Тошкент шаҳар ИИББ патруль-пост хизмати ходими ҳамён топиб, уни эгасига қайтариб берди

27 июнь куни тахминан соат 18.00 да Патруль-пост хизмати бригадаси 2-батальони 2-отряди ходими сафдор Бегзод Эргашев патруллаш давомида кўчадаги терминал ёнидан ўтаётиб, банкоматлардан бирида эркак кишининг ҳамёнини кўриб қолди. Банкомат хизматидан фойдаланганлардан бири ҳамёнини унутиб қолдирганлиги маълум бўлди.

Патруль-пост хизмати ҳамён ичида ҳужжат топа олмагач, унинг ўрнига банк карточкасини олиб банкга йўл олади. У ерда ўз телефон рақамини қолдириб, ҳамён эгаси боғланишини сўрайди.

Бугун эрталаб Бегзодга ҳамён эгаси – Анвар Ахмедалиевич қўнғироқ қилди. У ҳамёнини топишдан умиди узилганини тан олди ва банкадн қўнғироқ бўлганида жуда хурсанд бўлганини билдирди. Банк ходимлари унинг картаси ИИББ ходимида эканини айтиб, у билан боғланишни тавсия қилишди.

Анвар Ахмедалиевич бугун сафдор Б. Эргашев ва унинг командири капитан Иброҳимжон Қурбоналиев билан учрашиб, Бегзодга ва унинг бошлиғига миннатдорчилик билдирди.