ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Бировнинг дўпписи тор келганда...

2023 йил 26 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида 1989 йилда туғилган У.Анварнинг жиноий қилмиши кўриб чиқилди ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3- қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.Мазкур жазо Анварга қайси қилмишлари учун берилгани ҳақида Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Исмоил Ғаффоров қуйидагиларни баён қилди.— Анвар муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик жинояти учун судланган бўлиб, бир йилга  ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган. Бироқ у бундан ўзига тегишли хулоса чиқармай 2022 йилда яна фирибгарликка қўл урди. Чунки, бировнинг дўпписини бировга кийдириб олаётган қарзлари космик тезликда юқорилаб бораётганди-да. Нимадир қилиш керак! Нима?! У ижтимоий тармоқлар орқали ўзини “катта бизнес” билан шуғулланишини, йирик бир савдога “атиги” 19.000.000 сўм етмаётгани, кимда ким қўллаб юборса, пулини икки ҳисса қилиб қайтариши ҳақида эълон киритади. Унинг макрига 1983 йилда туғилган Р.Аваз илинади. Улар 2022 йилнинг 19 декабрь куни телефон орқали танишиб, гапни бир жойга қўйгач, 20 декабрь куни қаҳвахонада учрашишади. Яна бир бор келишиб олингач – пул айтилган ҳиссаси билан 2023 йилнинг 5 январидан бир кун ҳам кечикмай қайтарилиши лозим – Аваз Анварга айтилган суммани беради. Ўз навбатида Анвар унга тилхат ёзиб, ҳар иккиси телефонларига нусха кўчириб олишиб, хайрлашишади. Анвар  олинган пулларнинг 10 миллионига ҳўл мева сотиб олиб, қолган 9 миллионини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Сотиб олинган мевалардан Яхшигина даромад қилади, бироқ топган даромадини ҳам ўз  манфаати йўлида ишлатади. Анвар Авазни ишонтириш мақсадида, 27 декабрь куни уни қаҳвахонага таклиф этиб, ишлари яхши кетаётгани, хамир учидан патир, дея унга 200 АҚШ долларини бериб, қолганини  айтилган муддатда беришга ишонтиради. Шу кетганича улар Учтепа тумани ИИО ФМБ Тергов бўлимида учрашишади. Тергов ишлари қонуний якунига етказилиб, фирибгар қандай жазога ҳукм қилингани эса ўзингизга маълум.

16 Ноябр 2024 йил

91

Тоғанинг миннати, жиянга қимматга тушди

Анчадан бери иш қидираётган Абдунаби тоғасининг олдига борди. Тоғаси автомобиллар ювиш шохобчасининг хўжайини бўла туриб, жиянининг бекорчи юрганига қарамай, бирон марта ишга таклиф қилмаганди. Ўзига қолса-ку икки дунёда ҳам хасисдан хасис, зиқнадан зиқна тоғасининг уйига қадам босмаган бўларди. Аммо онаси қистайвериб, ҳоли-жонига қўймади. Тоғаси Абдунабига икки соат насиҳат қилиб, обдон миясини қоқиб қўлига бергач, рози бўлди. Абдунаби унинг олдидан чиқиб кетаркан, "хайрият, бирон креслога ўтирғизишини сўрамапман, бор-йўғи машина ювишга шунчалик насиҳат...Ҳали топган бир сўмимниям миннат қилиб жонимни олар”, дея оғринди. Бошқа иш топгунча тишини-тишига қўйиб ишлаб туришга қарор қилди. Тоғасининг тирноқ ичидан кир қидиришини билган Абдунаби ишини виждонан, ҳалол бажара бошлади. 2023 йилнинг 12 июни куни ишга оёғи тортмади. Бироқ тоғасининг маломатидан, ортиқча ақл ўргатишидан безиган Абдунаби истар-истамас йўлга отланди. Битта автомашинани ювиб бўлар-бўлмас, тоғаси келди ва таъмирланаётган хонани айланиб чиқиб, чиқиндилардан тозалаб қўйишни буюриб кетди. Абдунаби бўш турган шериклари Жаҳонгир ва Фозилга тозалаб туришни айтганида Жаҳонгир: мен бу ерга ахлат тозалагани келмаганман, бунинг учун менга пул бермайди, деди. Фозил ҳам ўз ўрнида: нима менга пул берадими, деди. Иккиси гап талашиб бир оз вақт ўтмай муштлашиб кетишди. Бир-бирининг ёқасидан олиб дўппослашаётган шерикларини ажратмоқчи бўлган Абдунабининг иккисига кучи етмади. У қандай қилиб ошхона пичоғини олиб Фозилни босиб мушт тушираётган Жаҳонгирнинг орқа биқинига икки марта пичоқ санчиганини билмайди. Унинг додлаб биқинини ушлаганини кўргач, ҳушига  келди ва йўловчи машина тўхтатиб жабрдийдани касалхонага элтди.— Абдунабининг Жаҳонгирга етказган тан жароҳати  ҳаёт учун хавфли, оғир турдаги тан жароҳати туркумига  киради, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Муҳаммадризо Эшпўлатов. – Аслида пичоқни кўрсатиб, қўрқитишга уринганлигини айтган Абдунаби уни қандай қилиб санчиб олганини тушунтириб беролмади.Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида Д.Абдунабининг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги,  пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги эътиборга олиниб, мазкур кодекснинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

