Нодира Зокирова ички ишларда хизматни 2004 йилда Миробод тумани ИИБда сафдор лавозимидан бошлаб, турли лавозимларда хизматни давом эттирди. Хусусан, туман бўлими профилактика бўлинмасида хотин-қизлар масаласи бўйича катта инспектор, бўлинма бошлиғи лавозимидаги фаолиятини ўзгача хотирлайди.
- Фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун туну кун ишлашга тўғри келарди, - дея хотирлайди қаҳрамонимиз суҳбатда. – Куннинг, туннинг исталган вақтида содир этиладиган оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшниларнинг жанжали, ўзаро тушунмаслик оқибатида рўй берувчи кўнгилсизликларни ҳал этиш, қонуний кўриб чиқиш, ҳуқуқий йўл-йўриқ кўрсатиш керак бўларди. Хизмат вазифаси тақозоси билан кўплаб оилаларни ўрганишим, уй шароити, рўзғор тутуми билан танишишимга тўғри келган. Уларни ўрганиб шунга амин бўлдимки, қаерда ёлғон, риёкорлик, нопоклик, ҳаром луқма бўлса, эр-хотин, ота-она ва бола муносабатларида оила парокандаликка юз тутиши мумкин экан. Бу менга катта мактаб бўлди, олган тажрибаларим хизматимнинг кейинги даврларида жуда асқотганини алоҳида таъкидлашим лозим. Ўша кезлари менга яқиндан ёрдам берган, касб сирларини беминнат ўргатган устозларим – айни дамда қарилик гаштини сураётган, нафақадаги подполковниклар – Гулнора Ҳолиқова ва Раҳматилла Хожимуҳамедовлардан жуда миннатдорман.
Нодира аҳоли билан, хусусан, хотин-қизлар билан ишлашда самарали фаолият олиб боргани, муаммо ва масалаларини ўз вақтида ҳал қилгани, ҳуқуқий билимларини ошириш борасида сезиларли ишларни амалга оширгани алоҳида эътироф этилиб, “Йил аёли-2019” республика миллий танловида ташаккурнома билан тақдирланган.
Хизмати давомида Нодира эксперт-криминалистика соҳасига жуда катта қизиқиши уни 2009 йилда эксперт-криминалистика бўлимига етаклади. Соҳага оид махсус билимларни ўзлаштиргач, хатшунослик борасида иш бошлади.
Нодиранинг ўз ишига масъулият ва талабчанлик билан ёндашиши, ҳар бир топширилган ишни мантиқий якунига етказиши раҳбарият эътиборидан четда қолмади. 2020 йилда у пойтахт ИИББ Эксперт-криминалистика марказига катта эксперт лавозимига тайинланди.
Айни пайтда подполковник, Нодира Зокирова Эксперт-криминалистика марказининг таҳлил ва ҳисобга олиш бўлими катта эксперти лавозимида хизмат олиб бормоқда. Пойтахтимиздаги туманлар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаларидаги эксперт-криминалистика бўлимлари фаолиятини таҳлил қилиш билан бирга қабул қилинган режа ва тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишларнинг назоратини олиб боради. Шунингдек, ходимларнинг хизмат интизомига риоя қилишлари, юриш-туриши, фуқаролар билан муомаласи, йўл қўйилган хато - камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатади. Айтиш мумкинки, у бундай масъулиятли ва шарафли вазифани фидойилик билан бажариб келмоқда.
Албатта, аёл учун энг муҳими – оила. Уй юмушлари, давлат ишлари, фарзандлар тарбияси, яқинлари билан муносабатларни тенг равишда олиб бориш осон иш эмас. Айниқса, ички ишлар идораларида хизмат олиб бораётган аёллар учун. Эҳтимол, шунинг учун бу соҳада ишловчи аёллар иродали, кучли ва чидамлидир. Бундай аёлларнинг жисмида қандайдир табиий бир устун борки, унга таяниб машаққатларни енгиб ўтишади. Бунга Н.Зокированинг ҳаёти ва иш фаолияти яққол мисолдир.
- Профилактика бўлимида ишлаган даврим мен учун катта ҳаётий сабоқ бўлганини айтишим жоиз. Билдимки, кўплаб кўнгилсизликлар, ҳуқуқбузарликлар, адоват-низолар оилалардаги муҳит, тарбияга, кўп жиҳатдан ота-онанинг бир-бирига ўзаро ҳурмати, муносабатига боғлиқ экан. Шу боис, фарзандларимнинг тарбиясига бефарқ бўлмадим. Имкон қадар улар билан кўпроқ мулоқот қилишга, дўст тутинишга ҳаракат қилдим, - дея таъкидлайди қаҳрамонимиз.
Уч нафар фарзандни ҳалол ризқ билан тарбиялаб, касб-корли қилган, икки нафар қизини яхши жойларга узатиб, тўрт неваранинг бувиси бўлиш билан бирга хизматини муваффақиятли давом эттираётган бу аёл ҳамкасблари, бош бошқарма ходимлари ўртасида катта обрў-эътиборга эга. Раҳбарият томонидан Нодиранинг хизматлари рағбатлантириб борилиши унинг фаолиятига бўлган эътибор ва масъулиятининг маҳсули эканлигига шубҳа йўқ.