ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33 йиллиги мамлакатимиз бўйлаб “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” шиори остида кенг нишонланмоқда. Ушбу сана юртимизда қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда адолат ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим босқичлардан бири сифатида эътироф этилади. Мазкур байрам доирасида Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасида ҳам тантанали тадбир ўтказилди. Унда ходимларга Конституциянинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни, унда белгиланган демократик тамойиллар ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш масалалари ҳақида фикр алмашдилар. Тадбирнинг бадиий қисми сифатида Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ансамбли томонидан байрамона концерт дастури тақдим этилди. Миллий куй-қўшиқлар ва рақслар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди ва ушбу сана аҳамиятини янада бойитди.

6 Декабр 2025 йил

86

Туманлар ИИО ФМБ раҳбариятининг шахсий қабуллари кундалигидан

Президентимизнинг ташаббусларига асосан, давлат идоралари ваколатли раҳбарларининг аҳоли кенг қатламлари ичига кириб бориши, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб, қонуний ҳал қилиши асносида фуқароларимизнинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаб, адолатга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда. Мутасаддилар томонидан ташкиллаштирилаётган шахсий ва сайёр қабуллар жараёнида жамиятимиз, аҳолимиз ўртасида кўпдан буён йиғилиб, муаммога айланиб улгурган қатор масалаларнинг қонуний ҳал этилиши аҳолимиз ҳаётини енгиллаштирибгина қолмай мустаҳкам ҳуқуқий фуқаролик жамиятини яратишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти ва туманлар ҳудудий тузилмалари раҳбарлари томонидан ҳам тизимли равишда ўтказиб келинаётган қабуллар бунга яққол далилдир. Бугунги кунда пойтахт аҳли тортинмай, бемалол раҳбар қабулига келиб ўз муаммоларига қонуний жавоб топиб, ишонч ҳиссини туймоқда. Ҳуқуқий тўғри тавсия ва маслаҳатлар олиш имкони, қонуний йўл билан муаммоларнинг ҳал этилаётгани аксарият тугунга айланган масалалар ҳамда англашилмовчиликларга чек қўймоқда. Ҳафта давомида ҳудудий тузилмалар раҳбарлари томонидан мана шундай қабуллар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Сергели тумани ИИО ФМБ бошлиғи Баходир Анваров томонидан “Қипчоқ” маҳалласида 17 нафар фуқаро, “Бирдамлик” маҳалласида 14 нафар фуқаро, “Зийнат” маҳалласида 15 нафар фуқаро, “Шукрона” маҳалласида яшовчи 15 нафар қабул қилиниб, уларнинг мурожаатлари ўрганилди. Аксарият мурожаатлар қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, Сергели туманида пробация ҳисобида рўйхатда турувчи фуқаролар билан шахсий қабул ўтказилди ва 15 нафар маҳкумнинг мурожаатлари ўрганилди. 7 нафарининг муаммолари қабулнинг ўзида ижобий ҳал этилди, 8 нафарнинг муаммоларини ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий тавсиялар берилди. Олимазор тумани ИИО ФМБ бошлиғи Иброҳим Хасанов томонидан ўтказилган қабулда 26 нафар фуқаронинг мурожаатлари ўрганилди. 10 нафарининг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар қўшимча ўрганиш талаб қилганлиги сабабли муддат белгиланиб назоратга олинди. Мисол учун, фуқаро У.Фурқат Шифонур кўчасида пиёдалар ўтиши учун чизилган йўл чизиқлари ўчиб кетганлигини, натижада пиёдалар йўлнинг қатнов қисмини кесиб ўтаётганда қийналаётганлигини билдириб, йўл чизиқларини қайтадан чиздириб беришни сўраган. Унинг мурожаати ҳал этилиб, йўл чизиқлари қайтадан чизиб берилди. Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғи Акмал Бахрамов томонидан “Кўҳна Чўпонота” маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда пробация назоратида турган 50 нафар маҳкумлар иштирок этди. Ҳар бирининг мурожаати ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи Маҳкам Вафоевнинг қабулига ташриф буюрган 18 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, 10 нафарининг муаммоси жойида ҳал этилди. 8 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи Искандар Рашидов томонидан ўтказилган қабулда 17 нафар фуқаро иштирок этди. 10 нафарининг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди, 7 нафарининг мурожаати юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Туман раҳбарлари томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларга қонуний ечим топиш, оғирини енгил қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар пойтахтнинг барча туман ИИО ФМБ раҳбарлари томонидан мунтазам амалга ошириб келинмоқда.

6 Декабр 2025 йил

139

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида транспорт тизимини тубдан янгилашга қаратилган қарорни имзолади.

Ҳужжатга мувофиқ: – пойтахтда йўл ҳаракатини бошқаришнинг мутлақо янги модели жорий этилади. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил этилиб, у транспорт, пиёда ва йўловчи оқимларини реал вақтда мониторинг қилиш, бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш ваколатига эга бўлади; – Интеллектуал транспорт тизими (ИТТ) шакллантирилади. Камералар, сенсорлар, светофорлар, жамоат транспорти ҳаракати, навигация, вазн-ҳажм назорати ва барча хизматлар ягона платформага уланади. ИТТ Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Ситуацион марказига интеграция қилинади. Автотранспорт воситаларининг экологик нормативларга мослиги автоматик баҳоланади ва экологик зонасига мос келмайдиган транспорт воситаларини аниқлаш тизими йўлга қўйилади; – 2030-йилгача жамоат транспортидан фойдаланиш улушини 60 фоизга, электробуслар улушини 50 фоизга, автобусларнинг ўртача ҳаракат тезлигини 18 км соатдан 24 км соатга етказиш, 1 минг километр автомобил йўлларини таъмирлаш, 16 та тоннел ва йўл ўтказгич, 700 та "ақлли" чорраҳани барпо этиш, метрополитен тармоғининг узунлигини 103 километрга етказиш, 170 километр велосипед ва 200 километр пиёда йўлакларини ташкил этиш мақсадли кўрсаткичлар сифатида белгилаб олинди; – йўл ва транспорт инфратузилмаси учун махсус жамғарма ташкил этилди. Жарималар, "Хавфсиз шаҳар" тушумлари, реклама тушумлари бир қисми ва бошқа манбалар жамғармага йўналтирилади. Мазкур жамғармага келиб тушган маблағлар транспорт мастер режаси, ИТТ, муҳандислик ечимлари, инфратузилмавий лойиҳалар, автобус йўлаклари ва светофорларни модернизация қилишга сарфланади; – йўл-транспорт соҳасидаги бир қатор ваколатлар 2028-йилгача ҳуқуқий эксперимент сифатида марказга ўтказилади. Бу Тошкентда транспортни ягона марказлашган тизим орқали самарали бошқариш имконини беради; – Тошкент кўчалари, йўл кесишмалари, кўприклар ва йўл ўтказгичлари бўйича катта инфратузилмавий дастур амалга оширилади: автобуслар учун алоҳида йўлаклар, интеллектуал светофорлар жорий этилади, кўчалар комплекс тарзда реконструкция қилинади.