16 Ноябр 2024 йил

98

Фирибгарнинг баҳонаси

Ёшлигидан меҳнатда суяги қотмаган Шерзод улғайиб ҳам ишёқмас, дангасалигини ташламади. Кунлик ёлланма ишни ҳам қойиллатиб қўйган жойи йўқ. Фикри-зикри белини букмай пул топиш, топганини ўша куниёқ жиғилдонига уриш. Ҳар ким феъли, ниятига яраша олади, деганларидек, мўмай даромад топишни ният қилган Шерзод фирибгарликка қўл уриб 5 маротаба суднинг қора курсисига ўтиришига тўғри келди. Охирги қамалишида 2023 йили озодлик юзини кўрди. Бироқ бу ҳам унга сабоқ бўлмади. Орадан бир неча ой ўтиб, тавбасига таянмаган Шерзод, 2023 йилнинг август ойида телеграм мессенжеридаги “Талабаларга ижарага квартира” гуруҳига кириб, метронинг “Тошкент” бекатидаги кўп қаватли уйларнинг бирида, аслида мавжуд бўлмаган 2 хонали хонадонни 240 АҚШ долларига ижарага бериши ҳақида эълон киритди. Унинг қармоғига Х.Ашурали илинди. Шерзод бошланғич тўловига бир миллион сўм берса,  икки кундан сўнг хонани бўшатиб беришига ишонтирди. Ашурали  пули тайёрлигини айтди. Шерзод қаерга келиб, кимга пул бериб юборишини тушунтирди ва таниши Каримга бир одам ундан қарздорлигини, ҳозир вақти йўқлигини, айтилган манзилдан пулни келтириб беришини илтимос қилди. Карим келишилган жойда Ашурали билан учрашиб, бирон бир савол-жавобсиз пулни олди-ю, Шерзодга элтиб берди. Шерзод пулни олдиндан таниш-билишларидан олган қарзларига тўлайди. Ашурали икки кун ўтиб, ундан кейин ҳам Шеродга қўнғироқ қилиб уни топа олмайди. Алданганини билгач, Янгиҳаёт тумани ички ишлар органларига мурожаат этади.— Муқаддам беш маротаба фирибгарлиги учун судланган Шерзод маҳалла профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси томонидан таклиф қилинган бирор ишга бўйни ёр бермаган, – дейди Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Отамурод Турсунпўлатов, – Фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Шерзодга ҳалол меҳнат қилиш фикри бегона. Қилмишини эса “урмасам, сўкмасам, ўзлари ўз ихтиёрлари билан беришади, сўраб-суриштирмаса, айб мендамас”, деб оқлаганига нима дейсиз?!Жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт туман суди очиқ суд мажлисида Н.Шерзоднинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига тўла иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, енгилроқ жазо беришини сўраганлиги инобатга олиниб, Шерзод иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди.

16 Ноябр 2024 йил

93

Интерактив хизматлар

Text to speech