5 Сентябр 2024 йил 989

Ҳою-ҳавасларга эрк берилса...

Кишининг имон-эътиқоди мустаҳкам бўлса, уни бу ҳаётнинг енгил-елпи, алдамчи Ҳою-ҳаваслари йўлдан оғдиролмайди. Диёр туппа-тузук оила фарзанди, бир фарзанднинг отаси, топгани оиласига етаётганди. Нима бўлди-ю кўнгли кўчадаги “ҳурлиқоларни” истаб қолди. Ҳаммаси шундан кейин, яъни, ҳалоли қолиб ҳаромга интилганидан бошланди. Уйдан барака учди. Охир оқибат ... Келинг, унинг “ўткир ҳиссиётлар”га интилган хомхаёллари қандай тугагани ҳақида бир бошдан ҳикоя қилайлик.

Диёр 1994 йилда туғилган. Маълумоти ўрта. Очиқкўнгил, меҳнаткашлиги, катта-кичикка ҳурмат билан муомала қилиши туфайли таниш-билишлари уни ишсиз қўйишмади. Маоши яхши иш топиб беришди. Уйланди, бахтига рафиқаси саранжом-сариштали, камсуқум, тежамкор, сабрли аёл чиқди. Бир фарзандли бўлди. Эҳтимол, унинг ўрнида бошқа бўлганида ҳаётидан мамнун, шукронасини қилиб,тинч-тотув яшарди. Унинг эса кўнгли ўткир ҳиссиётлар талабида – боши ёп-ёруғ жилвакор, аммо охири қоп-қоронғу ва хатарли бўлган кўчага етаклади. Ўзини бадавлат кўрсатмоқчи бўлган Диёрнинг атрофида ўралашган “хонимчалар”, вақт ўтиб, чўнтагини қоқиб бўлгач, уни бошқа “овчи”га топширишди. Бу гиёҳванд  ва психотроп моддалар истеъмол қилувчи 1977 йилда туғилган, оилали, Мурод эди. Мурод илгари босқинчилик, ўғирлик, зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш каби жиноятларни содир этиб, бир неча бор қамалиб чиққанди. Аввал Диёр ўз истеъмоли учун Муроддан гиёҳванд моддаларини сотиб олиб юрди, кейинчалик сотиб олишга қурби етмагач, ўзи сотишни мақсад қилди. Тақдир чархпалагини кўринг-ки, бошида Муроддан оғу сотиб олиб юрган Диёр энди унга ўзи сота бошлади. 2023 йилнинг 9 январь куни соат 16.30 ларда Миробод тумани ИИО ФМБ ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши ўтказилган тезкор тадбирда Муроднинг машинаси чап эшиги қисмидан Диёрдан сотиб олинган 3.200.000 сўмлик 15.98 граммни ташкил этувчи “марихуана” моддаси топилди.

– Тергов жараёнида Диёр  юқоридаги марихуана гиёҳвандлик моддасини Санжар исмли шахсдан 2.000.000 сўмга сотиб олиб, Муродга 3.200.000 сўмга пуллагани аниқланди, – дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан Меҳрож Хидиров. – Тергов жараёнида Мурод Диёрга қараганда ўзини жуда тажовузкор тутди, айбловларни инкор эта бошлади. Бу унинг қамоқда ўтириб “тўплаган тажрибаси” эканлигидан далолат, шундай қилсам, жазодан қутулиб қоламан деб ўйлади. Афсуски, бунинг ўрнига тўғри йўл танлаганида ўзи учун кони фойда бўларди.   

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди Диёрни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан айбдор, деб топди. Суд Диёрнинг муқаддам судланмагани, жиноятни очишда фаол ёрдам бергани, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги, чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг  57-моддасини қўллаб, 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шунингдек, Мурод Жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми билан айбдор деб топилиб, 57-моддасини қўллаб, 7 йил озодликдан маҳрум қилинди. Санжар исмли шахснинг шахсини тўлиқ аниқлаш мақсадида тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech