ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Сарсон талабалар

Шаҳзод билан Суҳроб битта олийгоҳда ўқишади. Ниятлари олийгоҳда яхши билим олиб ўз касбларининг устаси бўлиш десангиз, хато ўйлаган бўласиз. Улар ётоқхонада бирга туриша бошлашди-ю ҳамфикр чиқиб қолишди. Нима кўп “ковид” деган бало ортидан келиб чиқаётган муаммолар кўп. Айниқса, вужудга келган шароитлар мамлакатимиздан ташқари олийгоҳларда ўқиётган талабаларнинг юртимиздаги тенг мақомли ўқув юртларига ўтказиш ҳаракатига тушиб қолишгани. Икки талаба бу вазиятдан фойдаланиб қолишни –Ўзбекистон  олийгоҳларига ўқишларини кўчириш истагида бўлганларга “ёрдам” беришни мақсад қилишди. Ҳар иккиси гапни бир жойга қўйиб, масъулияти чекланган жамият тузиб, ижтимоий тармоқлар орқали сохта эълон беришди. Дарҳақиқат, улар нишонни тўғри олишган экан. Кўп ўтмай илк мижозлар пайдо бўла бошлади. 2021 йилнинг декабрь ойи ўрталарида Шаҳноза ўқишини Россия Федерациясидаги университетдан Тошкентдаги университетга ўтказиш масаласида мурожаат қилади. Қизнинг соддалиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини сезган “ҳожатбарорлар” жамиятнинг имкониятлари кенглиги: нафақат ўқишни ўтказиш балки олийгоҳларга киритиб қўйишга ҳам қодирлигини қистириб ўтишади. Қўшни республикалар олийгоҳларига арзонга киритиб, узоғи билан бир-икки йил ичида мамлакатимиздаги муқобил олийгоҳларга ўтказиш нисбатан камхаражатлигини миясига қуйишади. Тузоқ иш бериб, бир ҳафталар ўтиб-ўтмай Шаҳноза икки нафар таниши: Рўзигул ва Абдуллахонларни етаклаб келиб турибди-да. Ҳар бири қўшни республикасидаги педагогика университетига ўқишга киришига ишониб, 650 АҚШ долларидан беришади ва катта умидлар билан хушхабарни кута бошлашади. Кириб келган янги 2022 йил икки ҳамтовоқ учун “серҳосил” йил бўлишидан дарак бераётганди. 18 февраль куни қўшни республикаларнинг нуфузли олийгоҳларида ўқишига ишонган Нилуфар 12.500.000 сўм, Зуҳриддин 10.000.000 сўм, Зарина 200 АҚШ доллари беради.– Афсуски, ҳанузгача билимларини чуқурлаштириш, кириш имтиҳонларига қунт билан тайёргарлик кўриш ўрнига, пора бериб олийгоҳ талабаси бўлиш орзусида юрадиган ёшлар бор, – дейди Яккасарой тумани  ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими терговчиси, капитан Сардор Махсатуллаев. – Кучли билимга эга инсон фақат ўзига ишонади, пулнинг кучига эмас.    Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий, муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Шаҳзодни ва 1999 йилда туғилган, маълумоти тугалланмаган олий Сухробни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Уларнинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрдийдаларга етказилган моддий зарарни тўла қоплаганлиги, жазони оғирлаштирувчи ҳолат аниқланмаганлиги инобатга олиниб, ҳар иккиси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

9 Сентябр 2024 йил

105

Фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси топширилди

Мамлакатимизда инсон ва унинг қадри улуғланган. Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида - 30 август куни "Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тиклаш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони қабул қилинган эди. Унга асосан фуқаролиги бўлмаган бир нечта шахсларга Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги берилди. Чилонзор туманида истиқомат қилувчи ана шундай фуқароларнинг бир нечтасига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ID-картаси тантанали равишда топширилди. Чилонзор тумани ИИО ФМБда бўлиб ўтган тадбирда туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Нематулло Хайдаров ушбу фуқароларга ID-картасини топширар экан, келажакда юртимиз сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари ва халқимиз учун яратилаётган барча шароит ва имкониятлардан фойдаланишларида омадлар тилади.Улар юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатини эътироф этиб, бундай имкониятдан мамнун бўлиб, ўзларининг чуқур миннатдорлигини билдирди. 

9 Сентябр 2024 йил

234

Яшнобод туманида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди

Яшнобод тумани “Арбаит” маҳалласида содир этилган талончилик жинояти муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда ИИББ ЖТСБ бошлиғи подполковник Б.Анваров ва Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари подполковник А.Нурматов ҳамда туман ИИБ масъул ходимлари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.Йиғилишда ўзганинг мол-мулкини очиқдан-очиқ талон тарож қилиш билан боғлиқ талончилик жиноятининг муҳокамаси ўтказилди. Муҳокамада мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар борасида сўз юритилди. Маҳаллада келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизим, “хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

7 Сентябр 2024 йил

491

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда "Pepsi Music Fest 2024" мусиқа фестивалига келган фуқаролар жамоат тартибини бузаётганлиги акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Юнусобод туманида "Pepsi Music Fest 2024" мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилди. Соат 18:00 дан 22:20 ларга қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган. Бироқ улар орасида бир нечта фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан майда безорилик содир этганлар ҳам бўлди. ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаганларнинг ота-онасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.Шунингдек ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз. Ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз. Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Ташкил этилган оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлашингизни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний талабларини бажаришингизни сўраймиз.

7 Сентябр 2024 йил

2326

Интерактив хизматлар

Text to speech