16 Ноябр 2024 йил 50

Энергетика хавфсизлиги ойлиги доирасида Миробод туманида олиб борилаётган профилактик ишлар ҳақида

Маълумки, ноябрь ойи "Энергетика хавфсизлиги ойлиги" деб эълон қилинган. Қиш мавсумини беталофат ўтказиш, табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишни олдини олиш, истеъмолчиларни ёқилғи-энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ташкил этилган ойлик давомида Республика штаби, ҳудудий ва туман, шаҳар ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Бу тадбирлар пойтахтда ҳам кенг амалга оширилмоқда.

Жумладан, куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ, прокуратура, ҳудудий электр тармоқлари ва тумангаз таъминоти ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари пойтахтимизнинг Миробод туманида тезкор ўрганиш тадбирларини амалга оширди.

Назорат тадбирлари туман ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирида олиб борилди. Бу ерда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан хонадонлардан бирининг электрҳисоблагичи кўздан кечирилди. Бу жараёнда ҳисоблагичнинг махсус муҳри бузилиб, электр энергияси таъминотидан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйилганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, хонадон эгалари томонидан йўлак кираверишидаги қурилма тадбиркорлик учун ўзлаштирилиб, тикув хизматини кўрсатувчи субъект сифатида фаолият юритиб келаётгани маълум бўлди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш, аҳолига хизмат кўрсатиш яхши албатта. Бироқ ҳар қандай тадбиркор электр ресурсларидан фойдаланишда ўрнатилган талаб ва меъёрлар борлигини унутмаслиги керак. Ахир электр энергиясидан фойдаланишда тўловлар жисмоний ва юридик шахслар учун алоҳида тарифларда амалга оширилади.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Миробод тумани электр тармоқлари корхонаси юридик бўлими ҳамда профилактика инспектори томонидан далолатнома расмийлаштирилди.


Барча янгиликлар

Text to speech