Бефарқ бўлма, биз ҳаммаси учун жавобгармиз

Учтепа туманида “Хуросон”, “Қўрғонтепа” ва “Тепақўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда мазкур туман ИИО ФМБ ходимлари жиноятлар ва уларни содир этишга шароит яратадиган ҳолатлар ҳақида сўзлаб беришди. Хусусан, Учтепа тумани ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Б. Анваров ва 8-сон ИИБ бошлиғи подполковник Б. Чориев томонидан келтирилган мисолларда автомобиллар эгалари машина калитини ўтолдиргичда қолдиришлари, салонда сумка, ноутбук ва бошқа буюмларни қолдиришлари ғаразгўйлар жалб қилувчи омил бўлиши мумкинлиги айтиб ўтилди. Фуқароларга Миллий гвардия қўриқлаш хизмати билан шартнома тузиш тавсия қилиб, хизмат ҳақи кўп бўлмасада, ишончлилиги кафолатланганлиги қайд этилди. Учрашувда иштирок этган профилактика инспекторлари, қариндош ва танишлар ўртасидаги келишмовчиликлар мавзусини кўтаришди. Кўпинча жиноятларни содир этилишига қонуний даромаднинг йўқлиги, спиртли ичимликлар таъсири, қариндошлар, қўшнилар орасидаги келишмовчиликлар сабаб бўлиши қайд этилди. Ходимлар фуқароларни бефарқ бўлмасликка, аксинча, қўшниларга эътибор қаратиб, ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлашга чақиришди.