Бошпанасиз инсонларга ёрдам қўлини чўзинг

Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари ходимлари, профилактика инспекторлари қиш кунларида турли сабабларга кўра кўчада қолган шахсларга ёрдам бериш тадбирларини давом эттирмоқдалар. 2021 йилнинг 6 январь куни кўчаларда, подъездларда ва кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида, теплотрассаларда ёрдамга муҳтож 24 киши топилди, 7 январь куни давомида эса яна 15 кишига ёрдам кўрсатилди. Уларнинг барчаси Тошкент шаҳар ИИББ Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази ҳузурида ташкил этилган “Меҳр саховат” уйига жойландилар. Мазкур марказда улар совуқ кунларни иссиқ шароитда, озиқ-овқат, тиббий ёрдам, иссиқ кийимлар билан ўтказиш имкониятига эга бўлишади. Қидирув ишларида пойтахтда яшовчи бефарқ бўлмаган шахслар кўчада кўриб қолган бошпанасиз одамлар ҳақида 71-281-90-32 рақамига хабар берган ҳолда кўмаклашмоқдалар.     

Айни вақтда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида икки юздан ортиқ одамлар бўлиб, уларнинг сони кун сайин ошиб бормоқда. Шу муносабат билан Марказ учун яроқлик муддати узоқ бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари (крупа, туз, шакар, ёғ ва ҳоказо), аёллар ва эркаклар кийимлари (айниқса устки кийим, оёқ кийимлар), гигиена воситалари (совун, шампунь, тиш пастаси ва шеткаси, тароқ, сочиқ, маиший воситалар) билан ёрдам бера оладиган кўнгиллилар ва бефарқ бўлмаган фуқароларнинг кўмаги муҳимдир.

Кўпинча инсоннинг кўчада қолишига сабаб моддий қийинчиликларга, ишга жойлашиш билан боғлиқ муаммоларга бориб тақалади. Шунинг учун Марказга келиб қолган одамларга ишга жойлашишда ёрдам кўрсатилиб, бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, ИИББ ходимлари Марказда яшовчиларнинг бўш вақтларини унумли ўтказиш мақсадида кичик кутубхона таклиф этишди. Марказ китоблар, стол ўйинлари, турли хил ижод буюмлари кўринишида ёрдам қабул қилишга тайёрдир. Шунингдек биз Марказда маданий тадбир, тренинг ташкил этмоқчи бўлган кўнгиллиларга ёрдам беришга тайёрмиз.

Марказда яшовчилар орасида алоҳида заиф қатлам мавжуд бўлиб, уларнинг ишга жойлашишлари ва тўлиқ ижтимоийлашишларининг саломатлик ҳолати сабабли иложи йўқдир. Ётоқдаги беморлар ҳамда ногиронлиги бўлган инсонлар дори-дармонга, тиббий техникага, катталар учун памперс, ортопедик мосламаларга муҳтождирлар. Агар мазкур йўналишда ёрдам бермоқчи бўлсангиз, Марказдан эҳтиёжлар рўйхати ҳақида маълумот олишингиз мумкин.   

Марказга тушиб қолган одамлар учун бир кило гуруч, ёғ, иссиқ куртка ва ботинкалар ҳеч қачон ортиқча бўлмайди. Шунга қарамасдан молиявий ёрдам қабул қилинмайди, шунинг учун ёрдам кўрсатмоқчи бўлсангиз – марказ ходимларига мурожаат қилиб, нима зарурлиги ҳақида қизиқиб кўринг.  

Қайд этиш лозимки, Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматига Марказга ёрдам бермоқчи бўлган фуқаролар тез-тез мурожаат қилишади, аммо уларга бошқа фаолларнинг ёрдами керак бўлади. Масалан, иссиқ кийимларни бермоқчи бўлган одамга, шу буюмларни олиб бориб берувчи кишининг ёрдами керак бўлади. Кўнгиллиларнинг сайъ-ҳаракатларини бирлаштириш мақсадида Facebook ва Telegram*да “Меҳр макони / Пристанище добра” гуруҳлари ташкил этилган, хуш келибсиз: 

https://www.facebook.com/groups/Mehrmakoni/

https://t.me/priyut_mehr

Марказдагиларга ёрдам бермоқчи бўлганларга манзилни эслатиб ўтамиз: Тошкент ш., Яшнобод тумани, «Панельный» массиви (Кўйлиқ), Чашма кўчаси (Баратхўжа), 3. Локация (харитадаги нуқта): https://goo.gl/maps/SCwyQxbLbf92

Алоқа учун телефон рақам: 71-281-90-32.

Турли сабабларга кўра қийинчиликда қолган одамларга ёрдам бериш ниятимизни қўллаб-қувватловчилар борлигидан хурсандмиз. Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази раҳбарияти ёрдам бераётган барчага миннатдорчилик билдиради.

Бефарқ бўлманг, бошпанасиз одамларга биз билан бирга ёрдам қўлини чўзинг!