Миробод туманида рўй берган ЙТҲ ҳақида маълумот

Ижтимоий тармоқларда Миробод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида тарқаётган хабарлар бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз.

2020 йил 23 сентябрь куни тахминан соат 13.30 да Фарғона йўли ва Абдурауф Фитрат кўчалари кесишмасида 54 ёшли Равшан Н. Бошқарувидаги “УАЗ” русумли автомобиль (давлат рақами 01 371 LAA) светофорнинг тақиқловчи белгисига тўхтаган. Шу йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб келган “дельфин” рангли “Spark” русумли ҳозирча аниқланмаган автомобиль “УАЗ” автомобилига урилган. Тўқнашув оқибатида “УАЗ” автомобили ағдарилиб, қарама қарши йўналишда бўлган 35 ёшли Жанибек К. бошқарувидаги “Spark” автомобилига (давлат рақами 01 N 474 RA) тўқнашган. Шундан сўнг ҳодиса сабабчиси ЙТҲ жойини тарк этган.

ЙТҲ сабабли “УАЗ” автомобили ҳайдовчиси бадан шикастлари билан шифохонага етказилди. Йўл-транспорт ҳодисасининг тафсилотлари ўрганилмоқда, воқеа жойини тарк этган ҳайдовчи қидирувга эълон қилинган.

Ҳурматли йўл ҳаракати қатнашчилари! Вазиятдан фойдаланиб эслатиб ўтмоқчимизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 137 моддасига мувофиқ “Йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз баравари миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан икки йил муддатга маҳрум этишга ёхуд ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.”