16 Ноябр 2024 йил 49

Тоғанинг миннати, жиянга қимматга тушди

Анчадан бери иш қидираётган Абдунаби тоғасининг олдига борди. Тоғаси автомобиллар ювиш шохобчасининг хўжайини бўла туриб, жиянининг бекорчи юрганига қарамай, бирон марта ишга таклиф қилмаганди. Ўзига қолса-ку икки дунёда ҳам хасисдан хасис, зиқнадан зиқна тоғасининг уйига қадам босмаган бўларди. Аммо онаси қистайвериб, ҳоли-жонига қўймади. Тоғаси Абдунабига икки соат насиҳат қилиб, обдон миясини қоқиб қўлига бергач, рози бўлди. Абдунаби унинг олдидан чиқиб кетаркан, "хайрият, бирон креслога ўтирғизишини сўрамапман, бор-йўғи машина ювишга шунчалик насиҳат...Ҳали топган бир сўмимниям миннат қилиб жонимни олар”, дея оғринди. Бошқа иш топгунча тишини-тишига қўйиб ишлаб туришга қарор қилди. Тоғасининг тирноқ ичидан кир қидиришини билган Абдунаби ишини виждонан, ҳалол бажара бошлади. 2023 йилнинг 12 июни куни ишга оёғи тортмади. Бироқ тоғасининг маломатидан, ортиқча ақл ўргатишидан безиган Абдунаби истар-истамас йўлга отланди. Битта автомашинани ювиб бўлар-бўлмас, тоғаси келди ва таъмирланаётган хонани айланиб чиқиб, чиқиндилардан тозалаб қўйишни буюриб кетди. Абдунаби бўш турган шериклари Жаҳонгир ва Фозилга тозалаб туришни айтганида Жаҳонгир: мен бу ерга ахлат тозалагани келмаганман, бунинг учун менга пул бермайди, деди. Фозил ҳам ўз ўрнида: нима менга пул берадими, деди. Иккиси гап талашиб бир оз вақт ўтмай муштлашиб кетишди. Бир-бирининг ёқасидан олиб дўппослашаётган шерикларини ажратмоқчи бўлган Абдунабининг иккисига кучи етмади. У қандай қилиб ошхона пичоғини олиб Фозилни босиб мушт тушираётган Жаҳонгирнинг орқа биқинига икки марта пичоқ санчиганини билмайди. Унинг додлаб биқинини ушлаганини кўргач, ҳушига  келди ва йўловчи машина тўхтатиб жабрдийдани касалхонага элтди.

— Абдунабининг Жаҳонгирга етказган тан жароҳати  ҳаёт учун хавфли, оғир турдаги тан жароҳати туркумига  киради, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Муҳаммадризо Эшпўлатов. – Аслида пичоқни кўрсатиб, қўрқитишга уринганлигини айтган Абдунаби уни қандай қилиб санчиб олганини тушунтириб беролмади.

Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида Д.Абдунабининг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги,  пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги эътиборга олиниб, мазкур кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.


Барча янгиликлар

Text to speech