган”, на касбу кори, на яхши яшашга интилиши бўлмаган ноқобил ўғлининг бошини икки қилиш учун бировнинг эшигини қоқишга истиҳола қилди. Ўғил эса тараллабедод ҳаётидан хурсанд, хоҳласа ёлланма кунлик ишга чиқади, хоҳламаса йўқ. Ота-онанинг топганига шерик. Улар эса сўнгги пайтлари унга насиҳат ҳам қилмай қўйишди. Чунки, Суҳроб уларни эшитмас, қўрслик қилар, жанжал кўтарар, ўзининг туссиз, завқсиз, шум ҳаётида айбловни ота-онасига қўярди. 2023 йилнинг 13 май куни у Учтепа туманида жойлашган ошхонага келди. Спиртли ичимликлар, таом буюрди. Тунги соат ўн бирларда хўрандалар сийраклаша бошлади. У кетишга чоғланди ва ёнидаги стол устида турган Б.Илҳомга тегишли бўлган нархи 5.800.000 сўмлик “Huawei Nova 11 i” телефонини очиқдан-очиқ талончилик билан олиб чиқиб кета бошлади. Илҳом ҳай-ҳайлаб ўғрининг ортидан югуриб чиқди, аммо у тун қоронғусига сингиб кетганди. Телефон эгаси зудлик билан 102 рақамига қўнғироқ қилди. Туман ички ишлар органи ходимлари учун Суҳробни топиш қийинчилик туғдирмади. Аммо у телефонни нотаниш кимсага 600.000 сўмга сотишга улгурган экан.Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1997 йилда туғилган, маълумоти ўрта, бўйдоқ, хавфли рецидивист бўлган У.Суҳробнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) билан айбдор деб топди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаевнинг иш юритувидан олинди.

10 Апрел 2025 йил

184

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading