Суҳробжон ёш бўлишига қарамай, бир неча марта суднинг қора курсисига ўтиришига, қилмишига яраша аввал ахлоқ тузатиш ишларига, кейинчалик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. Бироқ булардан тегишли хулоса чиқармади. Ота-онаси ҳам қонун билан “чиқишмайдиган”, на касбу кори, на яхши яшашга интилиши бўлмаган ноқобил ўғлининг бошини икки қилиш учун бировнинг эшигини қоқишга истиҳола қилди. Ўғил эса тараллабедод ҳаётидан хурсанд, хоҳласа ёлланма кунлик ишга чиқади, хоҳламаса йўқ. Ота-онанинг топганига шерик. Улар эса сўнгги пайтлари унга насиҳат ҳам қилмай қўйишди. Чунки, Суҳроб уларни эшитмас, қўрслик қилар, жанжал кўтарар, ўзининг туссиз, завқсиз, шум ҳаётида айбловни ота-онасига қўярди. 2023 йилнинг 13 май куни у Учтепа туманида жойлашган ошхонага келди. Спиртли ичимликлар, таом буюрди. Тунги соат ўн бирларда хўрандалар сийраклаша бошлади. У кетишга чоғланди ва ёнидаги стол устида турган Б.Илҳомга тегишли бўлган нархи 5.800.000 сўмлик “Huawei Nova 11 i” телефонини очиқдан-очиқ талончилик билан олиб чиқиб кета бошлади. Илҳом ҳай-ҳайлаб ўғрининг ортидан югуриб чиқди, аммо у тун қоронғусига сингиб кетганди. Телефон эгаси зудлик билан 102 рақамига қўнғироқ қилди. Туман ички ишлар органи ходимлари учун Суҳробни топиш қийинчилик туғдирмади. Аммо у телефонни нотаниш кимсага 600.000 сўмга сотишга улгурган экан. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1997 йилда туғилган, маълумоти ўрта, бўйдоқ, хавфли рецидивист бўлган У.Суҳробнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси 3-қисми “а” банди (“Талончилик”) билан айбдор деб топди ва 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаевнинг иш юритувидан олинди.