Бирор жойда қўним топиб ишламаган Шорасулнинг хотини ахийри боласини олиб, ота-онасининг уйига кетиб қолди. Очиғи, қачонгача чидаш мумкин?! Шорасулнинг ҳам ўзига яраша важи бор. Ота-онаси эрта уйлантирган. Унинг “ёшман, ўйнаб-кулиб юрадиган пайтимда, рўзғорнинг ола хуржунини елкамга ортиб нима қиламан?!”, деганига қулоқ осишмади.
Мана оқибати. У ҳам ўртоқлари сингари қаҳвахонаю турли кўнгилочар масканларда вақтичоғлик қилгиси келади. 22 ёшида унга шу керакмиди?! Аслида, ота-онаси бир неча бор суднинг қора курсисига ўтирган фарзандини “оилали бўлса, қуйилиб қолар”, деган ниятда уйлантирганди. Бироқ...
Ҳадемай, янги йил. Ўртоқлари билан кайф-сафо қилиши учун унга пул керак. У пул топиш йўлларини излай бошлади. Хаёлига келган режа уни тез-тез хотини бориб турган Фарғона йўли кўчасида жойлашган гўзаллик салонига етаклади. Салонда ишловчи аёллар Шорасулни яхши танишади. Ахир бу ерда у Лоласини кутиб озмунча вақтини ўтказмаганми?!
13 декабрь, соат 12:30 ларда у мазкур салонга кириб борди. Аёллар билан эски қадрдони каби қуюқ саломлашиб, турли мавзуларда гап очиб, суҳбатни атай ўз режасига бурди.
— Танишларим Сергелидаги машина бозоридан иш топиб беришди. Ўзлари маиший техникалар савдоси билан шуғулланишади. Мен ҳозирча автомашина бўёқларини сотяпман. Ҳадемай ўз ёнларига олишади, — деб гап очди. — Улар божхона орқали мусодара қилинган уяли телефон ва бошқа маиший техникаларни сотиб, яхшигина фойда кўришяпти. Уддабуронлик билан ташланган қармоққа аёллар дарров илинишди. Телефонлар ҳақида сўрай бошлашди. Шорасул нарх-навосини гаплашиш учун кимгадир телефон қилганча ташқарига чиқди ва бир оздан кейин кириб:
— Муддатли тўлов билан олсангизлар ҳам бўларкан, — дея тўлов шартларини тушунтира бошлади.
Дилдора ва Насиба ойига 50 АҚШ долларидан, 11 ой тўлаб бориш шарти билан ҳар бири икки донадан “Iphone 14 Pro Max”га буюртма бериб, 250 АҚШ доллардан беришди. Людмила икки ой давомида 50 АҚШ доллари тўлаб бориш шарти билан “Air Pods3” қулоқчини хариди учун 50 АҚШ доллар берди. Пулларни олган Шорасул икки-уч соатларда айтилган молларни келтириб беришга ваъда бериб, кетганча қорасини кўрсатмади. Аёллар алламаҳалгача, ҳатто уйларига бориб ҳам қайта-қайта қўнғироқ қилишига қарамай, ҳеч қандай жавоб бўлмади.
— Илгари жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод туманлари суди томонидан фирибгарлиги ва ўғрилиги учунсудланган Шорасул ота-онасининг ишончини оқламади. Уни уйлантириб, қуйилишига ишонган ота-онаси бу сафар ҳам ишониб, жабрдийдаларга етказилган моддий зарарни тўлалигича қоплаб беришди. Бироқ Шорасул буни қандай тушунади, бизга қоронғу. Аслида қозонда бўлса, чўмичга чиқар, деган нақл бор, — дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Фаррух Эргашев.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди Шорасулни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топиб, жабрдийдаларга етказилган зарарни тўлиқ қоплагани, айбига иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Нилуфар ИСОХОНОВА,
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи
© Газета «Mahalla»,№51 (2189), 2024 йил 29 август