ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

       Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Нажот– таълимда, нажот–тарбияда, нажот–илмда” мавзусига бағишланди. Тадбирга мавзуни кенг ва батафсил ёритиб бериш учун Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи, сиёсий фанлар доктори, доцент Мансур Мусаев таклиф этилди. Нотиқ ўз маърузасида учинчи ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсад йўлида дадил илгарилаб бораётган Янги Ўзбекистонда таълим тизими олдига қўйилган мислсиз вазифалар, уларни амалга ошириш учун юксак профессионал кадрлар тайёрлаш лозимлигига тўхталди. Шунингдек, бу борада юртимизда олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида гапирди. Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона йўли эканлигини, замонавий ўқув услубларини жорий этиш, дунё илғор тажрибасини ўрганиш орқали энг мақбулини жорий этиш кераклигини таъкидлади.        Маъруза сўнгида йиғилганлар эътиборига “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди.

10 Сентябр 2024 йил

30

Машина эмас, ният бузуқ

         Мўмай, тер тўкмай пул топиш илинжида бўлганлар бу йўлда нималарни ўйлаб топмайди, дейсиз. Бозорнинг у растасидан мол олиб устига яна қўшимча нарх қўйиб бу растасида сотаётганлар қанча. Аброрга бу усул ёқиб қолди. Фарқи: олиб-сотарлар пулни олиб буюмни харидорнинг қўлига тутқазишади, Аброр эса пулини олиб буюмни бермасликни режалаштирди. 2021 йилнинг февраль ойида таниши М.Мирзараҳимовдан ойига 300 АҚШ доллари бериш шарти билан “Spark” автомашинасини ижарага олди. Шу заҳотиёқ автомашинани ижарага бериш ҳақида ижтимоий тармоқларга эълон берди. Унинг фирибига У.Умид илинди. Умиддан кафолат пули тариқасида 500 АҚШ доллари олди ва ойига 1.200.000 сўмдан тўланишига келишилди. Кейинги иш – нотариал идора орқали ишончнома расмийлаштириш.         – Аброр  кафолат пулини олиб, автомашинани расмийлаштириш у ёқда турсин, уни харидорга кўрсатгани ҳам йўқ, –- дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, лейтенант Ф.Усманов. – Аввал Умидга автомашина бузилиб қолганини баҳона қилиб юрди, кейин эса қўнғироқларга жавоб бермай қочиб юрган. Алданганини билган Умид ички ишлар идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.          Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди Э.Аброрнинг қилмишларига қонуний баҳо бериб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан (“Фирибгарлик”) айбдор, деб топди. Унинг  икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, етказилган зарар қопланганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

10 Сентябр 2024 йил

44

Сарсон талабалар

Шаҳзод билан Суҳроб битта олийгоҳда ўқишади. Ниятлари олийгоҳда яхши билим олиб ўз касбларининг устаси бўлиш десангиз, хато ўйлаган бўласиз. Улар ётоқхонада бирга туриша бошлашди-ю ҳамфикр чиқиб қолишди. Нима кўп “ковид” деган бало ортидан келиб чиқаётган муаммолар кўп. Айниқса, вужудга келган шароитлар мамлакатимиздан ташқари олийгоҳларда ўқиётган талабаларнинг юртимиздаги тенг мақомли ўқув юртларига ўтказиш ҳаракатига тушиб қолишгани. Икки талаба бу вазиятдан фойдаланиб қолишни –Ўзбекистон  олийгоҳларига ўқишларини кўчириш истагида бўлганларга “ёрдам” беришни мақсад қилишди. Ҳар иккиси гапни бир жойга қўйиб, масъулияти чекланган жамият тузиб, ижтимоий тармоқлар орқали сохта эълон беришди. Дарҳақиқат, улар нишонни тўғри олишган экан. Кўп ўтмай илк мижозлар пайдо бўла бошлади. 2021 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Шаҳноза ўқишини Россия Федерациясидаги университетдан Тошкентдаги университетга ўтказиш масаласида мурожаат қилади. Қизнинг соддалиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини сезган “ҳожатбарорлар” жамиятнинг имкониятлари кенглиги: нафақат ўқишни ўтказиш балки олийгоҳларга киритиб қўйишга ҳам қодирлигини қистириб ўтишади. Қўшни республикалар олийгоҳларига арзонга киритиб, узоғи билан бир-икки йил ичида мамлакатимиздаги муқобил олийгоҳларга ўтказиш нисбатан камхаражатлигини миясига қуйишади. Тузоқ иш бериб, бир ҳафталар ўтиб-ўтмай Шаҳноза икки нафар таниши: Рўзигул ва Абдуллахонларни етаклаб келиб турибди-да. Ҳар бири қўшни республикасидаги педагогика университетига ўқишга киришига ишониб, 650 АҚШ долларидан беришади ва катта умидлар билан хушхабарни кута бошлашади. Кириб келган янги 2022 йил икки ҳамтовоқ учун “серҳосил” йил бўлишидан дарак бераётганди. 18 февраль куни қўшни республикаларнинг нуфузли олийгоҳларида ўқишига ишонган Нилуфар 12.500.000 сўм, Зуҳриддин 10.000.000 сўм, Зарина 200 АҚШ доллари беради.– Афсуски, ҳанузгача билимларини чуқурлаштириш, кириш имтиҳонларига қунт билан тайёргарлик кўриш ўрнига, пора бериб олийгоҳ талабаси бўлиш орзусида юрадиган ёшлар бор, – дейди Яккасарой тумани  ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан Сардор Махсатуллаев. – Кучли билимга эга инсон фақат ўзига ишонади, пулнинг кучига эмас.    Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Шаҳзодни ва 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий Сухробни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Уларнинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдаларга етказилган моддий зарарни тўла қоплаганлиги, жазони оғирлаштирувчи ҳолат аниқланмаганлиги инобатга олиниб, ҳар иккиси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

9 Сентябр 2024 йил

171

Фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси топширилди

Мамлакатимизда инсон ва унинг қадри улуғланган. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида - 30 август куни "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинган эди. Унга асосан фуқаролиги бўлмаган бир нечта шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги берилди. Чилонзор туманида истиқомат қилувчи ана шундай фуқароларнинг бир нечтасига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси тантанали равишда топширилди. Чилонзор тумани ИИО ФМБда бўлиб ўтган тадбирда туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Нематулло Хайдаров ушбу фуқароларга ID-картасини топширар экан, келажакда юртимиз сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари ва халқимиз учун яратилаётган барча шароит ва имкониятлардан фойдаланишларида омадлар тилади.Улар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатини эътироф этиб, бундай имкониятдан мамнун бўлиб, ўзларининг чуқур миннатдорлигини билдирди. 

9 Сентябр 2024 йил

276

Интерактив хизматлар

Text to speech