5 Декабр 2025 йил

94

Одиллик тамойиллари амалда

Куни кеча Шайхонтоҳур туманида жойлашган Алишер Навоий номидаги Миллий кино санъат саройида пойтахтимизда давом этаётган кенг қамровли профилактик тадбир: “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги доирасида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари иштирокида долзарб ва муҳим мавзуга бағишланган катта тадбир ўтказилди. Тадбирга пойтахт туманлари ИИО ФМБ Пробация ҳамда профилактика хизматлари рўйхати ва назорати остида турувчи шахслар таклиф этилди. Йиғилишдан кўзланган мақсад уларнинг муаммолари билан танишиб, биргаликда ҳал этиш, саволларига ҳуқуқий жавоб излаш, қайта жиноят ёки ҳуқуқбузарликлар қилишдан қайтариш, тўғри йўлни танлашда қўллаб-қувватлашга қаратилди. Иштирокчилар олдида сўзга чиққан Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ўз маърузасида йиғилганлар диққатини профилактик ҳисобда турувчи шахслар томонидан содир этилаётган жиноятлар салмоғининг ошиб бораётгани, жумладан такрорий жиноятларнинг содир этилаётгани фактларига қаратди. Бу ҳақдаги таҳлилларга таяниб, рақамли ҳамда аниқ далилий мисолларни иштирокчилар диққатига тақдим этди. Шунингдек, муқаддам судланганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш борасида ички ишлар органлари, “маҳалла еттилиги” ҳамкорлигида амалга оширилаётган ижтимоий профилактик тадбирларга қарамай, қилмишидан тегишли хулоса чиқармай, тўғри йўлни, ҳалол ва соғлом турмуш тарзини танлаш ўрнига жиноятга қўл ураётган шахсларни ҳам мисол келтирди. Бу каби берилган имтиёз ва афзалликлардан тўғри фойдаланиш ўрнига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб келаётган шахсларнинг қайта содир этган жиноий қилмишларига урғу берилди. Шулар қаторида ички ишлар органлари нафақат жазоловчи балки тузалиш йўлига ўтган, соғлом турмуш тарзини танлаган, қонунга ҳурмат билан қараган шахсларни қўллаб-қувватловчи, хайрихоҳ идора эканлигини таъкидлаб, жазо шартларини енгилроғига ўзгартириш, собиқ маҳкумларни ижтимоий ҳаётга мослашувини таъминловчи, дастлабки моддий ва маънавий ёрдам кўрсатишдаги фаолияти ҳам кўрсатиб ўтилди. Сўзга чиққан шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Анвар Ўрмонов ўз нутқида давлат идораларининг асосий мақсади жазолаш эмас, балки жиноят содир этган шахсларни тузалиш йўлига қайтариш, ҳаётини изига тушириши учун шароит яратиб бериш ва жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиши учун яна бир имконият бериш эканлигини таъкидлади. Бундан ҳар бир шахс унумли фойдаланиши, давлат томонидан билдирилган ишончни суистеъмол қилмаслиги ва тўғри йўлни танлаши лозимлигини, танлов ҳар бир шахснинг ўз қўлида эканлигини таъкидлади. Шундан сўнг учрашувнинг иккинчи қисмига – очиқ мулоқотга ўтилди. Иштирокчилар ўзларини қийнаётган муаммолар ва мурожаатлари билан мутасаддиларга юзландилар. Ҳар бир мурожаат тингланди ва ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди. Сўнг шу залнинг ўзида сайёр суд мажлиси бўлиб ўтди. Судлар томонидан соҳавий хизмат вакилларининг тузалиш йўлига ўтган, хатосига чин пушаймонлик билдирган, тўғри ва ҳалол меҳнатни танлаган бир неча маҳкумлар бўйича тайёрланган тақдимномалари кўриб чиқилиб, улар жазо муддатларидан шу ернинг ўзида шартли равишда озод этилдилар. Суд томонидан белгиланган жазони ўташдан бўйин товлаган шахсларнинг иши ҳам сайёр судда кўриб чиқилди ва уларга нисбатан тайинланган жазо оғирроғига алмаштирилди. Бу эзгу хайрли тадбир пробация ҳамда профилактик ҳисобда турувчи, назорат остида бўлган шахсларнинг қонунчилигимизга ҳурмат, адолатга ишончини мустаҳкамлаш, жамият ҳаётига мослашиш, тўғри йўл орқали ўз бахтли келажагини яратиш имконини бериш билан бирга зулматга эмас нурга интилишида йўлчироқ бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

5 Декабр 2025 йил

199

Интерактив хизматлар

Text to speech