Ўзбекистон Миллий университетини муваффақиятли тамомлаган Умрбек Абдукаримов иккиланмай Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ҳужжатларини топширди. 2005 йилдан Хоразм вилояти ИИБ Тергов ҳибсхонасида катта йўриқчи, кичик сержант унвонида хизматни бошлади. Ҳибсхона бошлиғи, подполковник Маҳмуд Нарзуллаев, махсус бўлим бошлиғи, капитан Зокир Исмоиловлар ёш, зийрак, оғир-вазмин ва истараси иссиқ йигитни ўз сафларига мамнуният билан қабул қилиб, унга соҳанинг оғир-енгил, паст-баланд, ўзига хос жиҳатлари, эҳтиёт чоралари ҳақида батафсил тушунтириш ва огоҳлантиришлар бериб, хизматга йўлладилар. Соҳага оид меъёрий ҳужжатларни чуқур ўрганганига қарамай, Умрбек устозларидан маслаҳат сўрашдан орланмади, бажараётган ишини яна бир бор назоратдан ўтказиб олишни канда қилмади. Мазкур ўзига хос хизмат Умрбек учун тажриба ва ҳаёт мактаби бўлди десак, хато бўлмайди. Инсонлар тақдири, қандай қилиб жиноят кўчасига кириб қолиши, турмуш зарбаларидан эсанкираш, нафсга қул бўлиш оқибатларини кўриб, бирда фикр, бирда шукр қилиш кераклигини англади. Содир қилган жинояти, қинғирлик ортидан топган бойлиги ҳеч қачон одамга яхшилик олиб келмаслиги, бир кунлик эмин-эркинлик, оила билан ўтказилган бир лаҳзалик бахтдан, фарзандлар ва яқинлар билан суҳбатлашиш, ўқиш, ишлаш кабиларга тенг келолмаслигини ҳис этди. Йиллаб фаолият юритиб, тажриба ва малакасини оширган Умрбек 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ навбатчилик қисми катта навбатчиси, сўнгра пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори лавозимига ўтказилганида туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари подполковник Неъмат Ҳайдаров, катта инспектор майор Шуҳрат Эшбоевни ўзига устоз деб билди. Ўрганишдан тўхтамай, билганларини қайта такрорлаш билан тажрибасини янада бойитди. Уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, ҳали-ҳануз ўзига устоз ҳисоблаб келади. Ички ишлар органларининг турли соҳаларида сидқидилдан зиммасига юкланган вазифаларни адо этиб келган лавҳамиз қаҳрамони ўз вазифаларига виждонан ёндашгани, ижрочилик қобилиятини тўла-тўкис намоён этганлиги боис раҳбариятнинг кўплаб ташаккурномалари, фахрий ёрлиқлари билан рағбатлантириб келиняпти.
У.Абдукаримовнинг жиноятчиликка қарши курашдаги тажрибаси айни пайтда у фаолият юритаётган пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармасида ўз самарасини беряпти. Мазкур бошқарманинг гуруҳ бош мутахассиси бўлган подполковник У.Абдукаримов шу йилнинг 25 октябрь Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Раҳбарият томонидан У.Абдукаримовнинг хизматларига берилган бу баҳо уни янада ғайрат ва шижоат билан жиноятчиликка қарши курашга рағбатлантириши шубҳасиз.