Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар органлари пойтахт бошқармалари раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди
2023 йилнинг 14 июнь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар органлари пойтахт бўлинмалари бошлиқларининг 3-йиғилишида иштирок этди.
Йиғилишда, шунингдек, МДҲда уюшган жиноятчилик ва жиноятчиликнинг хавфли турларига қарши курашишни мувофиқлаштириш бюроси директори О. Коновалов ва Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазири В. Эйвазов, Озарбайжон (Боку), Беларус (Минск), Қозоғистон (Остона), Қирғизистон (Бишкек), Россия (Москва) ва Тожикистон (Душанбе) шаҳарлари ички ишлар органлари пойтахт бошқармалари раҳбарлари иштирок этдилар.
Учрашув давомида иштирокчилар МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида жиноятчиликка қарши кураш ҳолатини муҳокама қилдилар. Хусусан, барча раҳбарлар жиноятларнинг анъанавий турлари камайганига қарамай, ахборот-коммуникация технологиялари ва интернетдан фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар сезиларли даражада ошганини таъкидладилар. Йиғилишда кибержиноятларга қарши курашишнинг самарали усуллари ҳам таклиф этилди.
Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар томонидан кибержиноятчиликка қарши курашда конструктив мулоқотни давом эттириш бўйича таклифлар билдирилди.