ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

“Жентльмен”чиликни қотирмади

Мастлик албатта жиноятга етаклайди. Бироқ Бобурнинг мисолида бу бошқачароқ, яъни олдиндан тайёрланганлиги билан фарқ қилади. У таниши Гулҳаёнинг илтимосига кўра, гўёки аёлни камситиб, шаънига путур етказган “гуноҳкор” З.Элдор билан “эркакчасига” гаплашиб қўйиш - “жасорат” учун атай спиртли ичимлик ичиб учрашувга келди. Келишув бўйича аввал Гулҳаё чиқиб, Элдордан бундан бир неча йил аввал ўрталарида содир бўлган нохуш ҳолатни эслатиб, кечирим сўраши ҳамда гуноҳини ювиш учун товон пули тўлаши зарурлигини айтди, аммо эркак кўнмади. Бақир-чақир авжига чиққач эса “жентльменимиз” автомашинадан тушиб келиб, низога аралашди. Элдор “бир сўм ҳам ололмайсанлар, билганларингни қилларинг!”, дея орқа ўгириб кета бошлади. Мақсадлари амалга ошмаган Бобур машинадаги ошхона пичоғини олиб унинг ортидан бориб санчди. 2024 йил 17 март куни тонгги соат 07.00 ларда Учтепа тумани “Абдулла Қодирий” маҳалласи бўйлаб ҳаракатланган “тез тиббий ёрдам” автомашинасининг ташвишли сигнали маҳалла аҳлининг тинчини бузди.Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Элдорга етказилган жароҳатларни ҳаёт учун хавфли – оғир тан жароҳати эканлиги ҳақида хулоса берди.Аслида воқеани чуқур ўрганмай, асл моҳиятини англамай, аёлга ўзини кўрсатиб қўймоқчи, шу билан унинг ҳурмати ва ишончига сазовор бўлмоқчи бўлган Бобур нотўғри йўл танлаган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Тергов жараёнида ҳам ўзини аёл шаънининг ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди. Шахснинг қадр-қиммати дахлсиз, аммо у ўзга шахснинг ҳаётига тажовуз қилиш эвазига бўлмаслиги керак. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, муқаддам судланмаган, уч нафар вояга етмаган фарзандлари бор Қ.Бобурнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “а” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

15 Апрел 2025 йил

45

Кўнгил нималар истамайди...

Меҳнатга бўйни ёр бермаган Хожиакбар илгари содир этган жиноятлари учун бир неча маротаба судланганлигига қарамай, тўғри хулоса чиқармади. Иккинчи маротаба қамалганида турмуш ўртоғи фарзандининг тақдирини ўйлаб, отасининг “касри урмасин”, деб бир нафар фарзандини олди-да ажрашиб кетди. “Ундан ундирган алиментим ҳам ҳаром луқма, шу кетиши бўлса, эрта кун келиб қизидан алимент ундиришдан ҳам тоймайди” дея алиментга ҳам бермади, фарзандини ҳам кўрсатмади. Хожиакбар бундан қайғурмадиям. Аксинча, “ортиқча” ташвиш ва чиқимдан қутулганига хурсанд бўлди. Шу-шу сўққабош, топса ейди, топмаса - уйидаги бор бисотини сотади. 2023 йилнинг баҳори. Уйи шип-шийдон. Қани бекорчиликда ётиб телевизор томоша қилса... Дунёда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлса... У 2023 йилнинг 11 март куни Учтепа туманида жойлашган “Фарҳод” бозорида айланиб юриб, маиший техникалар билан савдо қилувчи дўконга кирди. Олдиндан таниш бўлган Р.Умидани суҳбатга тортиб, 2.200.000 сўмлик “Hisense” телевизорини бир ой муддат ичида пулини тўлаб бериш шарти билан олиб кетди. Апрель ойи ўрталарида таниши Ў.Улашга “Фарҳод” деҳқон бозорининг савдо чаққон бўладиган жойидан савдо ўрни топиб, шартнома расмийлаштириш орқали қонунийлаштириб беришни ваъда қилиб 500 АҚШ доллари ва 2.500.000 сўм пулини олади. Лекин на Умидага ва на Улашга берган ваъдаларини бажаради. Ҳар икки жабрланувчи молидан, пулидан айрилганини англагач, туман ички ишлар органларига ёзма мурожаат қилишга мажбур бўлишади.Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган, оиласи билан ажрашган И.Хожиакбарнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Айбланувчининг қилмишидан пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Юсуф Олимовнинг иш юритувидан олинди.

15 Апрел 2025 йил

50

Кибержиноятчилар қурбонига айланманг!

Рақамли технологияларнинг ривожланиши қулайлик яратиши билан бирга, айрим хавф-хатарларга ҳам сабаб бўлмоқда. Чунки кибермаконда ғараз ниятли кимсалар ҳам йўқ эмас. Энг ачинарлиси, шахсга доир маълумотларни ўзлаштириш орқали ўзганинг пластик карталаридаги пулларини ўзлаштириш, ҳисоб-рақамларга киберҳужум уюштириш каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар сони ортиб бормоқда. Шу сабабли ИИВ ходимлари томонидан барча вазирлик ва идораларда фуқароларнинг ахборот технологияларидан фойдаланиш саводхонлигини ошириш, қолаверса, ушбу турдаги жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида тушунчалар бериш мақсадида, профилактик-тушунтириш ишлари ўтказиб келинмоқда. Жумладан, ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлигида “Кибержиноятчилар қурбонига айланманг!” мавзусида тадбир ўтказилди. Унда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ахборот-технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлими бошлиғи У. Чориев, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқармаси ходимлари катта лейтенантлар С. Турдиев ва Ш. Исломовлар иштирок этишди. Тадбирда сўз олганлар тобора жиддий муаммога айланиб бораётган кибержиноятлар ва уларнинг турлари, улардан ҳимояланиш усуллари, амалдаги процессуал қонунчилик ҳужжатларида мазкур жиноятларга қўлланиладиган жазолар ҳақида тўхталиб ўтдилар. © Sarhad.uz

15 Апрел 2025 йил

97

ТДЮда болалар виктимлигининг профилактикаси ва уларни зарарли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишга бағишланган давра суҳбати ўтказилди

“Болалар виктимлигининг профилактикаси ва уларни зарарли ахборот хуружларидан ҳимоя қилишнинг инновацион усуллари” номли инновацион лойиҳани амалга ошириш доирасида ташкил этилган анжуманда Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари в.б. Ширин Норматова, Яшнобод тумани ИМО МФБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Албина Ахмедова, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди. Давра суҳбатида вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, болалар виктимлигининг профилактикаси ва уларни зарарли ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот турлари ва уларни таснифи, мактабларда буллинг (таъқиб этиш) ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.Тадбир давомида иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

14 Апрел 2025 йил

182

Интерактив хизматлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya:

loading