22 Апрел 2024 йил 893

Ёшлар камоли – бош омил

         Ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш,  беғараз ёрдам бериш азалий қадриятларимиздандир. Турмушдаги турли вазиятлар, ҳаёт синовлари ҳар кимни ҳар хил даражада синаб кўради. Кимдир енгилади,кимдир йиқилади, яна биров нафақат  ўз йўлини, балки ўзини йўқотади. Ана шундай пайтларда кичик бир ёрдам, қўллаб-қувватлаш умидсиз қалбларга  нажот нури бўлиб киради. Инсонга қаддини ғоз кўтаришга яна курашишга, яшашга ундайди.

          Пойтахтимиз аҳолисининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини ўрганиш, қўллаб-қувватлаш мақсадида пойтахт ИИББ раҳбарияти,масъуллари туман маҳаллаларига бириктирилиб, бу борада  эътирофга лойиқ ишлар амалга ошириб келинмоқда. Учтепа туманига бириктирилган  пойтахт ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Б.Анваров томонидан  ўтказилган яна бир хайрли тадбир фикримизнинг далилидир. Ўрганишлар натижасида мазкур туманнинг Янгийўл маҳалласидаги 43-уй, 159-хонадонда яшовчи фуқаро Жўраева Фотима Равшан қизининг ижтимоий ёрдамга муҳтожлиги аниқланиб, “Ёшлар дафтари”га киритилди. Бундан ташқари олийгоҳда  таълимни давом эттириши учун тўлов шартномасининг ярми, яъни 7.500.000 сўм тўлаб берилди. Шунингдек, оиланинг яшаш шароитини яхшилаш, ўз ўзини банд қилиши мақсадида,  “Туронбанк” ходимлари билан биргаликда  тикув машинаси совға этилди.

          Саховат ва мурувват  кўмагидан мазкур маҳаллада жойлашган 40-уйда истиқомат қилувчи Қосимовлар оиласи ҳам  четда қолмади. Қосимовларнинг икки нафар фарзанди - Отабек ва Билолхонлар Б.Анваровнинг  бевосита кўмагида ҳайдовчилик касбини эгаллаши учун туманда жойлашган Республика Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотига жойлаштирилди. Бундан яна бир кўзланган эзгу мақсад ушбу ташкилот орқали ёшларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлаш ва жўнатишдан иборатлиги ибратлидир.

            Ёшларимизни моддий қўллаб-қувватлаш билан бирга уларнинг маънавий-маърифий савиясини ошириш,  тарихимизга, аждодларимизга ҳурмат, юртимизга муҳаббат руҳида тарбиялаш ҳам устувор вазифаларимиздан биридир. Шу мақсадда тумандаги мазкур маҳаллада яшовчи 50 нафар ёшлар пойтахт ИИББ “Шон-шараф” музейига олиб борилди. Катта қизиқиш ва иштиёқ билан музейни томоша қилган ёшларни ички ишлар фаолияти билан яқиндан таништириш учун улар ЖТСБ Пост-патруль бригадаси таркибида ташкил этилган отлиқ отрядига ҳам олиб борилди. Бу ерда улар хизмат отлари ҳамда Кинология хизматида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашда ходимлар билан бир сафда хизмат олиб бораётган жониворлар билан танишишди. Ходимларнинг ҳар бир сўзларини диққат ва катта қизиқиш билан эшитганидан айтиш мумкинки, мазкур тадбирлар ёшлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Барча янгиликлар

Text to speech