Тезкор хабарлар

Ички ишлар органларига хусусий тадбиркор Умиджон А. мурожаат қилиб, 2018-йилнинг 20-август куни ундан 70 миллион сўмлик фарфор идишлар олиб, пулини бермаган Нафиса С.га нисбатан чора кўришни сўради. Маълум бўлишича, 55 ёшли уй бекаси идишларни сотиб, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Нафиса С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

***

Ички ишлар органларига 12-февраль куни соат 12.30 дан 15.30 гача бўлган вақт оралиғида Чилонзор туманида номаълум шахс 34 ёшли Жамолиддин Н.нинг хонадонига кириб, у ердан 20 минг АҚШ доллари ўғирлагани ҳақида хабар келиб тушди. Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми (“Ўғрилик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Тезкор-тергов тадбирлари давомида ИИББ ходимлари ушбу хонадонда яшовчи 32-ёшли Зилола Н. пулларни олиб, ўғирликни саҳналаштирганлигини аниқлашди. Шу муносабат билан ўғрилик факти бўйича жиноий иш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисмига (“Айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар”) асосан тўхтатилиб, Зилола Н.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 237-моддаси (“Ёлғон хабар бериш”) ва 238-моддаси (“Ёлғон гувоҳлик бериш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

***

12-март куни Юнусобод туманида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида (“Фирибгарлик”) кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун қидирувга эълон қилинган 36 ёшли Джахонгир А.ни қўлга олишди. Суд қўлга олинган шахсга нисбатан ҳибсга олиш чорасини қўллади.