Шуҳрат мактабни тамомлагач, институтга ўз билими билан ўқишга киришга муваффақ бўлди. Бироқ талабалик гаштини суриб улгурмай талончилик жинояти содир этиб 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шу-шу ўқиш ҳам қолиб кетди. Кейин фирибгарлик жинояти учун судланди. Бироқ бундан ҳам ўзига тўғри хулоса чиқармади. Жазо муддатини ўтаб бўлиши ҳамоноқ яна бир жиноятга қўл урди. 2024 йилнинг декабрь ойида таниши А.Йўлдошни учратиб, суҳбат чоғида унинг автомашина олиш ниятида эканлигидан хабар топди. Ўзининг “Captiva” автомашинасини таклиф қилди. Йўлдош унинг автомашинасини ҳайдаб кўрди ва сотиб олишга қарор қилди. Эртаси куни Шуҳратга 25.000 АҚШ долларини келтириб нотариусга бориб расмийлаштиришни таклиф қилди. Аммо олдиндан автомашинасини сотиш нияти бўлмаган, фақат қўлига пул киритишни режалаштирган Шуҳрат нотариусга ташрифни бошқа кунга қолдирди. Шу-шу сувга тушган тошдек Йўлдошга кўринмай кетди. Шуҳрат жиноий ҳаракатларини давом эттириб, таниши Д.Пўлатни ҳам чув туширди. Пўлатнинг хонадон сотиб олиш ниятини билган Шуҳрат унга ўзи яшаб турган хонадонини сотмоқчи эканлигини айтиб, 39.000 АҚШ долларини қўлга киритди.
— Жабрланувчилар Шуҳратни аввалдан таниганлари учун унга ишонишган. У эса уларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, пулларини олган,– дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Ўз танишларини алдашга уялмаган одамдан нима кутиш мумкин? Одам одамга ишонмаса, муносабатларда ишонч бўлмаса, ҳаётнинг завқи-шавқи хиралашмайдими?
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1993 йилда туғилган, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлган, муқаддам судланган У.Шуҳратнинг жиноий қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаганлиги, айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.