21 Август 2024 йил 0

Қулай ва жозибали шартларнинг миси чиқди

Янги турар-жой олиш ниятида маблағ йиғиб юрган Лола пойтахтнинг турли туманларида қурилиб, сотилаётган хонадон ва уйлар сотуви ҳақидаги реклама ва эълонларни кузатиб борарди. Бироқ орзусидаги уйга етишиш учун пули камлик қилаётганди. 2022 йилнинг декабрь ойида интернет тармоғидаги навбатдаги эълонларни кузатиб ўтираркан, қизиқарли эълонга кўзи тушди.

Унда ёзилишича, фирма мижоз харид қилмоқчи бўлган кўчмас мулкни сотиб олиш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Бунинг учун мижоз хонадон умумий қийматининг 25 фоизини фирманинг ҳисобрақамига ўтказиши ва 4 фоиз хизмат ҳақи тўлаши, тўлов ўтгандан сўнг икки ҳафта ичида сотиб олинган уй калити мижозга топширилиши, кейин мазкур уйни гаровга қўйиш орқали банкдан йиллик 12 фоизли кредит расмийлаштирилиши баён этилганди. Лола ишониб-ишонмай, кўрсатилган фирмага кўнғироқ қилди. Ўзини Баҳодир деб таништирган йигитдан эълондаги сўзлар ростми, деб сўради.

— Нимага ишонмаяпсиз? Биз туфайли кўплаб мижозлар ўзлари истаган уй эгаларига айланди, деди у сўзларига урғу бериб.

— Ишонмасангиз офисимизга келинг ва мижозларимиз билдирган миннатдорлик сўзлари билан танишинг, — деди овозини баландлатиб йигит.

Лола бу сўзлардан сўнг ўзини ноқулай ҳис қилиб, гўёки айбини ювмоқчи бўлгандек, офис манзилини сўради. Йигитнинг овози мулойимлашиб, манзилни айтаркан, жойлашувини юборишга ваъда берди. Эртаси куни Лола манзилга борди. Муҳташам бинога осилган лавҳа унда ишонч уйғотди. Лола биринчи қаватда жойлашган офис ичкарисига кирди: ичкари озода ва шинамгина эди. Унинг олдига маъмуриятдан бир қиз келиб, ташриф боисини сўради ва учрашиши керак бўлган хона рақамини айтди.

Хонада икки нафар ёш ходим бўлиб, улардан бири Лолага ўтиришни таклиф қилди. Улар ўзларини Ниёз ва Шуҳрат деб таништирди. Ниёз уй олиш шартлари ҳақида гапираркан, бу ишда йўқотиш ноль фоиз эканлиги, иш ҳалоллик ва яна ҳалоллик асосида юритилишини бир неча бор такрорлади. У сўзларини исботи сифатида шартномалар билан тўла жилдларга ишора қиларкан, улар мижозларнинг раҳматномалари эканлигини таъкидлади.

Бу орада бир неча қўнғироқлар уларнинг суҳбатини бўлар, телефонни кўтарган Шуҳрат ёки Ниёз узр сўраб, хонадан чиқмай, навбатдаги мижозга уй калитини топшириш санасини айтиб, чиройли сўзлар билан табриклар эди. Лоланинг шубҳа-гумонлари тарқаб кетди. Мамнун ҳолда ўзи олмоқчи бўлган уй манзилини ва нархини айтди. Шу заҳотиёқ шартнома тўлдирилиб, имзолар қўйилди, муҳрлар босилди.

Лола уч кунлик муҳлат ичида фирма ҳисобрақамига хонадон нархининг 25 фоизи ҳамда кўрсатилган хизмат учун 4 фоиз пул тўлаши керак эди. У шартларни бажариб, кейинги жараён — банкка бориб кредит расмийлаштириш кунини кута бошлади. Бироқ ҳар сафар бу иш Ниёз ва Шуҳрат томонидан ортга сурилаверди. Вақт ўтиб Лола чув тушганини англади ва ички ишлар идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Тергов давомида жабрдийда биргина Лола эмас, яна беш киши фирибгарларнинг тузоғига илингани фош бўлди. Уддабурон қаллоблар соддадил инсонлардан 1 397 932 330 сўм пулларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган эди.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди 38 ёшли Баҳодир, 30 ёшли Шуҳрат ва 26 ёшли Ниёзларни Жиноят Кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Баҳодир 8 йилу 6 ой, Шуҳрат 8 йилу 3 ой ва Ниёз 8 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.

Ҳурматли фуқаролар! Енгил ва жозибали таклифлардан эҳтиёт бўлинг! Фирибгарлар содда, ишонувчан фуқароларни чув тушириш мақсадида, ҳар қандай айёрлик ва риёкорликдан усталик билан фойдаланиб, пешона тери билан топган пулларингизни ўзлаштиришга ҳаракат қилишади. Огоҳ бўлинг!

Нилуфар ИСОХОНОВА,

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи

© Газета «Mahalla»,№48 (2186), 2024 йил 17 август

Барча янгиликлар

Text to speech