2023 йил 26 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида 1989 йилда туғилган У.Анварнинг жиноий қилмиши кўриб чиқилди ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3- қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.
Мазкур жазо Анварга қайси қилмишлари учун берилгани ҳақида Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Исмоил Ғаффоров қуйидагиларни баён қилди.
— Анвар муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик жинояти учун судланган бўлиб, бир йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Бироқ у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармай 2022 йилда яна фирибгарликка қўл урди. Чунки, бировнинг дўпписини бировга кийдириб олаётган қарзлари космик тезликда юқорилаб бораётганди-да. Нимадир қилиш керак! Нима?! У ижтимоий тармоқлар орқали ўзини “катта бизнес” билан шуғулланишини, йирик бир савдога “атиги” 19.000.000 сўм етмаётгани, кимда ким қўллаб юборса, пулини икки ҳисса қилиб қайтариши ҳақида эълон киритади. Унинг макрига 1983 йилда туғилган Р.Аваз илинади. Улар 2022 йилнинг 19 декабрь куни телефон орқали танишиб, гапни бир жойга қўйгач, 20 декабрь куни қаҳвахонада учрашишади. Яна бир бор келишиб олингач – пул айтилган ҳиссаси билан 2023 йилнинг 5 январидан бир кун ҳам кечикмай қайтарилиши лозим – Аваз Анварга айтилган суммани беради. Ўз навбатида Анвар унга тилхат ёзиб, ҳар иккиси телефонларига нусха кўчириб олишиб, хайрлашишади. Анвар олинган пулларнинг 10 миллионига ҳўл мева сотиб олиб, қолган 9 миллионини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Сотиб олинган мевалардан Яхшигина даромад қилади, бироқ топган даромадини ҳам ўз манфаати йўлида ишлатади. Анвар Авазни ишонтириш мақсадида, 27 декабрь куни уни қаҳвахонага таклиф этиб, ишлари яхши кетаётгани, хамир учидан патир, дея унга 200 АҚШ долларини бериб, қолганини айтилган муддатда беришга ишонтиради. Шу кетганича улар Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимида учрашишади. Тергов ишлари қонуний якунига етказилиб, фирибгар қандай жазога ҳукм қилингани эса ўзингизга маълум.