ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Яшнобод туманида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди

Яшнобод тумани “Арбаит” маҳалласида содир этилган талончилик жинояти муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирда ИИББ ЖТСБ бошлиғи подполковник Б.Анваров ва Яшнобод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари подполковник А.Нурматов ҳамда туман ИИБ масъул ходимлари, маҳалла фаоллари иштирок этишди.Йиғилишда ўзганинг мол-мулкини очиқдан-очиқ талон тарож қилиш билан боғлиқ талончилик жиноятининг муҳокамаси ўтказилди. Муҳокамада мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар борасида сўз юритилди. Маҳаллада келгусида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида “хонадонбай”, “оилабай” ва “фуқаробай” тизим, “хавфсиз ҳудуд” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

7 Сентябр 2024 йил

105

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда "Pepsi Music Fest 2024" мусиқа фестивалига келган фуқаролар жамоат тартибини бузаётганлиги акс этган видео тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Юнусобод туманида "Pepsi Music Fest 2024" мусиқа фестивалининг биринчи куни ўтказилди. Соат 18:00 дан 22:20 ларга қадар бўлиб ўтган тадбирда кўплаб мусиқа ихлосмандлари йиғилган. Бироқ улар орасида бир нечта фуқаролар жамоат тартибини бузиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан майда безорилик содир этганлар ҳам бўлди. ИИО ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида уларнинг шахси аниқланиб, 5 нафар вояга етмаганларнинг ота-онасига Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилди. Қолган фуқароларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.Шунингдек ўтказилган текширув жараёнида фуқаролар тан жароҳати олганлиги ҳақида хабар келиб тушмаганлигини маълум қиламиз. Ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраймиз. Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Ташкил этилган оммавий тадбирларда жамоат тартибини сақлашингизни, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний талабларини бажаришингизни сўраймиз.

7 Сентябр 2024 йил

1651

Шерикчилик тергов хонасида тугади

Пул ҳаммага керак. Уни топиш йўлида кимлардир эртаю кеч “жонини Жабборга бериб” тер тўкади. Кимлардир оиласи, ота-онаси,  туғилган юртини ташлаб бегона ўлкаларда “ит ётиш, мирза туриш” деганларидек, турли шароитларда ишлаб топишга уринади. Бугун сўзламоқчи бўлган воқеамиз “қаҳрамони” Дилмуродга ўхшаганлар эса текин даромад орттиришни хомхаёл қилиб бу йўлда турфа найранглар ўйлаб топишдан ҳузур қилишади. Дилмурод олий маълумотли, оилали, илгари судланмаган. Ҳаётга эзгу умидлар, гўзал ниятлар билан қадам қўйиш ўрнига ўйлаб топган ҳийласи кишини ўйлантиради. 2022 йилнинг май ойида Дилмурод курсдоши – бир дастурхондан нон еб, бир пиёлада чой ичган Нодирни учратиб қолди. У корхонада ўзи танлаган касби бўйича ишлаётган экан. Дилмуроднинг ғайирлиги келдими ёинки дипломи, касби бўла туриб бекорчи юрганидан хижолат тортибми, ўзини тадбиркорман деб таништирди. Ўз ёлғонига ўзи ҳам ишониб қолдими ёки режаси олдиндан пишитилганмиди, қўярда-қўймай уни шерикчиликка ундади. Аввалига Нодир кўнмади. Бироқ  олинадиган фойдадан фалон фоиз улуш тегишини ҳисоблаб – пулнинг ҳеч қачон ортиқчаси бўлмайди деб, курсдоши уни алдамаслигига ишониб, рози бўлди. Шундай қилиб Нодир тадбиркор дўстига 10.000 АҚШ долларини бериб, кейинги ойдан келадиган улушини кута бошлади. Бироқ Дилмурод ҳозирда ишлари юришмаётганлиги: келаси... келаси... келаси... ойда албатта юришиб кетишини айтиб ортга сураверди. Нодир  ички ишлар идораларига  мурожаат қилишини айтиб писанда қилганида ўзига тегишли хонадонни унга сотишини, олинган 10.000 АҚШ долларини бошланғич тўлов сифатида қабул қилишини, хонадон ҳужжатлаштириб берилгач, Нодир унга қўшимча 20.000 АҚШ долларини беришини таклиф қилди. Пулини ололмаслигига кўзи етган Нодир унинг бу найрангига ҳам лаққа тушди. Уйни расмийлаштириш ҳам келаси... келаси... келаси... ойларга қолдирилаверилгач, барибир нажот ички ишлар идораларидан келишига кўзи етиб уларга мурожаат қилди.– Тергов жараёнида Дилмурод олийгоҳда шунчаки диплом учун ўқигани, бу касбга умуман қизиқмаслиги, аслида оддий ошпаз бўлишни орзу қилганлигини, дипломли бўлгач эса ошпаз бўлиб ишлашга уялганини айтганида, иқтидорли, бироқ иродаси суст, ўзгалар фикри таъсирига тез берилувчанлиги учун унга ачиндим, – дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Жаҳонгир Умарходжаев. – Инсон аввало ўз юрагига қулоқ солиши керак. Ёмон муҳандис бўлгандан кўра, яхши  ишчи бўлган афзал эмасми? Қолаверса, ўзинг севган машғулотинг билан шуғуллансанг бу сенга завқ ва ҳаётингга мазмун бағишлайди.Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 1980 йилда туғилган Дилмуродни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан (“Фирибгарлик”) айбдор, деб топди. Айбдорнинг қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчига етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, муқаддам судланмаганлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

6 Сентябр 2024 йил

203

Ношукр талаба

Исломбек пойтахт олийгоҳларининг бирида 3-босқичда таълим олиб келаётганди. Яна бир йил ўқиса, тайёр дипломли мутахассис. Нуфузли бир корхона-ташкилотда ишлаши ёки ўзи бирор фирмага асос солиши, ўз шахсий ишхонасига эга бўлиши мумкин эди. Ҳарқалай келажагини яратиш ўз қўлида эди. Аммо ...   2023 йилнинг 2 май куни Мақсудга тегишли "Samsung А51” русумли уяли телефонини сотиб олди. Телефон аппаратидаги  “Clik” иловасига рухсатсиз, қонунга хилоф равишда кириб, унда икки шахсга тегишли: Халқ банки томонидан Абдурахимов ва Абдурахимовалар номига берилган пластик карталарга оид маълумотларни кўрди. Ўша куннинг ўзидаёқ оқибатини ўйламай 1.734.170 сўм пулни ечиб олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборди. Туни билан ухламади. Негаки,  иловадаги иккинчи шахсга тегишли пластик картадаги омонат унга тинчлик бермаётганди. Эртаси 3 май куни такроран иловага қонунга хилоф равишда кириб 734.360 сўм пулни ечиб олди.– Исломбек ўзига яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, бахтли келажагини таъминласа бўларди. Аммо унинг бузуқ нияти жиноят сари етаклади, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, майор Даврон Ёқубов. – Аксинча, олий маълумотли мутахассис бўлганида  пул топиш имкониятлари кўпроқ очиларди, афсуски сабри чидамади. Олийгоҳда ўқиш ҳар бир йигит-қизнинг орзуси. Исломбек эса бу қилмиши билан ўз оёғига ўзи болта урди.Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди томонидан 2000 йилда туғилган Исломбек Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларида назарда тутилган (“Ўғирлик”) жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилди ҳамда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

5 Сентябр 2024 йил

268

Интерактив хизматлар

Text to speech