Жорий йилнинг 15 апрелида пойтахт ИИББ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида профилактик ҳисобга олинган, “Қизил тоифа”га киритилган ёшлар билан алоҳида ишлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш шаҳар ҳокими, прокурори, ДХХ Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳамда шаҳар ИИББ раҳбариятлари томонидан тасдиқланган қўшма дастурда белгиланган вазифаларнинг 2-босқичини амалга оширишга бағишланди. Унда ИИББ раҳбарияти, ҳамкор ташкилотлар масъул ходимлари қатнашишди. Йиғилганлар Дастурда белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш, самарасини ошириш хусусида ўзаро фикр алмашдилар.
Қайд этиш лозимки, Марказ фаолияти бир муддат ҳам тинмайди. Дастур асосида даргоҳга яна 35 нафар болалар қабул қилинди. Улар ИИББ Тиббиёт бўлими шифокорлари томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди ҳамда спорт, ҳарбий уст-бош кийимлари билан таъминланди. Уларнинг қалбига йўл топиш, тўғри йўлга солиш жараёнини тўлақонли олиб бориш мақсадида, амалиётчи психологлар ҳамкорлигида чуқурлаштирилган психодиагностика амалиёти ўтказилиб, ҳар бир тарбияланувчининг психологик портрети шакллантирилди.
Марказ тарбияланувчиларини ҳар томонлама камол топтириш борасида кенг қамровли ишларнинг олиб борилиши, уларнинг қизиқиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш муассаса масъулларининг ҳамиша диққат-эътиборида. Тарбияланувчиларнинг шаҳардаги ҳайвонот боғига ташрифи, уларда ҳайвонот оламига бўлган қизиқишини янада оширди, десак муболаға бўлмайди.
Дастурнинг 2-босқичида иштирок этаётган ушбу ўсмирлар кўплаб таассуротга эга бўлиши, ўз дунёқарашини ижобий тарафга ўзгартириши ва ватанига фидойи инсонлар бўлиб шаклланишига ишонамиз.