Мўмай, тер тўкмай пул топиш илинжида бўлганлар бу йўлда нималарни ўйлаб топмайди, дейсиз. Бозорнинг у растасидан мол олиб устига яна қўшимча нарх қўйиб бу растасида сотаётганлар қанча. Аброрга бу усул ёқиб қолди. Фарқи: олиб-сотарлар пулни олиб буюмни харидорнинг қўлига тутқазишади, Аброр эса пулини олиб буюмни бермасликни режалаштирди. 2021 йилнинг февраль ойида таниши М.Мирзараҳимовдан ойига 300 АҚШ доллари бериш шарти билан “Spark” автомашинасини ижарага олди. Шу заҳотиёқ автомашинани ижарага бериш ҳақида ижтимоий тармоқларга эълон берди. Унинг фирибига У.Умид илинди. Умиддан кафолат пули тариқасида 500 АҚШ доллари олди ва ойига 1.200.000 сўмдан тўланишига келишилди. Кейинги иш – нотариал идора орқали ишончнома расмийлаштириш.
– Аброр кафолат пулини олиб, автомашинани расмийлаштириш у ёқда турсин, уни харидорга кўрсатгани ҳам йўқ, –- дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, лейтенант Ф.Усманов. – Аввал Умидга автомашина бузилиб қолганини баҳона қилиб юрди, кейин эса қўнғироқларга жавоб бермай қочиб юрган. Алданганини билган Умид ички ишлар идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди Э.Аброрнинг қилмишларига қонуний баҳо бериб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан (“Фирибгарлик”) айбдор, деб топди. Унинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги, етказилган зарар қопланганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.