Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари бир қатор жиноятлар содир этганлиги учун қидирувда бўлган жиноятчини қўлга олдилар

28 апрель куни пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланган (Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168, 169 ва 227-моддалари бўйича) 33 ёшли Дониёрбек Қамбаров Мирзо-Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан қўлга олинди.

Сўнгги бор у 2018 йилда Самарқанд шаҳрида 5 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Жазо даврининг 3 йил 8 ойи ўтгач, Д.Қамбаров ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниши керак эди. Уни колония турар жойига ўтказилиб, корхоналардан бирига ишга жойлашишида ёрдам берилди. Тез орада маҳкум иш жойини ўзбошимчалик билан тарк этиб, Тошкент шаҳри ва вилоятларда фирибгарлик ва ўғрилик билан боғлиқ жиноий фаолиятни давом эттирди.

2019 йил 11 декабрь куни соат 18:30 атрофида Дониёрбек Чилонзор тумани «Олмазор» метро бекати яқинида бўлганида "Nexia-2" русумли автомашинага йўловчи сифатида миниб, ҳайдовчидан уни Мирзо-Улуғбек туманига олиб бориб қўйишини илтимос қилди. Манзил томон кетиш давомида автомобиль ҳайдовчиси 38 ёшли Aлимжон Б. тўхтаб, дўконга кирган. Дониёрбек бундан фойдаланиб, салондаги «бардачок»дан 5 870 000 сўм ва 400 AҚШ долларини ўғирлаган ва жиноят жойидан яширинган. Ушбу ҳолат асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди.

2020 йил 2-январь куни соат 13:00 атрофида Чилонзор туманидаги «Бек-Барака» бозори яқинида бўлган Д.Камбаров «Lacetti» русумли автомашинани тўхтатиб, ҳайдовчи –29 ёшли Умиджон A.дан уни Мирзо-Улуғбек туманига олиб боришини сўрайди. Йўл давомида улар суҳбатлашиб кетганлар. Д. Қамбаров ҳайдовчининг ишончига киришга муваффақ бўлган. Д. Қамбаров ҳайдовчидан олтин узук ва «I-Phone 6» русумли мобиль телефонини олиб, уларни оила аъзоларига кўрсатишини ва тўғри келса, харид қилишини айтган. Шундан сўнг узук ва телефонни олиб, кўп қаватли уйларнинг ҳовлисида яширинган. Ҳайдовчига етказилган зарар 4 602 000 сўмни ташкил этди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-бандига биноан жиноий иш қўзғатилди.

2020 йил 7 январь куни эрталаб соат 10:00 атрофида юқоридаги сценарий Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида такрорланди. Дониёрбек йўловчи сифатида 26 ёшли Мурод К. бошқарувидаги «Spark» русумли автомашинага миниб, уни Мирзо-Улуғбек туманига олиб боришни сўради. Суҳбат давомида Д.Қамбаров ҳайдовчини жиддий идора ходими эканлигига ишонтиришга муваффақ бўлди, аммо бораётган манзилда узоқ қолмаслигини айтиб, ҳайдовчини кутиб туришга ва кейинчалик уни бошқа манзилга олиб боришига кўндирди. Ҳайдовчи Дониёрбекка ишонгач, бир неча дақиқага мобиль телефонини сўраганида, Мурод К. иккиланмасдан телефонини берган. Аслида эса жиноятчи кўп қаватли уйнинг бир эшигидан кириб, бошқасидан чиқиб кетган. Ҳайдовчига етказилган зарар 1 миллион сўмни ташкил этди. Мазкур ҳолат асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-бандига биноан жиноий иш қўзғатилди.

Терговчиларда юқоридаги жиноятларда Д.Камбаров айбдор эканлигига шубҳа қолмади.

Тез орада жиноятлар рўйхати яна бир далил билан тўлдирилди. Жорий йилнинг 15 март куни тахминан соат 19:30 атрофида Чилонзор туманида «Бек Барака» бозори ёнида Қамбаров «Cobalt” русумли автомашинанинг ёнига келди. Машина ҳайдовчиси – 35 ёшли Санжар С. Бухоро вилоятига кетиш учун йўловчилар тўплаётган эди. Дониёрбек ҳайдовчини учта таниши билан Бухорога кетишга тайёрлигига, аммо бунинг учун дўстларини уйларидан олиб кетиш кераклигига ишонтирди. Йўл ҳақи келишилгач, керакли манзилга йўл олишди. Керакли жойга етиб келишгач, Қамбаров ҳайдовчига танишлари деярли тайёр эканликларини, фақат бироз кутиб туриш кераклигини айтган. Ҳайдовчи дўконга кетганидан фойдаланиб, автомобилнинг юкхонасидан 24 094 000 сўмлик жиҳозларни ўғирлаб, воқеа жойидан қочиб кетган. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Дониёрбек Қамбаров алоқадорлиги гумон қилинаётган барча жиноий ишлар бирлаштирилиб, иш давом эттирилиши учун Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБнинг Тергов бўлимига топширилди. Aйни пайтда Қамбаровнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида содир этилган бошқа шу каби жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.