6 Сентябр 2024 йил 900

Шерикчилик тергов хонасида тугади

Пул ҳаммага керак. Уни топиш йўлида кимлардир эртаю кеч “жонини Жабборга бериб” тер тўкади. Кимлардир оиласи, ота-онаси,  туғилган юртини ташлаб бегона ўлкаларда “ит ётиш, мирза туриш” деганларидек, турли шароитларда ишлаб топишга уринади. Бугун сўзламоқчи бўлган воқеамиз “қаҳрамони” Дилмуродга ўхшаганлар эса текин даромад орттиришни хомхаёл қилиб бу йўлда турфа найранглар ўйлаб топишдан ҳузур қилишади. Дилмурод олий маълумотли, оилали, илгари судланмаган. Ҳаётга эзгу умидлар, гўзал ниятлар билан қадам қўйиш ўрнига ўйлаб топган ҳийласи кишини ўйлантиради. 2022 йилнинг май ойида Дилмурод курсдоши – бир дастурхондан нон еб, бир пиёлада чой ичган Нодирни учратиб қолди. У корхонада ўзи танлаган касби бўйича ишлаётган экан. Дилмуроднинг ғайирлиги келдими ёинки дипломи, касби бўла туриб бекорчи юрганидан хижолат тортибми, ўзини тадбиркорман деб таништирди. Ўз ёлғонига ўзи ҳам ишониб қолдими ёки режаси олдиндан пишитилганмиди, қўярда-қўймай уни шерикчиликка ундади. Аввалига Нодир кўнмади. Бироқ  олинадиган фойдадан фалон фоиз улуш тегишини ҳисоблаб – пулнинг ҳеч қачон ортиқчаси бўлмайди деб, курсдоши уни алдамаслигига ишониб, рози бўлди. Шундай қилиб Нодир тадбиркор дўстига 10.000 АҚШ долларини бериб, кейинги ойдан келадиган улушини кута бошлади. Бироқ Дилмурод ҳозирда ишлари юришмаётганлиги: келаси... келаси... келаси... ойда албатта юришиб кетишини айтиб ортга сураверди. Нодир  ички ишлар идораларига  мурожаат қилишини айтиб писанда қилганида ўзига тегишли хонадонни унга сотишини, олинган 10.000 АҚШ долларини бошланғич тўлов сифатида қабул қилишини, хонадон ҳужжатлаштириб берилгач, Нодир унга қўшимча 20.000 АҚШ долларини беришини таклиф қилди. Пулини ололмаслигига кўзи етган Нодир унинг бу найрангига ҳам лаққа тушди. Уйни расмийлаштириш ҳам келаси... келаси... келаси... ойларга қолдирилаверилгач, барибир нажот ички ишлар идораларидан келишига кўзи етиб уларга мурожаат қилди.

– Тергов жараёнида Дилмурод олийгоҳда шунчаки диплом учун ўқигани, бу касбга умуман қизиқмаслиги, аслида оддий ошпаз бўлишни орзу қилганлигини, дипломли бўлгач эса ошпаз бўлиб ишлашга уялганини айтганида, иқтидорли, бироқ иродаси суст, ўзгалар фикри таъсирига тез берилувчанлиги учун унга ачиндим, – дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Жаҳонгир Умарходжаев. – Инсон аввало ўз юрагига қулоқ солиши керак. Ёмон муҳандис бўлгандан кўра, яхши  ишчи бўлган афзал эмасми? Қолаверса, ўзинг севган машғулотинг билан шуғуллансанг бу сенга завқ ва ҳаётингга мазмун бағишлайди.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 1980 йилда туғилган Дилмуродни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан (“Фирибгарлик”) айбдор, деб топди. Айбдорнинг қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech