23 Апрел 2024 йил 2345

Нима учун «Mening Inspektorim» иловасини пойтахтимизнинг ҳар бир фуқароси ўрнатиши керак?

Ҳозирда туман профилактика инспекторлари фуқароларнинг хонадонларига бориб, уларга Тошкент шаҳар ИИББнинг “Mening Inspektorim” мобил иловасининг афзалликларини тушунтирган ҳолда, смартфонларига юклаб олишда кўмаклашмоқдалар. Ушбу дастур нима учун яратилган, унинг хусусиятлари ва ундан фойдаланишнинг афзалликлари нимада?

“Mening Inspektorim” иловаси фуқароларга бир қатор қулайликларни тақдим этади, жумладан:

— Шаҳардаги жиноятчилик ҳолати, янги турдаги жиноятлар ва улардан ҳимояланиш йўллари ҳақида ўз вақтида маълумот олиш имконияти;

— Муайян ҳудуддаги туман профилактика инспектори кимлигини ва у билан қайси телефон рақами орқали боғланиш мумкинлиги (ҳозирда онлайн мулоқот функцияси ҳам ишлаб чиқилмоқда);

— Харита орқали энг яқин ИИБнинг таянч пунктлари қаерда жойлашганлигини ва уларга борадиган йўналишларни кўриш;

— Шошилинч хизматлар (Ёнғин хавфсизлиги хизмати, ички ишлар органлари, шошилинч тиббий ёрдам, авария газ хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси билан боғланиш;

— Ягона оператив бошқарув марказига интеграция қилинган SOS тугмаси босилганда, оператор тезкорлик билан мурожаатчига алоқага чиқади. Шу билан бирга, сиз тугмани босиш орқали йўл-транспорт ҳодисасига учраганингиз ёки бошқа бахтсиз ҳодиса юз бергани ёхуд тўсатдан соғлиғингиз ёмонлашганлигини кўрсатишингиз мумкин;

— Илованинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда аниқланган хато ва камчиликларни тузатиш бўйича таклифларни онлайн юбориш имконияти;

— Шунингдек, ички ишлар органларига онлайн ариза юбориш имкониятлари ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Сиз мазкур илова орқали кўп қаватли уйлар олдидаги кириш йўлакларини тўсиб қўйган автомашиналар, тунги вақтларда уйингиз олдида юрган шубҳали шахслар, қўшни хонадонлардаги маиший шовқинлар, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, хонадон кириш эшиги қулфланиб қолганлиги, коммунал соҳада ва бошқа турдаги муаммолар юзасидан мурожаат юборишингиз мумкин. 

Иловани қаердан юклаб олиш мумкин?

Ҳозирда синов тариқасида ишлаётган “Mening Inspektorim” иловасини Google Play да (Android операцион системасида ишлайдиган смартфон фойдаланувчилари учун) қуйидаги илова орқали юклаб олиш мумкин: https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.smartbase.myinspector .

Шунингдек, iOS ва iPadOS операцион тизимларда ишловчи мобил қурилмалар фойдаланувчилари учун иловани юклаб олиш имкониятлари устида ишлар давом эттирилмоқда. Тез орада у App Store да ҳам пайдо бўлади.

Рўйхатдан қандай ўтилади?

1. Телефонингизда иловани ишга туширгандан сўнг, сиздан мобил телефон рақамингиз, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат (биометрик паспорт ёки ID-карта) серияси ва рақамини, шунингдек, туғилган кунингизни кўрсатиш талаб қилинади. Шундан сўнг, тизим сизга FaceID (телефонингизнинг видеокамераси) ёрдамида кўрсатилган идентификация маълумотларини тасдиқлашингизни сўрайди. Бу сизнинг мурожаатларингизни қайд этиш, айрим ҳолларда маълумотларга аниқлик киритиш ҳамда сиз билан бевосита боғланиш учун зарурдир. Шахсий маълумотларингизнинг махфийлиги ва хавфсизлиги кафолатланади.

2. Шундан сўнг, илова сиздан жойлашувингиз ҳақида  маълумотларни (геолокация) билиш учун рухсат сўрайди. Сиз ушбу ҳаракатга рухсат беришингиз керак. Шу орқали сиз, шу ҳудуддаги профилактика инспектори ҳақида маълумотга эга бўласиз, шунингдек, бирор фавқулодда ҳолат юзага келган тақдирда, мазкур жойлашувингиз ҳақидаги маълумотларни тегишли хизматларга юборишингиз мумкин бўлади.

Ҳозирда мазкур илова ўзбек (лотин ва кирилл), рус ва инглиз тилларида мавжуд.

Ҳурматли пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари! Биз ҳар куни дастур устида ишлаб, уни такомиллаштириш ва имкониятларини кенгайтириш ишларини давом эттирмоқдамиз. Агар бирор бир хато топсангиз ёки иловани такомиллаштириш бўйича таклифларингиз бўлса, илтимос, улар ҳақида Бош саҳифада жойлашган «Таклифлар» бўлими орқали бизга хабар беринг - ҳар бир мурожаат ўрганилади.

Барча янгиликлар

Text to speech