Бундан бир неча йиллар аввал Россия ва Қозоғистон давлатларида фирибгарликнинг янги тури – телефон орқали фуқароларнинг ҳиссиётларидан фойдаланиб, пулга чув тушириш услуби кенг тарқалганди. Мана маълум муддат ўтиб, иллат юқумли, ёмонликнинг эса оёғи узун, дегани ҳақиқат эканлиги аён бўлди.
Бугунги кунда пойтахтимизнинг айрим туманларида белини оғритмай, жонини койитмай мўмай пул топиш йўлини танлаган бир гуруҳ нопок шахслар фирибнинг бу турини ўзлаштириб, фуқаролар, айниқса, кексаларни “нишонга” олиб, ўз ғараз мақсадларини амалга оширишга киришишди. Бу қинғирликларда аёл кишининг ҳам иштирок этиши эса ниҳоятда ачинарлидир. Айнан ўша аёл шериклари берган телефон рақамларига қўнғироқни амалга ошириб, йиғлаб, ойиси ёки бувисига автоҳалокатга учрагани ёки машинада бировни туртиб юборганлигини ёхуд унинг айби билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлганлигини айтиб, уни қамаб қўймасликлари учун айтилган пулларни зудлик билан бериб юборишини илтимос қилади. Ёхуд ўша аёл йиғламсираб, жабрдийда касалхонада оғир аҳволдалигини, шифокорлар даволаш учун пул талаб қилишаётганлигини айтиб, қўнгғироққа жавоб берган қарияларни саросимага солишади.
Бу каби ёлвориш, илтижоларни эшитган қайси она ёки буви жим четда тура олади. Ким жондан азиз фарзандининг умрини хазон қилгиси, ёшлигини панжара ортида ўтиши ёки бир умр тўшакка михланиб қолишини хоҳлайди. Ҳеч ким. Боз устига қўнғироқлар тинмай, ҳали шифокордан, ҳали терговчидан, ҳали жабрдийдадан гоҳи илтижо, гоҳи дўқ-пўписа оҳангида келиб турса... Бир зум хаёлни жойига қўйишга, вазиятни англашга, ақл тарозусига қўйишга фурсат бермаса... Бу орада шошилинчда йиғилган пуллар, пулга чақиладиган қимматбаҳо буюмлар солинган халтачани олиб кетиш учун курьер эшикни тақиллатиб турса...
Жорий йилнинг 23 март куни пойтахт туманларининг бирида истиқомат қилувчи нафақадаги кекса аёлнинг уй телефони жиринглади. Гўшакни кўтарган аёл неварасининг ҳаяжонли овозини эшитиб эсанкираб қолди. Неварасининг ишга эсон-омон бориб келишини хаёлидан ўтказиб турган аёл учун бу кутилмаган воқеа қаттиқ зарба бўлди. Невараси йўлда бир ўсмирни туртиб юборгани, ҳозир касалхонада ўтиргани, шифокорларга фалон пулни бермаса аҳволи танглиги, жабрланувчининг ота-онаси айтилган пулни бермаса қаматиб юбориши билан қўрқитаётганини айтиб тинмай йиғларди. Бу орада кимдир гўшакни олиб, пулни тезлаштирмаса, неварасининг ҳоли войлигини гапиради, “шифокор” эса фалонча пул кераклиги, йўқса, ўсмир вафот этишини айтади. Шум хабардан ўзини йўқотиб қўйган аёл зудлик билан бор-будини йиғиштира бошлайди. Кўп вақт ўтмай “чопар” ҳам эшикни тақиллатади. Нафақасидан тежаб-тергаб, охирги манзилига атаб йиғиб қўйилган бир юзу йигирма миллион сўм неварасининг “айбини ювиш, қамалиб кетишдан асраш” учун фирибгарларнинг чўнтагига тушади.
Бу “айбдорнинг” товони. Фирибнинг бир кўриниши. Яна яқинларининг ўзлари автоҳалокатга учраши ёки жабрланиб қолиши, яъни оғир аҳволда касалхонага тушиб қолиши ҳодисалари ҳам амалда кўплаб қўлланилганини эътироф этиш мумкин.
Аммо халқимизда “бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деган нақл бор. Фирибгарлар бир нарсани унутишган чоғи, улар шохида юрса, ички ишлар ходимлари баргида юришини.
Бу каби ҳолатлар ҳақида ички ишлар идораларига мурожаатлар тушиши билан пойтахт ИИББ раҳбарияти томонидан тегишли хизмат ходимлари жалб этилган махсус тадбирлар ишлаб чиқилди. Аниқ ва режали олиб борилган амалий ишлар натижасида фирибгарликнинг ҳадисини олган, жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.
Шу ўринда фирибгарларнинг усталик билан қўйилаётган қопқонига осон тушаётган жабрдийдаларнинг соддалигини эътироф этмай илож йўқ. Республикамизнинг оммавий ахборот воситалари, телевидение ва радиоларда фирибгарларнинг қилмишлари ҳақида кўплаб чиқишлар, кўрсатувлар, огоҳлантиришлар берилаётганига қарамай, фуқароларимизнинг алданиб қолаётганлиги ачинарли ҳолдир. Айниқса, кексаларнинг. Тан олиш керак, кексалар, ёлғизлар, ўзгалар ёрдамига муҳтожлар кўп ҳолларда нопок, қабиҳ кимсаларнинг домига тушиб қолишмоқда. Жиноятчилар яқинларимизнинг ожиз томонларидан моҳирона фойдаланишмоқда. Қайд этиш лозимки, кексаларимизни жиноий гуруҳ найрангларидан асраш, бахтли кексаликларини таъминлаш, ноқонуний ҳаракатлардан ҳимоя қилиш - биз яқинлари, қадрдонларининг бурчидир. Кези келганда, уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олайлик, баъзи жамиятда рўй бераётган кўнгилсиз ҳодисалардан огоҳ этайлик, ташлаб қўймайлик, деб қайта-қайта эслатгин келади.